Юртимизда туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида ўтказилган марафонда иштирокчилар Самарқанддаги 18 тарихий обида билан танишиш имкониятига эга бўлишди. Шунингдек, 3 кун давом этган тадбирда тасвирий санъат асарларининг тактил (қўл билан ушлаб ҳис қилиш мумкин бўлган) кўргазмаси, “Beat films” кинофестивали ва кўзи ожиз инсонлар учун тифлошарҳлаш (кўзи ожизлар учун маълумотни қабул қилиш имконини берувчи усул) ёрдамида спекталь саҳналаштирилди.
Марафоннинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Азиз Абдукахарович Абдуҳакимов сўзга чиқиб, қуйидаги фикрларни билдирди.
– Сир эмас, бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти аҳолининг барча қатламини соғлом турмуш тарзига фаол жалб қилишни ўзининг устувор йўналиши сифатида белгилаб олган. Бу бежиз эмас, негаки ҳар жиҳатдан соғлом инсон – узоқ ва мазмунли умр кечиради.
Аҳолини соғлом турмуш тарзига фаол жалб этишнинг энг оммалашган усулларидан бири – бу қисқа ва узоқ масофаларга оммавий югуриш мусобақалари бўлиб, бунда иштирокчиларни ёши чегараланмайди.
Инклюзия – бу бутун дунёда илгари сурилаётган ижтимоий концепция бўлиб, унга асосан, саломатлигидан қатъи назар, ҳар бир шахсга жамиятдаги моддий ва маънавий бойликлардан баҳраманд бўлиш ва ўзини намоён этиш имконияти берилиши лозим. «Samarkand Half Marathon» лойиҳасининг бош мақсади ҳам шу аслида.
Мазкур ярим марафонни ўтказиш учун бежизга Самарқанд шаҳри танланмади. Номоддий маданий меросимизнинг катта қисми айнан шу ҳудудда жамланган. Бироқ бу бойликлардан ҳамма ҳам бемалол фойдалана олмаётгани ҳам айни ҳақиқат. Самарқанд ярим марафони ташкилотчилари эса ушбу лойиҳа орқали дунё ҳамжамиятининг эътиборини инклюзия борасидаги муаммоларга қаратишни ўз олдига мақсад қилган.
«Samarkand Half Marathon» лойиҳаси орқали миллионлаб инсонлар мамлакатимизда соғлом турмуш тарзи тарғиботига, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга берилаётган эътибордан воқиф бўлишди. Қанчадан-қанча инсонлар хайрия марафонида иштирок этиш учун юртимизга ташриф буюришди.
Самарқанд шаҳрида илк маротаба ташкил этилаётган ушбу марафон мамлакат ижтимоий ҳаётидаги йирик ҳодиса бўлиб, у юртимизда маданий туризмни ривожлантиришга катта туртки беради. Бу шунчаки югуриш мусобақаси эмас, балки замонавий маданият, мусиқа ва таълим дастурларини ўзида мужассам этган улкан фестивалдир, – деди у ўз нутқида.
Қайд этиш лозим, қизғин ва муросасиз кечган мазкур марафоннинг 10 км масофага югуриш баҳсида 1-ўринни қозоғистонлик Дмитрий Иванчиков, 2-ўринни Ўзбекистон вакили Евгений Фадеев, 3-ўринни қозоғистонлик Михаил Красилов қўлга киритди. Ушбу масофада аёллар ўртасида кечган беллашувда1-ўринни қозоғистонлик Татьяна Миразрав, 2-ўринни Зарнигор Худойбердиева, 3-ўринни Марина Хмелевская эгаллади. Қайд этиш лозим, мазкур масофада 1-ўрин соҳибига 6 миллион, 2-ўринни эгаллаган спортчига 4 миллион ва 3-ўринни банд этган спортчига эса 3 миллион сўм мукофот пули тақдим этилди.
Изоҳ қолдириш