Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2026 йил апрель ойи якунлари бўйича Ўзбекистон кўчмас мулк бозорининг янгиланган шарҳини тақдим этди.
Март ойида уй-жой бозоридаги фаолликнинг юқори бўлиши, асосан, апрелдан жорий этилган эскроу ҳисоб-китоб тизими билан боғлиқ.
Ой давомида уй-жой бўйича 23,3 мингта битим расмийлаштирилди. Бу ўтган йилнинг апрель ойига нисбатан 4,7%га кам.
Йил бошидан буён уй-жой олди-сотди битимлари ҳажми 125 мингтадан ошди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 34,8%га кўп.
Ҳудудлар кесимида

Савдолар ўсишининг энг юқори суръатлари Сирдарё вилоятида қайд этилди. Жорий йилнинг январь-апрель ойларида вилоятда битимлар сони 50%га ошди. Андижон вилоятида ўсиш 42%ни ташкил этди. Тошкент шаҳрида эса йил бошидан буён уй-жой савдоси 46%га кўпайди.
Уй-жой бозоридаги фаоллик қурилиш ҳажмининг ошиши билан ҳам боғлиқ. 2025 йил якунларига кўра, 15,9 млн кв.м уй-жой фойдаланишга топширилди. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 2,8% юқори.
Шу билан бирга, ҳудудлар ўртасида уй-жой қурилиши ҳажми бўйича фарқ сақланиб қолмоқда. Хусусан, 2025 йилда Сирдарё вилоятида 136,1 минг кв.м уй-жой фойдаланишга топширилган бўлса, Андижон вилоятида бу кўрсаткич 1,33 млн кв.мни, Тошкент шаҳрида эса қарийб 1 млн кв.мни ташкил этди.
2025 йил якунларига кўра, энг юқори қурилиш ҳажми Тошкент вилоятида кузатилди. Бу ерда фойдаланишга топширилган уй-жойлар майдони қарийб 2 млн кв.мга етди.
Сирдарё вилоятида уй-жой савдосининг ошишига қурилиш ҳажмининг кўпайиши ҳам таъсир қилмоқда. Йил охирига қадар ҳудудда 3,5 мингта янги хонадон фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.
Умуман олганда, жорий йилда Ўзбекистон бўйича 140 мингта янги турар жойни фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Иккиламчи уй-жой бозорида нархлар

Республика бўйича иккиламчи уй-жой бозорида нархлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўртача 8,5%га ошди. Нархлар ўсишининг энг юқори суръатлари Сирдарё вилоятида 20%, Сурхондарё вилоятида 16,5% ва Бухоро вилоятида 16,3%ни ташкил этди.
Жорий йил бошидан буён ҳам ижобий динамика сақланиб қолмоқда. Январь–апрель ойларида республика бўйича иккиламчи уй-жой бозорида нархлар ўртача 2,9%га ўсди. Энг юқори ўсиш суръатлари Сурхондарё вилоятида 7,4%, Самарқанд вилоятида 6,3% ва Хоразм вилоятида 6,2% даражасида қайд этилди.
Ҳудудлар кесимида нархлар даражасидаги фарқ сақланиб қолмоқда. Энг қиммат бозор ҳануз Тошкент шаҳри бўлиб, апрель ойида иккиламчи уй-жойнинг ўртача қиймати бир квадрат метр учун тахминан 1 150 долларни ташкил этди. Кейинги ўринларда Самарқанд вилояти қарийб 900 доллар ва Тошкент вилояти 690 доллар билан қайд этилди.
Тошкент шаҳрида бирламчи ва иккиламчи уй-жой бозорида нархлар динамикаси
Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жой нархлари мўътадил ўсмоқда. Бирламчи бозорда эса ўсиш суръати нисбатан юқори.
Йиллик ҳисобда иккиламчи уй-жой бозорида бир квадрат метрнинг ўртача қиймати 6,1%га ошди. Нархлар ўсишининг энг юқори суръатлари Мирзо Улуғбек туманида 9,2%, Мирабод туманида 9% ва Чилонзор туманида 8,3%ни ташкил этди.
Бирламчи уй-жой сегментида нархлар ўсиши иккиламчи бозорга нисбатан юқорироқ бўлмоқда. Ўтган йилнинг апрель ойига нисбатан бир квадрат метрнинг ўртача қиймати 8,8%га ошди. Энг юқори ўсиш суръатлари Юнусобод туманида 17,3%, Мирзо Улуғбек туманида 16,8% ва Бектемир туманида 11,3% даражасида қайд этилди.
Тошкент шаҳрида ижара нархлари динамикаси

Апрель ойида Тошкент шаҳрида уй-жой ижарасининг ўртача қиймати бир квадрат метр учун тахминан 9,2 долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,1% юқоридир.
Ижара нархларининг энг юқори даражаси Тошкентнинг марказий туманларида сақланиб қолмоқда. Хусусан, Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 11 доллар атрофида шаклланган.
Шу билан бирга, йиллик ҳисобда ижара нархларининг энг юқори ўсиш суръатлари Яшнобод туманида 18,2%, Бектемир туманида 16,7% ва Юнусобод туманида 14,3% даражасида қайд этилди.
Шу тариқа, Тошкент шаҳрида ижара бозори уй-жой сотув бозорига нисбатан тезроқ ўсишда давом этмоқда. Бир йил давомида ўртача ижара нархлари 9,1%га ошган бўлса, уй-жой нархларининг умумий индекси 7,6%га ўсди.
Методологик изоҳ
Битимлар бўйича ҳисоб-китоблар уй-жой операцияларини рўйхатдан ўтказишга оид маъмурий маълумотлар асосида шакллантирилган. Ҳудудлар бўйича иккиламчи бозор нархлари очиқ эълонлар асосида вилоятларнинг маъмурий марказлари кесимида ҳисобланган. Бунда алоҳида кескин қийматларнинг таъсирини камайтириш мақсадида 1 кв.м учун медиан нарх қўлланилган.
Тошкент шаҳри бўйича иккиламчи ва бирламчи бозорлардаги нархлар динамикаси уй-жой хусусиятларидаги фарқларни ҳисобга олувчи гедоник методология асосида ҳисобланган. Ижара бозори бўйича маълумотлар очиқ эълонларга асосланиб, шаҳар туманлари кесимида 1 кв.м учун медиан ижара қиймати сифатида ҳисоблаб чиқилган.
Жалолиддин Усмонов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
тел: (78) 150 02 02 (417)
Изоҳ қолдириш