Инфографика: 2021 йилда Ўзбекистонда имтиёзли ипотека кредити

Инфографика: 2021 йилда Ўзбекистонда имтиёзли ипотека кредити

Уй-жойлар қурилиши учун давлат томонидан ҳам аҳолига, ҳам қурувчиларга катта имтиёзлар берилмоқда. Жумладан, жорий йилда ипотека кредити бўйича 6 ойлик имтиёзли давр киритилади. Шаҳарларда дастлабки бадал миқдори 20 фоиздан 15 фоизга туширилади.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 октябрдаги қарорига кўра, қишлоқларда, 22 ноябрдаги қарори билан эса шаҳарларда арзон уй-жойлар қуриш бўйича дастурлар қабул қилинди. Улар асосида, ўтган тўрт йилда 140 мингта уй-жой барпо этилди. Йилига қурилган уйларнинг ўртача сони таққосланганда, бу аввалги даврдаги кўрсаткичдан 4-5 баравар кўпдир.

Фуқароларга якка тартибда уй қуриш ва реконструкция қилиш учун ҳам кредит ажратилиши белгиланди. Бундай кредитлар 20 йилга ажратилади, эҳтиёжманд аҳоли учун фоизнинг бир қисми субсидия сифатида тўлаб берилади. Молия вазирлигига ушбу йўналиш учун 1,5 триллион сўм ресурс ажратиш, вилоят ҳокимларига қайси туманда қанча оилага кўмак бериш масаласини ҳал этиш вазифаси қўйилди.

Паст даромадли, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга 15 фоизлик дастлабки бадалнинг 10 фоизи субсидия сифатида тўлаб берилади. Яъни, аҳоли уй олиш учун дастлабки бадалнинг 5 фоизини тўлайди, холос.

Кредит олган аҳоли учун фоиз тўловларининг Тошкент шаҳрида 12 фоизи, бошқа ҳудудларда 10 фоизидан юқори қисмига субсидия берилади.

Шунингдек, қурувчи ташкилотларга пандемия даврида берилган имтиёзлар жорий йил якунигача узайтирилиши маълум қилинди. Жумладан, Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан қурувчи ташкилотларга уй-жой қуриш учун жалб қилган кредитлар бўйича 20 миллиард сўмгача кафиллик ҳамда Марказий банк асосий ставкасидан ошган қисмига компенсация берилади.

Оғир турмуш шароитидаги оилалар ижтимоий ижара асосида уй билан таъминланади. Бунинг учун ҳудудларга мингта квартира сотиб олиш учун маблағ ажратилади.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар