2026 йил 13 май куни Ўзбекистон капитал бозори тарихидаги энг йирик IPO якунланди. Миллий инвестиция фонди - UzNIF акцияларини бир вақтнинг ўзида Лондон фонд биржаси ва “Тошкент” республика фонд биржасида жойлаштирган биринчи ўзбек эмитентига айланди.
18 май куни фонд акциялари Лондон фонд биржасида тўлиқ савдоларга ўтди. Шу куни Тошкент фонд биржасида ҳам савдолар бошланиб, халқаро ва маҳаллий инвесторлар учун Ўзбекистон давлат активлари портфелига бозор механизми орқали кириш имконияти яратилди.
UzNIF жойлашуви мамлакат тарихидаги биринчи халқаро IPO ҳамда Янги Ўзбекистон молиявий тизимидаги энг муҳим воқеалардан бири бўлди. Илк бор халқаро инвесторларга ягона бозор инструменти орқали мамлакат давлат активларига диверсификациялашган кириш имконияти таклиф этилди.
Фонд энергетика, коммунал инфратузилма, телекоммуникация, банк ва транспорт соҳаларидаги 13 та йирик давлат корхонасида улушларга эга. 2025 йил якуни ҳолатига кўра, портфелнинг умумий соф активлар қиймати 2,44 млрд долларга баҳоланган.
Фонд активларининг 32,4 фоизи - транспорт соҳасига, 19,1 фоизи - энергетикага, 15,2 фоизи - телекоммуникацияга, 14,9 фоизи - коммунал хизматлар ва 13,4 фоизи - банк секторига тўғри келади.
Фонднинг энг йирик активлари қаторига Uzbekistan Airways, Uzbektelecom, Uzbekhydroenergo гидроэнергия компанияси, Темир йўл инфратузилма компанияси ҳамда SQB банки кирди. Uzbekistan Airways соф актив қиймати тахминан 403 млн долларга баҳоланган.
IPO жойлашувининг аҳамиятини оширган асосий омиллардан бири Franklin Templeton компаниясининг фонд ишончли бошқарувчиси сифатида иштирок этгани бўлди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги фонд активларини профессионал бошқариш учун Franklin Templeton компаниясини жалб қилди ва 2025 йилда бошқарув ваколатлари расман ушбу компанияга топширилди.
Халқаро молия бозори учун Franklin Templeton иштирокининг ўзи корпоратив бошқарув сифати, битим тузилмасининг шаффофлиги ва фонднинг узоқ муддатли стратегиясига нисбатан ишонч белгиси сифатида қабул қилинди.
Franklin Templeton’нинг UzNIF бўйича раҳбари Мариус Дан IPOни “ Ўзбекистон капитал бозорлари учун тарихий дақиқа” деб таърифлади ва уни “Ўзбекистондан дастлабки халқаро акциядорлик битими” сифатида белгилади.
Валюта либераллашувидан Лондон биржасидаги IPOгача
Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция фондининг IPOси қарийб ўн йиллик иқтисодий ислоҳотлар натижасига айланди. 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон очиқ ва интеграциялашган иқтисодиёт сари босқичма-босқич ҳаракат қилди. Мамлакатда валюта бозори либераллаштирилди, валюта конвертацияси бўйича чекловлар бекор қилинди, банк тизими орқали валюта операциялари легаллаштирилди ҳамда икки хил валюта бозори амалиёти тугатилди.
Бу давр мобайнида аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот 1781 доллардан 3900 долларгача ошди, ишсизлик даражаси 10,5 фоиздан 4,9 фоизгача пасайди, аҳолининг реал даромадлари эса 83 фоиздан ортиқ ўсди.
Шу билан бирга, мамлакат ташқи савдо сиёсати ҳам ўзгарди. Импорт божларининг ўртача даражаси 15,3 фоиздан 7 фоизгача туширилди, озиқ-овқат маҳсулотларининг 59 та тоифаси бўйича ноллик импорт тарифлари жорий этилди. Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича музокараларнинг якуний босқичига чиқди. Шу фонда мамлакат экспорти 2017–2025 йилларда 2,7 баробарга ошиб, 12,9 млрд доллардан 35,5 млрд долларга етди.
Ўзгаришлар ички иқтисодиётни ҳам қамраб олди. Дон маҳсулотлари ва пахта соҳаси каби айрим тармоқларда давлат нарх чекловлари бекор қилиниб, иқтисодиётда бозор механизмлари кенгайди.
Энг сезиларли ўзгаришлар инвестиция соҳасида кузатилди. 2017 йилда асосий капиталга инвестициялар ҳажми тахминан 14 млрд доллар бўлган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 47 млрд долларга етди. Тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳажми эса беш баробардан зиёд ўсиб, 2,4 млрд доллардан 12,5 млрд долларгача кўтарилди.
Эркин иқтисодий зоналар сони 3 тадан 46 тагача ошди. Мамлакатда 700 га яқин саноат зоналари, жумладан 200 та ёшлар саноат зонаси ва 500 та кичик саноат зоналари ташкил этилди. 2025 йил якунига келиб давлат-хусусий шериклик механизмлари доирасида умумий қиймати 29,2 млрд доллар бўлган қарийб 2,8 мингта лойиҳа амалга оширилаётган эди.
Шу билан бир вақтда капиталнинг узоқ муддатли оқими учун институционал асос ҳам шакллантирилди. Ўзбекистон икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш бўйича 54 та битим ва инвестицияларни ҳимоя қилиш ҳамда рағбатлантиришга оид 50 дан ортиқ келишув имзолади.
Таркибий ислоҳотлар, макроиқтисодий барқарорлик ва ички бозор ўсишининг уйғунлашуви халқаро инвесторлар нигоҳида Ўзбекистон ҳақида янги тасаввурни шакллантирди ҳамда мамлакатнинг глобал капитал бозорига чиқиши учун замин яратди.
Халқаро бозор учун сигнал
Лондон фонд биржасидаги халқаро жойлашув доирасида фонднинг глобал депозитар тилхатлари (GDR) жойлаштирилди. Ҳар бир GDR UzNIF’нинг 64 700 та акциясига тенг бўлди. Жойлаштириш нархи бир GDR учун 25 доллар этиб белгиланди.
Жойлашув натижасида тахминан 603,6 млн доллар маблағ жалб қилинди ва фонд қиймати қарийб 1,95 млрд долларга баҳоланди. Битим доирасида фонд капиталидаги 31 фоиз улуш сотилди. Қўшимча жойлаштириш опциони тўлиқ ишга тушса битим ҳажми тахминан 691 млн долларгача ошиши мумкин.
UzNIF IPOсига талаб таклиф ҳажмидан тўрт баробардан ортиқ бўлди. Битимнинг энг йирик cornerstone инвесторлари сифатида BlackRock, Franklin Templeton, Redwheel ва Allan & Gill Gray Foundation иштирок этиб, тахминан 300 млн долларлик GDR сотиб олиш бўйича келишувга эришди.
Жойлашувнинг халқаро координатори сифатида Jefferies компанияси қатнашди. Шунингдек, Abu Dhabi Commercial Bank, Raiffeisen Bank International, WOOD & Company ва Auerbach Grayson ҳам битим ташкилотчилари қаторига кирди.
Лондон фонд биржаси учун UzNIF жойлашуви 2026 йилдаги энг йирик IPO ҳамда 2021 йилдан буён ёпиқ инвестиция фондлари орасидаги энг катта IPO бўлди. Жойлаштириш ҳажми бўйича битим жорий йилда Европадаги энг йирик IPOлар қаторига кирди.
Жойлашувнинг асосий қисми халқаро инвесторлар ҳисобига тўғри келди. Битимнинг қарийб 97 фоизи Лондон транши орқали амалга оширилган бўлса, маҳаллий бозор улуши тахминан 3 фоизни ташкил қилди.
“Тошкент” республика фонд биржасида 47,94 млрд дона акция жойлаштирилди. IPO жараёнида умумий қиймати 214,61 млрд сўм ёки тахминан 17,78 млн доллар бўлган 4943 та битим тузилди. Маҳаллий чакана инвесторлар учун акциялар 5 фоизлик чегирма билан таклиф қилинди.
IPO якунланганидан кейин бозор фондга мустақил баҳо бера бошлади. Тошкент фонд биржасидаги савдоларнинг биринчи куни дастлабки соатлардаёқ битимлар ҳажми 1 млрд сўмдан ошди. 1100 дан ортиқ битим амалга оширилди ва акциялар қиймати чакана инвесторлар учун жойлаштириш нархига нисбатан 37 фоиздан зиёд ўсди.
Савдо сессиясининг ўртасига келиб, харид бўйича буюртмалар ҳажми сотув буюртмаларидан қарийб уч баробар юқори бўлди. Биржа бозорда харид бўйича талаб 50,8 млн акцияни ташкил қилди, сотув таклифлари эса 17 млн акция даражасида бўлди.
Ижобий динамика халқаро майдонда ҳам кузатилди. Савдоларнинг дастлабки босқичида фонднинг GDRлари 25 долларлик жойлаштириш нархига нисбатан 28 долларгача кўтарилди ва кейинчалик 27 доллар атрофида барқарорлашди.
IPO жараёнида фонднинг 2025–2035 йилларга мўлжалланган узоқ муддатли ривожланиш стратегияси ҳам тасдиқланди. Тегишли қарор 15 май куни UzNIF акциядори томонидан қабул қилинди.
Фонд ҳужжатларида 2025 йил фонднинг шаклланиш ва активларни тўлиқ бозор тамойиллари асосида бошқариш моделига ўтиш даври сифатида баҳоланган. Биринчи босқич якунлари бўйича ишончли бошқарувчи ва кузатув кенгаши фаолияти қониқарли деб топилди.
Яна бир неча йил олдин бундай миқёсдаги ўзбек эмитентининг халқаро капитал бозорига чиқиши эҳтимоли паст деб қараларди. Бугун эса UzNIF IPOси Ўзбекистоннинг глобал молиявий тизимга интеграциялашувидаги янги босқич рамзи сифатида қабул қилинмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш