Беларус билан келишувлар ижроси
15 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев Беларусга ташриф давомида ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича эришилган келишувлар ижросига доир тақдимот билан танишди. Давлатимиз раҳбарининг 8-9 июль кунлари Беларусга амалга оширилган расмий ташрифи чоғида ўзаро савдо ҳажмини 2 млрд. долларга етказиш, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик, ёғочни қайта ишлаш ва тиббиёт соҳаларида умумий қиймати 2 млрд. долларлик 310 та лойиҳа ва чора-тадбирни рўёбга чиқариш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
Беларусда инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш учун таклиф этилаётган саноат объектлари, давлат мулки ва кенг қишлоқ хўжалиги ерлари мавжуд. Мамлакат ҳудудининг 40 фоизини ёки 8 млн. гектарини қишлоқ хўжалиги майдонлари ташкил этади. Бу имкониятлар қўшма ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш, аграр кооперацияни ривожлантириш, тадбиркорлик алоқаларини кенгайтириш ҳамда фуқароларни ташкилий асосда иш билан таъминлаш учун мустаҳкам замин яратади. Шу муносабат билан тақдимот чоғида Беларусда ишлаш ёки бизнес юритиш истагидаги фуқаролар ва тадбиркорлар рўйхатини шакллантириб, Беларус томони билан олдиндан келишиб, иш жойи, яшаш шароити, лойиҳа учун зарур бино ва ер масалаларини ҳал этган ҳолда уларнинг боришини ташкил қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Тақдимотда Андижон ва Витебск вилоятлари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида бажарилган ишлар ҳақида ахборот берилди. Икки ҳудуд ўртасида “йўл харитаси” тасдиқланиб, аниқ ташаббусларни рўёбга чиқариш бошланган. Жумладан, 255 нафар Андижон вилояти фуқаросининг ташкилий асосда Витебскка бориши ва бандлиги таъминланди. Шунингдек, 11 та чорвачилик мажмуаси негизида янги лойиҳаларни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди. Уларнинг ҳар бири 200 бошдан 3 минг бошгача қорамол парваришлаш имкониятига ҳамда етарли озуқа майдонларига эга.
Умуман, Витебск ва Беларуснинг бошқа вилоятларида чорвачилик, ёғочни қайта ишлаш, логистика, савдо ва хизмат кўрсатиш йўналишларида умумий қиймати 100 млн. доллардан зиёд бўлган 30 та янги лойиҳа пакети шакллантирилди. Хусусан, 3 минг бош қорамолга мўлжалланган йирик сутчилик мажмуаси, бир қатор ўрта ҳажмдаги чорвачилик хўжаликлари, ёғочни чуқур қайта ишлаш ва унинг чиқиндиларидан пеллет[1] ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш режалаштирилган.
Президентимиз Андижон ва Витебск вилоятлари ўртасида шаклланган ҳамкорлик моделини бошқа ҳудудлар кесимида ҳам ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди. Хусусан, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Тошкент, Фарғона ва Самарқанд вилоятлари Беларуснинг Витебск, Могилёв, Гродно, Гомель ва Брест вилоятларига бириктирилади.
Ўзаро савдони жадаллаштириш ва юк ташиш харажатларини камайтириш мақсадида замонавий логистика инфратузилмасини барпо этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Йил якунига қадар “Беларус темир йўллари” билан ҳамкорликда Витебск вилоятидаги Орша станциясида экспорт-импорт юклари учун мақбул тарифлар асосида хизмат кўрсатадиган интермодал логистика марказини ишга тушириш белгиланди. Бундан ташқари, Беларус компаниялари билан ҳамкорликда икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри блок-поездлар қатновини йўлга қўйиш вазифаси қўйилди.
Фуқароларни ташкилий тартибда ишга жойлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Биринчи босқичда Витебск ва бошқа ҳудудлардаги 13 та корхонага 1 100 нафар Ўзбекистон фуқаросини танлов асосида ишга жойлаштириш режалаштирилган. Сентябрь ойидан бошлаб ҳар ойда 500 нафардан, жами 5 минг нафар андижонликни Витебск вилоятида доимий иш билан таъминлаш кўзда тутилган. Бунинг учун Витебск шаҳрида Миграция агентлиги ваколатхонаси очилади.
Қирғизистонга давлат ташрифи
30 июль – 1 август кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Қирғизистонда бўлди. Чўлпонота шаҳридаги “Руҳ Ордо” маданият марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан музокаралари бўлиб ўтди. Ўзбекистон – Қирғизистон ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари бугунги кунда Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари ҳар қачонгидан ҳам юксак даражага кўтарилганини алоҳида таъкидлади. Музокаралар давомида томонлар парламентлар, ҳукуматлар, вазирлик, идора ва ҳудудлар, ишбилармон доиралар ва экспертлар даражасидаги фаол алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар. Давлатлараро кенгаш тузишга қарор қилинди. Устувор йўналишларда саноат кооперациясини чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф арафасида бўлиб ўтган бизнес форуми доирасида янги савдо шартномалари ва инвестиция келишувларининг тўплами қабул қилинди. Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик стратегик йўналиш сифатида белгиланди. Қамбарота ГЭС-1 қурилиши лойиҳаси бўйича битимни имкон қадар тезроқ имзолаб, уни амалий босқичга ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш бўйича амалга оширилаётган йирик лойиҳанинг жорий ҳолати юзасидан фикр алмашилди. Транспорт соҳасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш мақсадида мазкур темир йўл бўйлаб чегараолди ва савдо-логистика инфратузилмасини ривожлантириш, рухсат бериш тартиб-таомилларини рақамлаштириш, автоташувчилар учун қулай шароитлар яратишга келишиб олинди.
Икки мамлакат ҳудудлари савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ўсиш нуқталари экани таъкидланди. Бу борада жорий йил якунига қадар барча вилоятлар иштирокида биринчи ҳудудлар форуми ўтказилади. Маданият, ёшлар, туризм, таълим, илм-фан ва спорт соҳаларидаги фаол алмашинувларни давом эттиришга тайёрлик тасдиқланди.
Олий даражадаги музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзоладилар. Икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида бошқа қўшма ҳужжатлар ҳам қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни I даражали “Манас” ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Қирғиз Республикасининг юксак мукофотини давлатимиз раҳбарига Президент Садир Жапаров топширди.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти ушбу ташриф давомида Қирғизистон Республикасининг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди. Тадбирда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам қатнашдилар.
“Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида илгари тарқоқ бўлган Марказий Осиё бугунги кунда тараққиётнинг умумий мақсадлари йўлида бирлашмоқда”, – деди Президентимиз учрашувдаги ўз нутқида.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича ўз нуқтаи назарини баён қилиб, минтақанинг халқаро субъект сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш учун давлатлараро ташкилотлар ва “Марказий Осиё плюс” форматлари доирасида ўзаро мувофиқлаштирувни кучайтириш лозимлигини қайд этди. Саммит якунида Чўлпонота декларацияси қабул қилинди.
АҚШ билан ишончга асосланган мулоқот
7 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Суҳбат аввалида Ўзбекистон раҳбари Дональд Трампни АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги билан яна бир бор табриклади. Президент Трамп, ўз навбатида, Ўзбекистон-Америка муносабатлари мисли кўрилмаган даражага етганини ҳамда икки мамлакат етакчилари ўртасида ишончга асосланган яқин мулоқот ўрнатилганини таъкидлади.
Ўзаро ҳамкорликнинг деярли барча йўналишларини қамраб олган икки томонлама мулоқот ва алмашинувларнинг жадал суръатига юқори баҳо берилди. Олий даражада эришилган барча келишувларнинг изчил амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилиб, стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Уч йиллик иқтисодий ҳамкорлик дастури изчил амалга оширилмоқда. Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Ўзбекистон ҳудудлари ва Америка штатлари ўртасидаги ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. АҚШ фуқаролари учун визасиз тартиб жорий этилгани ишбилармонлик алоқаларининг фаоллашувига хизмат қилмоқда. Фуқаро авиацияси, автомобилсозлик, тоғ-кон саноати, инфратузилма, энергетика, металлургия, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Халқаро аҳамиятга молик масалалар муҳокама қилинар экан, глобал хавфсизликни таъминлаш, халқаро ва минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳим экани таъкидланди. Суҳбат якунида Президент Шавкат Мирзиёев Президент Дональд Трампга ўзи учун қулай вақтда расмий ташриф билан мамлакатимизга келишни таклиф қилди.
ХВЖнинг Ўзбекистон бўйича эксперт хулосаси
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан 2026 йил июнь ойида бўлиб ўтган ХВЖ маслаҳатлашувлари якунлари таҳлил қилинди. ХВЖ экспертларининг фикрига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор юқори ўсиш суръатларини намойиш этмоқда. ХВЖ баҳолашича, 2025 йилда Ўзбекистоннинг реал ЯИМи 7,7 фоизга ўсган, 2026 йилнинг биринчи чорагида эса ўсиш йиллик ҳисобда 8,7 фоизгача тезлашган. Юқори иқтисодий фаоллик барқарор ички талаб, инвестициялар ўсиши ва давом этаётган бозор ислоҳотлари билан қўллаб-қувватланмоқда. Шу билан бирга, камбағаллик ва ишсизлик даражасининг янада пасайгани кузатилмоқда.
Инфляция пасайишда давом этмоқда. 2024 йилги энергетика ислоҳоти туфайли инфляция вақтинча тезлашганидан сўнг, нархларнинг ўсиш суръатлари босқичма-босқич секинлашмоқда. 2026 йил апрель ойида йиллик инфляция 7,0 фоизгача пасайди, 2027 йил якунига бориб эса Марказий банкнинг 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичларга эришилиши кутилмоқда. Қатъий пул-кредит сиёсатини сақлаб қолиш барқарор дезинфляциянинг зарур шарти бўлиб қолаверади.
Давлат молияси ҳолати яхшиланмоқда. Консолидациялашган бюджет тақчиллиги 2024 йилдаги ЯИМнинг 3,0 фоизидан 2025 йилда ЯИМнинг 2,1 фоизигача қисқарди. Бюджет кўрсаткичларининг яхшиланиши юқори иқтисодий ўсиш, солиқ тушумларининг кўпайиши ва жаҳон олтин бозоридаги қулай конъюнктура ҳисобига таъминланди. 2026 йилда бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 1,5 фоизи миқдорида бўлиши прогноз қилинмоқда, давлат қарзи эса ЯИМнинг қарийб 28 фоизи атрофида сақланиб қолади, бу халқаро мезонлардан сезиларли даражада пастдир.
Иқтисодиётнинг ташқи барқарорлиги мустаҳкамланмоқда. Жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги 2024 йилдаги ЯИМнинг 4,7 фоизига нисбатан 2025 йилда ЯИМнинг 3,9 фоизигача қисқарди. Ушбу яхшиланишнинг асосий омиллари жаҳон олтин нархларининг юқорилиги, нохомашё экспортнинг ўсиши ва меҳнат мигрантларининг барқарор пул ўтказмалари бўлди. Халқаро захиралар қулай даражада сақланиб қолмоқда ва ХВЖ прогнозларига кўра, импортнинг 12 ойдан зиёд қисмини қоплайди.
Иқтисодиёт қулай истиқболларни сақлаб қолмоқда. ХВЖ 2026 йилда иқтисодиётнинг 6,8 фоизга ва 2027 йилда 6,0 фоизга ўсишини башорат қилмоқда. Жамғарма прогнозларига кўра, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ 2025 йилдаги 3,8 минг доллардан 2027 йилга бориб деярли 5 минг долларга ошади. Хусусий истеъмол, инвестициялар, таркибий ислоҳотлар ва хусусий секторни ривожлантириш ўсишнинг асосий драйверлари бўлиб қолади.
ХВЖ бир қатор хавф омилларига ҳам эътибор қаратмоқда.
Ташқи хавфлар: глобал иқтисодий конъюнктуранинг ёмонлашуви; геосиёсий тарангликнинг кучайиши; экспортга ташқи талабнинг пасайиши; халқаро молиялаштириш шартларининг эҳтимолий кескинлашуви.
Ички хавфлар: ХВЖ иқтисодиётнинг ҳаддан ташқари “қизиб” кетишини кучайтириши мумкин бўлган омилларни чеклаш зарурлигини таъкидлайди: бюджет харажатларининг режалаштирилган даражадан ортиқ ўсиши; имтиёзли ва директив кредитлаш кўламининг сақланиб қолиши; таркибий ислоҳотларнинг секинлашиши.
ХВЖнинг хулоса ва тавсиялари
Бюджет интизомини сақлаб қолиш. ХВЖ харажатларни кенгайтириш учун эмас, балки молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш учун қўшимча бюджет даромадларидан фойдаланишни тавсия этади. Узоқ муддатли истиқболда – бюджет қоидаларини кучайтириш ва давлат харажатларининг хомашё даромадлари тебранишларига боғлиқлигини камайтириш лозим.
Қатъий пул-кредит сиёсатини давом эттириш. Юқори ички фаолликни ҳисобга олган ҳолда, ХВЖ инфляция мақсадли кўрсаткичда тўлиқ мустаҳкамлангунига қадар чекловчи пул-кредит сиёсатини сақлаб қолишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди. Инфляцион таргетлаш режимини янада ривожлантириш ва валюта курсининг мослашувчанлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Банк секторини мустаҳкамлаш. Жамғарма давлат банкларини хусусийлаштиришни жадаллаштириш, кредит рискларини баҳолаш сифатини ошириш, директив кредитлаш ҳажмини қисқартириш ва Марказий банкнинг мустақиллигини таъминлашни тавсия этади. ХВЖ фикрича, бу молиявий ресурслар тақсимоти самарадорлигини ошириш ва потенциал фискал рискларни камайтириш имконини беради.
Таркибий ислоҳотларни жадаллаштириш. Давлат корхоналарини ислоҳ қилиш, корпоратив бошқарув сифатини ошириш, рақобат муҳитини ривожлантириш, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини якунлаш, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш устувор вазифалар сифатида белгиланган. Ушбу чора-тадбирлар маҳсулдорликни ошириш ва хусусий инвестицияларни кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Меҳнат бозорини ривожлантириш ва инсон капиталини ошириш. ХВЖ аёллар ва ёшларнинг иқтисодий фаоллигини кучайтириш, норасмий бандликни қисқартириш, ишчи кучининг малакасини ошириш ҳамда кўникмаларнинг таркибий тақчиллигини бартараф этиш зарурлигини қайд этади.
Евроосиё тараққиёт банки Ўзбекистон иқтисодиёти ҳақида
Евроосиё тараққиёт банкининг (ЕОТБ) “2026–2028 йиллар учун макроиқтисодий прогноз” номли ҳисоботида жаҳон иқтисодиёти ва Евроосиё минтақаси мамлакатларининг (Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон) истиқболлари кўриб чиқилган.
ЕОТБ прогнозига кўра, жаҳон иқтисодиётининг ўсиши 2025 йилдаги 2,9 фоиздан 2026 йилда 2,5 фоизгача секинлашади. Энг сезиларли секинлашиш еврозонада кутилмоқда, у ерда ЯИМ ўсиши 1,4 фоиздан 0,9 фоизгача пасаяди. АҚШ иқтисодиёти 1,7 фоизга, Хитой иқтисодиёти эса 4,6 фоизга ўсади. ЕОТБ операцияларини амалга оширувчи мамлакатлар ўсишнинг ижобий динамикасини сақлаб қолади.
Банк операциялари амал қиладиган мамлакатларнинг жами ЯИМи 2026 йилда 2 фоизга кўпаяди, унинг ҳажми эса 3,5 трлн. доллардан ошади. Энг юқори ўсиш суръатлари Қирғиз Республикасида – 10,2 фоиз, Тожикистонда – 8,3 фоиз ва Ўзбекистонда – 7,9 фоиз бўлиши кутилмоқда. Арманистон иқтисодиёти 6 фоизга, Қозоғистон – 5,5 фоизга, Россия – 1 фоизга, Беларус 1,3 фоизга ўсади. Шу билан бирга, Марказий Осиё иқтисодиёти 2026 йилнинг ўзидаёқ 600 млрд. доллардан ошиши мумкин.
Ўзбекистон иқтисодиёти истиқболлари
Ўзбекистон минтақада иқтисодий ўсиш бўйича етакчилардан бири бўлиб қолади. 2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистоннинг ЯИМи 8,7 фоизга ошди. Асосий ҳиссани хизматлар соҳаси (4,9 фоиз пункт), саноат (2,2 фоиз пункт) ва қурилиш (0,9 фоиз пункт) таъминлади. ЕОТБ прогнозига кўра, Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши 2025 йилдаги 7,7 фоиздан 2026 йилда 7,9 фоизгача тезлашади. Бу 2021 йилги пандемиядан кейинги тикланиш даврини ҳисобга олмаганда, сўнгги ўн йилликдаги энг юқори кўрсаткич бўлади. Кейинчалик ўсиш суръатлари бироз секинлашади, бироқ юқори даражада – 2027 йилда 6,9 фоиз ва 2028 йилда 6,5 фоиз даражасида сақланиб қолади. Асосий омиллар инвестиция фаоллиги, саноат ва қурилишнинг ривожланиши, аҳоли даромадларининг ўсиши, инфратузилмага йўналтириладиган бюджет харажатлари ҳамда олтинга бўлган юқори ташқи талаб бўлади.
Инвестициялар ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтиришнинг асосий омилига айланади. 2026 йилнинг I чорагида асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми бир йил олдинги 5,4 фоизга нисбатан 29,6 фоизга ўсди. Умумий киритилган маблағларнинг 53,6 фоизини хорижий инвестициялар, яна 15,2 фоизини эса хорижий кредитлар ташкил этди. 2025 йил якунларига кўра, тўғридан-тўғри, портфелли ва бошқа хорижий инвестицияларнинг жами ҳажми 19 млрд. долларга ёки ЯИМнинг 13 фоизига етди. Инвестициялар янги саноат қувватларининг ишга туширилишини, қурилиш ишларининг кўпайишини, инфратузилманинг ривожланишини ва хизмат кўрсатиш соҳаси кенгайишини таъминлайди.
Бюджет харажатлари ва аҳоли даромадларининг ўсиши ички талабни қўллаб-қувватлашда давом этади. 2026 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш учун 1,5 млрд. доллар ажратилиши назарда тутилган. Маблағлар транспорт, коммунал ва саноат инфратузилмасига, шунингдек, “Янги Ўзбекистон” дастури асосида турар жой массивларини ривожлантиришга йўналтирилади. Бунда давлат бюджети дефицити 2025 йилда режалаштирилган 3 фоизлик кўрсаткич ўрнига ЯИМнинг 2,1 фоизини ташкил этди. Бюджет даромадлари режадан 16,6 фоизга ошди, харажатлар эса 12,8 фоизга ўсди. Аҳоли даромадларининг ошиши иқтисодиётга қўшимча кўмак беради. 2025 йилда номинал иш ҳақи 19 фоизга, хориждан келувчи пул ўтказмалари ҳажми эса 16 фоизга ўсди.
Олтин бозоридаги қулай конъюнктура экспорт даромадлари ва миллий валютани қўллаб-қувватлайди. 2025 йил якунларига кўра, олтин Ўзбекистон товар экспортининг 37,8 фоизини ташкил этди. Қимматбаҳо металл бўйича юқори жаҳон нархлари сезиларли валюта тушумларини таъминлашда ва ташқи савдодан даромадларни қўллаб-қувватлашда давом этади. Хорижий инвестициялар ва пул ўтказмалари билан бир қаторда олтин экспорти сўм барқарорлигига хизмат қилади.
Инфляция пасайишда давом этади ва бу пул-кредит сиёсатини босқичма-босқич юмшатиш учун шароит яратади. ЕОТБ прогнозига кўра, инфляция 2026 йил охирида 6,8 фоизга, 2027 йилда 5,7 фоизга ва 2028 йилда 5,2 фоизга пасайиб, Марказий банкнинг 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичига босқичма-босқич яқинлашади. Ўртача қатъий пул-кредит сиёсати, ижобий реал фоиз ставкаси ва миллий валютанинг барқарорлиги инфляциянинг пасайишига кўмаклашади. Нархлар ўсишининг барқарор секинлашиши шароитида асосий ставка 2026 йил охирига келиб тахминан 13,5 фоизга, 2027 йил охирига келиб 12 фоизга ва 2028 йил охирига келиб 11 фоизга пасайиши мумкин. Шу билан бирга, юқори ички талаб, хомашё, энергетика ресурслари ва озиқ-овқат маҳсулотларининг жаҳон нархлари ўсиши инфляциянинг пасайиш жараёнини секинлаштириши мумкин.
Сўм 2026 йилда ҳам ўз барқарорлигини сақлаб қолади, аммо юқори ҳажмдаги импорт унинг босқичма-босқич қадрсизланишига сабаб бўлади. ЕОТБ прогнозига кўра, 2026 йилда ўртача айирбошлаш курси бир доллар учун 12 200 сўмни ташкил этади. Инвестициялар оқими, пул ўтказмалари ва олтин экспортидан олинадиган даромадлар миллий валютани қўллаб-қувватлайди. 2027 йилда ўртача курс бир доллар учун 12 900 сўмни, 2028 йилда эса 14 100 сўмни ташкил этиши мумкин. Босқичма-босқич қадрсизланиш фаол инвестиция цикли шароитида асбоб-ускуналар, машиналар, энергоресурслар ва оралиқ товарлар импортининг ортиши билан боғлиқ бўлади.
[1] Пеллет (ёки пеллетлар) — прессланган табиий хомашёдан (асосан ёғоч қириндиси ва қишлоқ хўжалиги чиқиндиларидан) тайёрланадиган, кичик гранула шаклидаги экологик тоза ёнилғи тури. Улар анъанавий кўмир ва оддий ўтинга замонавий ҳамда самарали муқобил ҳисобланади.
"Иқтисодий шарҳ" журнали №8/2026
Изоҳ қолдириш