Ташрифлар тарихи
Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг янги босқичи Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 30 сентябрь-1 октябрь кунлари Ҳиндистонга амалга оширган давлат ташрифидан сўнг бошланди. Музокаралар якунлари бўйича савдо ва инвестициялар, фармацевтика, туризм, қишлоқ хўжалиги, фан ва технологиялар, соғлиқни сақлаш, космос ҳамда бошқа йўналишларда 20 та ҳужжат имзоланди. Шунингдек, Ўзбекистон–Ҳиндистон ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш ва икки мамлакат ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди.
2019 йил январь ойида Ўзбекистон Президенти Ҳиндистонга амалий ташриф билан борди ва фахрий меҳмон сифатида “Vibrant Gujarat” халқаро инвестиция саммитида иштирок этди. Бош вазир Нарендра Моди билан учрашувда 2018 йилги давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалий рўёбга чиқаришга асосий эътибор қаратилди. Хусусан, томонлар ахборот технологиялари, фармацевтика, таълим ва инфратузилма йўналишларидаги лойиҳаларни илгари сурдилар, шунингдек, Ўзбекистон уранини Ҳиндистонга узоқ муддатли етказиб бериш тўғрисидаги битимни алмашдилар.
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди 2016 йил июнь ойида Тошкентдаги ШҲТ саммитида ва 2022 йил сентябрь ойида Самарқанддаги ШҲТ саммитида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрди. 2020 йил декабрь ойида Ўзбекистон Президенти ва Ҳиндистон Бош вазирининг виртуал саммити бўлиб ўтди. 2022 йил январь ойида Ўзбекистон Президенти онлайн шаклда ўтказилган биринчи “Ҳиндистон – Марказий Осиё” саммитида иштирок этди.
Кейинги йилларда олий даражадаги фаол мулоқот халқаро майдонларда давом этди. Ўзбекистон Президенти ва Ҳиндистон Бош вазири 2023 йил декабрь ойида Дубайда COP-28 доирасида, 2024 йил 23 октябрда Қозон шаҳридаги БРИКС саммити ҳамда 2025 йил сентябрь ойида Тяньцзиндаги ШҲТ саммити доирасида учрашувлар ўтказдилар.
Шу тариқа, Ўзбекистон–Ҳиндистон олий даражадаги мулоқоти мунтазам хусусият касб этиб, ўзаро ташрифлар, шунингдек, ШҲТ ва БРИКС доирасида ривожланиб бормоқда. Муносабатларнинг асосини савдо ва инвестициялар, саноат кооперацияси, фармацевтика, рақамли технологиялар, энергетика, транспорт, таълим ва маданий-гуманитар алоқаларни қамраб олган стратегик шериклик ташкил этади.
Бундан ташқари, Ҳиндистон–Ўзбекистон савдо-иқтисодий, илмий ва технологик ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссияси фаолият юритмоқда. Унинг 14-йиғилиши 2026 йил 19 июнь куни бўлиб ўтди.
Томонлар уч йил ичида ўзаро савдо ҳажмини икки баробар оширишни мақсад қилган. Шунингдек, нотариф тўсиқларни бартараф этиш, стандартларни ўзаро тан олиш, сертификатлаш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, божхона маълумотларини рақамли алмашиш ҳамда тўлов инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Ўзаро савдо кўрсаткичлари
Мамлакатлар ўртасида савдода энг кўп қулайлик бериш режими амал қилади.
2017–2025 йилларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги товар айланмаси 4 баробар ошиб, 324,9 млн доллардан 1,3 млрд долларга етди. Ўзбекистон экспорти 4,9 баробар ўсиб, 33,8 млн доллардан 164,8 млн долларга, Ҳиндистондан импорт эса қарийб 4 баробар ошиб, 291,1 млн доллардан 1,15 млрд долларга етди.
Ушбу даврда Ҳиндистоннинг Ўзбекистон ташқи савдосидаги улуши ҳам ошди. Умумий товар айланмасидаги улуши 1,2%дан 1,6%га, экспортда 0,2%дан 0,5%га, импортда 2,2%дан 2,4%га етди.
Ҳиндистонга экспорт таркибида (164,8 млн доллар) асосий улушни хизматлар (автомобиль транспорти, шахсий сафарлар ва суғурта хизматлари) 37,5% (61,7 млн доллар) ҳамда кимё маҳсулотлари (радиоактив кимёвий элементлар, ўғитлар) 33,3% (54,8 млн доллар) ташкил этади. Шунингдек, турли тайёр маҳсулотлар (заргарлик буюмлари) 13% (21,4 млн доллар), саноат товарлари (мис қувурлар, нодир металлар) 11% (18,2 млн доллар), ноозиқ-овқат хомашёси (шеллак, толали масса) 2,9% (4,8 млн доллар), озиқ-овқат маҳсулотлари (дуккакли сабзавотлар ва қуритилган мевалар) 2,1%ни (3,4 млн доллар) ташкил этади.
Ҳиндистондан импорт таркибида (1 153,1 млн доллар) кимё маҳсулотлари (дори воситалари, бўёқлар ва бошқалар) устун бўлиб, уларнинг улуши 36%ни (415,3 млн доллар) ташкил этади. Озиқ-овқат маҳсулотлари (гўшт маҳсулотлари) 27% (311 млн доллар), машина ва транспорт ускуналари ҳамда электротехника товарлари 26,6% (306,5 млн доллар) ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, турли тайёр маҳсулотлар 3,9% (44,7 млн доллар), саноат товарлари 3,7% (43,2 млн доллар), тамаки ва ноозиқ-овқат хомашёси 1,5% (17,4 млн доллар), хизматлар (транспорт ва компьютер хизматлари) 1,2%ни (13,7 млн доллар) ташкил этади.
Инвестициявий ҳамкорлик
2026 йил август ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Ҳиндистон капитали иштирокидаги 439 та корхона фаолият юритмоқда. Шундан 89 таси қўшма корхона, 350 таси эса 100% Ҳиндистон капитали иштирокидаги корхоналардир. Таққослаш учун, 2017–2018 йилларда бундай корхоналар сони қарийб 100 тани ташкил этган. Бу Ҳиндистон бизнесининг Ўзбекистондаги иштироки сезиларли даражада кенгайганини кўрсатади.
2025 йилда Ҳиндистондан жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми 247 млн долларни ташкил этди. Умуман, 2016–2025 йилларда Ҳиндистондан жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларнинг жами ҳажми қарийб 587 млн долларга етди. Фақат 2025 йил ҳиссасига кўриб чиқилаётган даврда жалб қилинган Ҳиндистон инвестициялари ва кредитларининг қарийб 42%и тўғри келди. Бу, шунингдек, Жанубий Осиё мамлакатлари орасида инвестициялар бўйича энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Ҳиндистон капитали ва қўшма лойиҳалар, аввало, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш, кимё саноати, металлургия ва тоғ-кон саноати, машинасозлик, энергетика ва рақамли инфратузилма, шунингдек, агросаноат мажмуасида жамланган. Ушбу йўналишлар томонлар томонидан инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш учун устувор соҳалар сифатида кўриб чиқилмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш