Инфографика: Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари билан савдо-инвестиция ҳамкорлиги

Инфографика: Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари билан савдо-инвестиция ҳамкорлиги

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази сўнгги 9 йил давомида Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) мамлакатлари билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлигини таҳлил қилди.

ТДТ мамлакатлари катта иқтисодий салоҳиятга эга. 2025 йилда ушбу давлатларнинг умумий номинал ялпи ички маҳсулоти жаҳон иқтисодиётининг қарийб 2 фоизини (тахминан 2,3 трлн доллар), харид қобилияти паритети бўйича эса 3,4 фоизини (қарийб 6,2 трлн доллар) ташкил этган.

2025 йилда ТДТга аъзо давлатларнинг умумий ташқи савдо айланмаси 1,2 трлн доллардан ошган.

ТДТ мамлакатлари табиий ресурсларга бой бўлиб, қайта ишлаш саноати ҳам ривожланган. Хусусан, Венгрия ва Туркияда машинасозлик яхши тараққий этган. Шунингдек, тўқимачилик, электротехника, машинасозлик ва кимё саноати маҳсулотлари Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда ҳам ишлаб чиқарилмоқда.

Бундан ташқари, ушбу давлатлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳам катта ҳажмда етиштирмоқда. Жумладан, мева-сабзавот, дон, мойли экинлар, гўшт ва сут маҳсулотлари кенг ишлаб чиқарилади.

Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан савдоси

Сўнгги 9 йил давомида Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан товар айланмаси 2,7 бараварга ошиб, 2017 йилдаги 4 млрд доллардан 2025 йилда 10,8 млрд долларга етди. Экспорт 1,2 млрд доллардан 3,8 млрд долларгача (1,8 баравар), импорт эса 1,8 млрд доллардан 7 млрд долларгача (3,8 баравар) ошди.

2025 йилда Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан савдосида энг катта улуш - 46% (5 млрд доллар) Қозоғистон ҳиссасига тўғри келди. Ундан кейин Туркия 28% (3 млрд доллар). Шунингдек, Туркманистон ва Қирғизистоннинг ҳар бири 11,1% (1,2 млрд доллардан) улушга эга бўлди.

Энг кичик улушлар Озарбайжон 2,8% (307,3 млн доллар) ва Венгрия — 1,1% (117,4 млн доллар) ҳиссасига тўғри келди.

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатларига экспорти таркибида саноат маҳсулотлари 28,2 фоизни, машина ва транспорт ускуналари 19 фоизни, озиқ-овқат маҳсулотлари 11,1 фоизни, кимё маҳсулотлари 10 фоизни, турли тайёр маҳсулотлар 8,2 фоизни, ичимлик ва тамаки маҳсулотлари 3,5 фоизни, минерал ёқилғи ва мойлаш материаллари 3,3 фоизни, ноозиқ-овқат хом ашёси 1,3 фоизни, хизматлар эса 12,7 фоизни ташкил этди.

Импорт таркибида эса асосий улуш озиқ-овқат маҳсулотларига - 22,8 фоиз, минерал ёқилғига - 20,3 фоиз, саноат маҳсулотларига - 18,1 фоиз ва машина ҳамда транспорт ускуналарига - 12,9 фоиз тўғри келди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон ТДТ мамлакатларига экспорт ҳажмини яна 2,7 млрд долларга ошириш имкониятига эга. Жумладан, Туркияга 1,8 млрд долларга, Қозоғистонга 500 млн долларга, Венгрияга 200 млн долларга ва Қирғизистонга 100 млн долларга ошириш салоҳияти мавжуд.

Инвестициявий ҳамкорлик

Ўзбекистон иқтисодиётига ТДТ мамлакатларидан инвестицияларни жалб қилишда ижобий ўсиш кузатилмоқда. 2017–2025 йилларда уларнинг умумий ҳажми 11,5 млрд доллардан ошди (2025 йилда 3,8 млрд доллар). Бу ТДТ давлатларининг Ўзбекистон билан узоқ муддатли иқтисодий ҳамкорликка стратегик қизиқишини кўрсатади.

Ўзбекистондаги энг йирик инвестор Туркия бўлиб, 2025 йилда 2,4 млрд доллар инвестиция киритган. Бу маблағлар асосан қайта ишлаш саноати, энергетика ва қишлоқ хўжалигига йўналтирилган.

2026 йил апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда ТДТ мамлакатлари капитали иштирокида 4,5 мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.

2025 йил февраль ойида Озарбайжонда бўлиб ўтган ТДТ бизнес-форумида Туркий инвестиция жамғармасининг устав капитали 20 фоизга — 500 млн доллардан 600 млн долларга оширилишига келишиб олинди. Ўзбекистон мазкур жамғармага 100 млн доллар улуш қўшган.

Ҳозирда жамғарма маблағлари ҳисобидан қатор қўшма лойиҳалар молиялаштирилмоқда. Бу эса ТДТ мамлакатлари ўртасида кооперациявий ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар