Инфографика: Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги савдо иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик

Инфографика: Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги савдо иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги сўнгги 9 йиллик савдо иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни таҳлил қилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. Икки давлат муносабатлари стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилди.

Икки мамлакат Президентлари раислигида “Олий давлатлараро кенгаш” ташкил этилди. У Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим механизмга айланди.

Ўзаро савдо кўрсаткичлари

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ўзаро савдо эркин савдо режими асосида амалга оширилади.

2017–2025 йилларда Ўзбекистоннинг Озарбайжон билан товар айланмаси 9,5 баробар ошиб, 32,5 млн доллардан 307,3 млн долларга етди. Экспорт 8,2 баробар ошиб, 27,6 млн доллардан 227,3 млн долларга, импорт эса 16,3 баробар ошиб, 4,9 млн доллардан 80 млн долларга етди.

2025 йилда Ўзбекистоннинг Озарбайжонга экспорти ва импортининг товар таркиби қуйидаги йўналишлардан иборат бўлди:

Экспорт ҳажми жами 227,3 млн долларни ташкил этди. Жумладан, саноат маҳсулотлари 63,4 млн доллар (экспортнинг 28%), машина ва транспорт ускуналари 49,3 млн доллар (22%), озиқ-овқат маҳсулотлари 36,3 млн доллар (16%), ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари 34,3 млн доллар (15%), тайёр буюмлар 11 млн доллар (5%), кимё маҳсулотлари 5,1 млн доллар (2,2%), шунингдек хизматлар 22,5 млн доллар (10%)ни ташкил қилди.

Импорт ҳажми жами 80,0 млн долларни ташкил этди. Жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари 43,2 млн доллар (импортнинг 54%), саноат маҳсулотлари — 17,4 млн доллар (22%), машина ва транспорт ускуналари 5,8 млн доллар (7,3%), кимё маҳсулотлари 5,4 млн доллар (6,8%), ноозиқ-овқат хомашёси 1,3 млн доллар (1,6%), минерал ёқилғи ва мойлаш материаллари 1,2 млн доллар (1,5%), шунингдек хизматлар 4,3 млн доллар (5,4%)ни ташкил қилди.

Инвестициявий ҳамкорлик

Инвестициявий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2023 йилда устав капитали 500 млн доллар бўлган Озарбайжон – Ўзбекистон Инвестиция компанияси ташкил этилди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокидаги 442 та корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг сони 2017 йилга нисбатан 6,2 баробарга ошган.

2025 йилда Озарбайжоннинг Ўзбекистонга киритган инвестициялари ҳажми 173,7 млн долларни ташкил этди. 2017 йилда бу кўрсаткич атиги 0,1 млн доллар бўлган. Озарбайжондан Ўзбекистонга киритилган жами тўпланган инвестициялар ҳажми 318,6 млн долларга етди.

Озарбайжон капитали иштирокидаги корхоналар асосан қурилиш, қайта ишлаш саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон капитали ҳам Озарбайжон бозорида ўз иштирокини кенгайтирмоқда. Жумладан, автомобиллар ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этилган.

Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши транспорт соҳасидир. Ўзбекистон товарларни Европага етказиб беришда Озарбайжоннинг транспорт логистика имкониятларидан самарали фойдаланишга қизиқиш билдирмоқда. Бу борада Транскаспий халқаро транспорт йўналиши, яъни Ўрта коридор муҳим аҳамиятга эга.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар сектор

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар