PricewaterhouseCoopers консалтинг компанияси томонидан ҳокимликлар вазифалари баҳоланди

PricewaterhouseCoopers консалтинг компанияси томонидан ҳокимликлар вазифалари баҳоланди

Аналитик ҳисобот PricewaterhouseCoopers (PwC) консалтинг компанияси томонидан БМТТД лойиҳасининг 5 та пилот ҳудудлари ҳокимликлари фаолиятининг функционал таҳлили натижалари асосида тайёрланган.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури, Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматларини тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш” қўшма лойиҳаси доирасида PricewaterhouseCoopers (PwC) консалтинг компанияси томонидан республикамизнинг 5 та пилот ҳудудлари Бахмал, Деҳқонобод, Сариосиё, Ховос туманлари ва Нурафшон шаҳар ҳокимликлари фаолиятининг функционал таҳлили ўтказилди.

Хулоса учун асослар

Туман ҳокимлиги фаолиятининг функционал таҳлили доирасида 23 нафар туман ҳокимликлари ва 10 нафар вилоят ҳокимликлари ходимлари билан суҳбат ўтказилди. Бу суҳбатларда ташкилий бўлимлар раҳбарлари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўйича ҳоким ўринбосарлари, ҳисобчилар, қурилиш ва архитектура бўлими мутахассислари ҳамда туман ва вилоят ҳокимликларининг бошқа раҳбарлари иштирок этди.

Бир вақтнинг ўзида аноним сўровномалар ҳам ўтказилди. Аноним онлайн-сўровларда иштирок этганларнинг умумий сони 188 кишини ташкил қилди (шундан 29%и аёллар), буларнинг 105 нафари туман ҳокимликлари ходимлари, 24 нафари вилоят ҳокимликлари ходимлари ва 59 нафари ҳокимлик хизматларидан фойдаланадиган ва ушбу туманларда истиқомат қилувчи шахслардир. Ушбу респондентлар орасида вазирликларнинг ҳудудий бошқармалари ва идоралар, хусусий сектор вакиллари, халқ депутатлари Кенгашлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳам иштирок этишган.

Ҳокимликлар томонидан давлат хизматларини кўрсатилиши

Туман ҳокимликларининг мавжуд ташкилий тузилмаси таҳлили шуни кўрсатадики, улар асосан ҳудудий ва тармоқ дастурларининг бажарилишини мониторинг ва назорат қилиш билан шуғулланадилар. Ҳокимликлар вазифаси келтириладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар (МҲҲ) сонининг кескин кўпайиши ҳам ҳокимликларга қўшимча вазифалар юклайди. Хусусан, 2015 йилда 563 та қабул қилинган МҲҲда ҳокимликларга у ёки бу каби вазифалар юклатилган бўлса, 2019 йилда бундай ҳужжатлар сони 1772 тага етди.

Расм. 1. Ҳокимликларга бевосита ёки билвосита вазифа юкловчи меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар сони

Туман ҳокимликларида штатлар сони 20-30 кишидан иборат бўлиб, уларнинг учдан бир қисми ҳокимнинг турли тармоқлар бўйича ўринбосарлари (фаолият йўналишлари бўйича 6-7 ҳоким ўринбосари) ва тўртдан бири маъмурий-бошқарув ходимларидир.

Туман ҳокимликлари томонидан давлат хизматларини кўрсатишдаги асосий муаммо ҳокимликларнинг аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатишни кўзда тутмайдиган корпоратив маданиятидир. Масалан, сўровномалар натижаларига кўра, 5 та туман ҳокимликлари ходимларидан бирортаси ҳам давлат хизмати нима эканлигини ва уни ким кўрсатиши кераклигини аниқ ва лўнда тушунтириб бера олмади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 13.09.2019 й. куни тасдиқланган 3181-сонли қарорига республикадаги туманлар аҳолисига кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхати илова қилинган бўлишига қарамай, бу рўйхат ушбу 5 та тажриба ҳудуди ҳокимликларининг бирортасида ҳам мавжуд эмас эди.

Ходимлар ва аҳоли ўртасида ўтказилган сўровномалар ҳамда суҳбатлар шуни кўрсатадики, туман ҳокимликларида давлат хизматларининг моҳияти, ҳудудлар аҳолисига хизмат кўрсатишда туман ҳокимликларининг ўрни тўғрисида тўлиқ тушунчанинг ўзи йўқ. Бундан, асосий муаммо ҳокимликлар ходимлари/тузилмаси аҳолига хизмат кўрсатиш ва тўлақонли давлат хизматларини кўрсатиш учун мослашмаган деган хулосага келишимиз мумкин.

Расм-2. Европа Иттифоқида муниципал ҳокимлик томонидан кўрсатиладиган хизматлар рўйхатидан намуналар

Сифатли ва тўлақонли давлат хизматларини кўрсатиш учун қуйидагилар таклиф этилади:

1. хизмат кўрсатиш бўлимларини яратиш асосида ҳокимликлар тузилмасини концептуал равишда ўзгартириш;

2. тўғридан-тўғри ҳокимликлар масъул бўлган давлат хизматлари рўйхатини расман тасдиқлаш (Европа Иттифоқи мисолида бундай хизматларнинг тахминий рўйхати 2-расмда келтирилган);

3. ҳокимликларга хусусий сектор томонидан давлат хизматларининг бир қисмини кўрсатиши тўғрисида тадбиркорлик субъектлари билан музокара ўтказиш ва шартномалар тузиш ҳуқуқини бериш;

4. аҳоли мурожатларини қабул қилиб, уларга жавоб бериш имконияти мавжуд бўлган тўлақонли веб-сайтни ишлаб чиқиш ва унда тегишли хизматлар тўғрисида етарли ахборотни тақдим этиш;

5. мижозлар билан муносабатларни бошқариш (CРМ) тизимини жорий этиш ва ҳокимликларнинг аҳолига хизмат кўрсатиш самарадорлигини баҳолаш учун умумий қабул қилинган самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичларини (KPI) ишлаб чиқиш.

Маҳаллий бошқарувни марказлашган тизимдан марказлашмаган тизимга ўтказиш ва Европа Иттифоқи мамлакатларининг тажрибаларини ҳисобга олган ҳолда ҳокимлик сиёсатига жиддий ўзгартиришлар киритган тарзда, унинг ташкилий тузилмасини концептуал тарзда батамом такомиллаштириш таклиф этилади. Ушбу тузилма бир вақтнинг ўзида вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлимларини ҳокимият таркибига қўшилиши орқали барча муҳим йўналишларда хизматлар кўрсатиш учун янги бўлимларни яратишни кўзда тутади. (Расм 3)

Расм-3. 5 та тажриба ҳудудда туман/шаҳар ҳокимликлари учун таклиф қилинадиган ташкилий тузилмаси

Ҳокимликларнинг ваколатлари ва вазифалари

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида маҳаллий давлат вакиллик ва ижроия ҳокимияти органларининг функциялари ва ваколатларининг аниқ тақсимоти мавжуд эмас. Ижроия ҳокимият ҳудудларни ривожлантиришнинг энг муҳим масалалари бўйича қарорлар қабул қилишда бошқа барча ҳокимият бўғинларидан устунлик қилади. Ижроия ҳокимиятнинг бундай устунлиги халқ депутатлари Кенгашларининг вакиллик вазифаларини етарли даражада бажармасликка олиб келди.

Шу сабабли, тегишли Кенгашлар фаолияти ва уларнинг қарорлари юридик кучга эга бўлишини кўзда тутувчи, вакиллик ҳокимияти органларининг ижроия ҳокимият органларидан мустақиллигини таъминлаш учун, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 102-моддаси ва “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 1-моддаларидаги масъулият, ваколат ва функцияларни аниқ белгилаш тўғрисидаги қисмига тегишли ўзгартиришлар киритиш таклиф этилади.

Барча даражадаги ҳокимларнинг тўғридан-тўғри сайловлари ўтказилмаслиги ҳам жуда муҳим масалалардан бўлиб қолмоқда, чунки бунинг оқибатида ҳокимларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлиги даражаси паст бўлмоқда. Ҳокимликларнинг фуқаролар ва маҳаллий вакиллик органлари олдидаги сайлов ва ҳисобдорлигининг йўқлиги маҳаллий ҳокимликларнинг мутлақ бошқарув ваколатларини кучайтиради. Ҳокимликлар фаолиятининг турли соҳаларидаги вазифаларини белгилаб берувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар (МҲҲ) сонининг кескин кўпайиши ҳам ҳокимликларга қўшимча вазифалар юклайди. Хусусан, ҳокимликларга жуда кўп вазифалар юклатилади, чунки қонун ҳужжатларидаги кўп ифода ва таърифлар, аксарият ҳолларда, яққол ифодаланмайди ва мавҳум мазмунга эга. Ҳокимият тақсимоти аниқ белгиланмагани сабабли ҳаддан ташқари ваколатлар ижро ҳокимияти (биринчи навбатда ҳокимликлар) қўлида тўпланиб қолган.

Шунинг учун вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг сайланиш тартибини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига (102 ва 103-моддалари), шунингдек, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига (1 ва 2-моддалари) тегишли ўзгартиришлар киритиш таклиф этилади.

Ҳокимликларнинг корхона ва тадбиркорлик субъектлари билан ҳакморлиги

Ҳокимликларга вазирлик ва идоралар маҳаллий бошқармаларининг ҳам бўйсуниши ва уларнинг функциялари такрорланишининг мавжудлиги кейинги ҳал қилиниши керак бўлган масаладир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 103 ва 104-моддалари ҳамда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасига мувофиқ, вилоят, туман ва шаҳар ҳокими ўз ваколатларини якка тартибда бошқариш тамойиллари асосида амалга оширади ва ўзи раҳбарлик қилган органларнинг қарорлари ва ҳаракатлари учун шахсий жавобгарликни ўз зиммасига олади. Бундан ташқари, ҳоким унга берилган ваколатлар доирасида тегишли ҳудуддаги барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар, шунингдек, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий бўлган қарорларни қабул қилади. Демак, бунда ҳокимликлар ва вазирликлар ва идораларнинг бошқармалари ўртасида функциялар ва ваколатларнинг такрорланиши мавжуд бўлиб, бу ҳамкорликни эмас, балки улар ўртасида ваколат ва молиявий ресурслар учун рақобатни кучайтиради.

Икки томонлама бўйсуниш вазирликлар ва идоралар бошқармалари вазифаларини белгилашни ва бўлимларнинг функциялари такрорланиши сабабли тегишли фаолият кўрсаткичларини аниқлашни жиддий равишда қийинлаштиради. Шунинг учун, 1-вариант сифатида, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг тегишли ҳудудларни яккаҳокимлик асосида бошқариш ваколатига эга бўлган ваколатларини бекор қилиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига (103 ва 104-моддалар) ўзгартириш киритиш таклиф этилмоқда. 2-вариантда вазирликлар ва идоралар бўлимларининг барча ваколатлари ва вазифаларини ҳокимиятга топшириш таклиф қилинади.

Расм-4. Туман ҳокимликларнинг бошка давлат органлари билан комплекс ижтимоий-иктисодий ривожланиш соҳалари доирасидаги ўзаро алоқаси

Жойлардаги мураккаб муаммоларни янада тезкор ҳал этиш учун ҳар бир туман (шаҳар) ҳудуди "секторлар" га бўлинган амалиёт жорий этилди. Туманларда 4 секторнинг мавжудлиги, аксинча, вақтинчалик чора ҳисобланади, чунки улар ушбу соҳалар учун масъул бўлган бошқа давлат ташкилотларининг функцияларини такрорлайди.

Шундай қилиб, Ҳукумат қабул қилган ҳужжатлар тадбиркорликни ривожлантириш, хусусан, тадбиркорлар учун жуда катта аҳамиятга эга бўлган масалалар, жумладан, ер участкаларини ажратиш, бинолар ва иншоотлар қуриш, бизнес юритишга рухсат олиш ва шу каби масалалар бўйича ҳокимликларга кенг ваколатларни тақдим этади. Ушбу ва бошқа масалаларда тадбиркорлар ҳокимлик ва бошқа давлат идоралари қарорларига боғлиқ бўлиб қолади. Қарорларни қабул қилиш ёки қабул қилмаслик, шунингдек уларни амалга ошириш, кўпинча муайян шахсларга боғлиқ бўлиб, бу эса коррупция учун замин яратади. Айни пайтда, ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун улкан салоҳият мавжуд. Бунга мисол қилиб, давлат-хусусий шериклик (ДХШ) тизимини кўрсатиш мумкин. 2019 йилда ДХШ тўғрисида қонун қабул қилинди, аммо ҳамкорликнинг ушбу тури, мактабгача таълим соҳаси бундан мустасно, туман даражасида амалда деярли қўлланилмайди.

Ҳокимликларнинг тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлигини кучайтириш учун қуйидагилар таклиф этилади:

1) муайян хизматлар кўрсатиш ваколатини ташқи ижрочиларга ўтказиш: ҳокимлик фаолияти учун муҳим бўлмаган ёки хусусий сектор томонидан тақдим этилиши мумкин бўлган хизматларни аутсорсинг қилиш. Масалан, инфратузилма объектларини қуриш, улардан фойдаланиш ва уларга (йўллар, жамоат транспортлари, парк ва хиёбонлар) техник хизмат кўрсатиш, коммунал хизматларни (чиқинди йиғиш, дренаж тизимини ишлатиш ва техник хизмат кўрсатиш, канализация ва суғоришни бошқариш) кўрсатиш;

2) ҳудуднинг ўта муҳим ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилишда ДХШдан фойдаланиш. Хусусий ташкилотлар орқали инфратузилма ва коммунал хизматларни кўрсатиш учун ДХШдан фойдаланиш;

3) ДХШ муносабатларини тартибга солиш бўйича алоҳида қонуности ҳужжатларини ишлаб чиқиш, бунда давлат томонидан шерик сифатида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳаракат қилишини кўзда тутиш (бундай ҳаракатда ДХШ ва хўжалик юритувчи жамиятларни ташкил этиш масалаларида ҳокимликлар ва бошқа давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқий субъект сифатидаги ҳаракатлари ва ваколатларини аниқлаштириб олиш зарур ва буларнинг ягона мақсади ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш бўлиши лозим); бундай хўжалик юритувчи жамиятларнинг рухсат этилган ташкилий-ҳуқуқий шакллари доирасига аниқ ҳуқуқий таъриф бериш ва мулк ҳуқуқининг ўтказилишидан келиб чиқадиган ҳуқуқий низоларни ҳал қилиш зарур; шунингдек, давлат даражасида ДХШ инновацион лойиҳаларини амалга ошириш учун нодавлат нотижорат ташкилотларидан (ННТ) фойдаланиш механизмларини белгилаш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса

Биринчидан, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлимларнинг икки томонлама буйсунишини бекор қилиниши, хокимликларнинг мажбуриятлари ва ҳуқуқларини яхшироқ тушуниш, шунингдек идоралараро рақобатни йўқотиш ва функцияларнинг такрорланишини бартараф этиш орқали ушбу ташкилотларнинг институционал самарадорлигини таъминлашга эришилади.

Иккинчидан, вакиллик ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг бир-биридан ажратилиши ҳокимликларнинг Кенгашлар олдидаги ҳисобдорлигини таъминлайди, бу ҳудудлар ва республика даражадаги ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини тиклашга кўмаклашади.

Учинчидан, ДХШ лойиҳаларни кенг тадбиқ қилиниши, хусусий секторни муҳим ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда иштирокини таъминлайди, ташаббусларни рағбатлантиради ва маҳаллий салоҳиятни ривожлантиришга имконият яратади. Шунингдек, ДХШ лойиҳалари давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, коррупция хавф-хатарини камайтириш ва маҳаллий ҳокимият органларининг хўжалик бирлашмалари фаолиятига ортиқча аралашишни бартараф этиш имконини беради.

Орзимурод Ғайбуллаев, Олимжон Акулов, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури ва Европа Иттифоқининг “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматларини тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш” қўшма лойиҳаси

Мамлакатда/ Давлат бошқаруви

Экономическое обозрение №12 (250) 2020


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар