Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг чарм-пойабзал саноати асосан хомашё етказиб берувчи тармоқдан юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи соҳага айланишга интилмоқда. Бу йўналишда давлат сиёсати маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлашни кенгайтириш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, экспорт салоҳиятини кучайтириш ҳамда замонавий ишлаб чиқариш мажмуаларини ривожлантиришга қаратилган.
Ўзбекистон чарм-пойабзал саноатининг 2026 йил I чорагидаги асосий тенденциялар
2026 йилнинг I чорагида Ўзбекистон чарм-пойабзал саноати юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолди. Тармоқда ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу давридаги 935 млрд сўмга нисбатан 1,2 трлн сўмга етди. Ўсиш суръати 25 фоизни ташкил этди. Бир йил аввал бу кўрсаткич 18 фоиз даражасида бўлган. Бу ҳолат тармоқнинг ишлаб чиқариш қувватлари кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Пойабзал экспорти 1,8 баробарга ошиб, 4,1 млн долларга етди. Шу билан бирга, тери, тайёр чарм маҳсулотлари ва мўйна экспорти 55 фоизга қисқариб, 5,3 млн долларни ташкил қилди. Тайёр маҳсулот экспортининг ўсиши маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг минтақавий бозорларда рақобатбардошлиги аста-секин мустаҳкамланаётганини кўрсатмоқда. Шунингдек, бу тармоқнинг хомашё етказиб беришдан юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга босқичма-босқич ўтаётганини англатади.
Айни пайтда, I чорак якунларига кўра, пойабзал импорти 20 фоизга ошиб, 11 млн долларга етди. Импорт таркибида Хитойда ишлаб чиқарилган пойабзаллар салмоқли улушни сақлаб қолмоқда.
Умуман олганда, ҳисобот даврида тармоқ ривожида ижобий ишлаб чиқариш динамикаси билан бирга ташқи савдодаги муайян номутаносибликлар ҳам сақланиб қолди.
2026 йил I чорагида ташқи бозорлардаги вазият
2026 йилнинг I чорагида жаҳон чарм-пойабзал саноати ташқи талабнинг беқарорлиги ва глобал бозордаги ўзгаришлар шароитида ривожланди. Жаҳон савдосидаги секинлашув ҳамда йирик пойабзал ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги кучли рақобат тармоққа қўшимча босим ўтказмоқда. Бундай шароитда кўплаб давлатларда ишлаб чиқариш ҳажми қисқариши ёки ўсиш суръатлари секинлашиши кузатилмоқда.

Жаҳондаги энг йирик пойабзал ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи давлат ҳисобланган Хитойда экспорт кўрсаткичлари сезиларли даражада пасайди. 2026 йил I чорагида Хитойнинг пойабзал экспорти 8 фоизга қисқариб, 9,4 млрд долларни ташкил қилди. Вьетнамда эса пойабзал экспорти 0,8 фоизга ошиб, 5,4 млрд долларга етди.
Салбий динамика Туркияда ҳам сақланиб қолди. Бу мамлакатда чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариши 14,4 фоизга қисқарди. Россияда эса тармоқдаги ишлаб чиқариш ҳажми 3,1 фоизга камайди. Бу ўтган йилга нисбатан анча паст қисқариш ҳисобланади. Чунки бир йил аввал ушбу кўрсаткич 21 фоиздан ошган эди.
Марказий Осиё давлатларида вазият турлича шаклланди. Қозоғистонда чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариши ўтган йилнинг шу давридаги 14 фоизлик қисқаришдан сўнг 41 фоизга ўсди. Шунингдек, пойабзал экспорти 12 фоизга ошиб, 7,5 млн долларга етди. Айни пайтда импорт ҳажми 30 фоиздан ортиққа қисқарди. Бу ҳолат импорт ўрнини босиш сиёсати кучайиб бораётгани ва ички ишлаб чиқариш ўсишини кўрсатиши мумкин.
Қирғизистонда эса, аксинча, 2025 йилдаги юқори ўсишдан кейин тармоқ яна пасайиш босқичига ўтди. Ишлаб чиқариш 3,2 фоизга камайди, пойабзал экспорти 36 фоизга, импорт эса 70 фоизга қисқарди. Ташқи савдо фаоллигидаги бундай пасайиш ички талаб сусайганини ҳамда савдо-логистика йўналишларида ўзгаришлар бўлганини англатиши мумкин.
Тожикистонда ҳам ишлаб чиқариш ҳажми 35 фоизга қисқариб, сезиларли пасайиш кузатилди.
Умуман олганда, ташқи бозорлардаги вазият жаҳон чарм-пойабзал саноатида юқори ўзгарувчанлик сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Шу фонда Ўзбекистоннинг нисбатан барқарор кўрсаткичлари, айниқса ички ишлаб чиқариш ўсиши ва давлатнинг фаол саноат сиёсати давом этаётгани ҳисобга олинганда, ижобийроқ кўринишга эга.
Тармоқдаги асосий воқеалар ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари
Ўзбекистонда чарм-пойабзал саноатининг жорий ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда атрофлича муҳокама қилинди. Йиғилиш давомида тармоқнинг бугунги аҳволига комплекс баҳо берилди ҳамда уни янада модернизация қилишнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди.

Хусусан, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида Тошкент ва Андижон вилоятларида ихтисослашган чарм-пойабзал саноат зоналарини ташкил этиш белгиланмоқда. Ушбу ҳудудларда ишлаб чиқариш, логистика ва таълим инфратузилмасини шакллантириш режалаштирилган бўлиб, бу корхоналар ўртасида кооперацияни кучайтириш ва ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш имконини беради.
Йиғилишда тармоқнинг экологик модернизациясига ҳам алоҳида урғу берилди. Оҳангарон туманида замонавий тери қайта ишлаш мажмуасини барпо этиш режалаштирилган. Лойиҳа доирасида марказлашган тозалаш иншоотлари ва сувни қайта ишлатиш тизимини жорий этиш кўзда тутилмоқда. Бу каби ташаббуслар чарм ишлаб чиқаришнинг юқори экологик таъсири ҳамда жаҳон бозорида экологик стандартларга бўлган талаб ортиб бораётгани шароитида муҳим аҳамиятга эга.
Яна бир муҳим йўналиш сифатида сунъий тери ишлаб чиқаришни ривожлантириш белгиланмоқда. Бу чора жаҳон бозорида талаб таркиби ўзгариб бораётгани билан бевосита боғлиқ. Сунъий тери ишлаб чиқариш бўйича еттита лойиҳани амалга ошириш орқали импортни қисман қисқартириш, экспорт турларини кенгайтириш ва тармоқнинг ташқи бозор ўзгаришларига мослашувчанлигини ошириш мақсад қилинган.
Хулоса
2026 йилнинг I чораги якунларига кўра, Ўзбекистон чарм-пойабзал саноати жаҳон ва минтақавий бозорлардаги мураккаб вазиятга қарамасдан барқарор ўсишни намоён этди. Ишлаб чиқариш ҳажмларининг ошиши тармоқнинг ишлаб чиқариш салоҳияти босқичма-босқич мустаҳкамланаётганини кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, чарм маҳсулотлари экспортининг қисқариши, ички бозорда импорт пойабзал улушининг юқорилиги ҳамда хомашёни чуқур қайта ишлаш даражаси ҳали етарли эмаслиги тармоқни янада модернизация қилиш зарурлигини кўрсатади. Бундан ташқари, жаҳон бозорида сунъий ва экологик тоза материалларга талаб ортиб бораётгани ҳам соҳа учун қўшимча чақириқ бўлиб қолмоқда.
Айрим йирик ишлаб чиқарувчи давлатларда ишлаб чиқариш пасайиб бораётган бир шароитда Ўзбекистоннинг кўрсаткичлари нисбатан барқарор кўринмоқда. Келгуси йилларда тармоқ ривожи учун технологик янгиланишни жадаллаштириш, экспорт бозорларини кенгайтириш, меҳнат унумдорлиги ва рақобатбардошликни ошириш ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Руслан Абатуров, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш