Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги иқтисодий алоқалар сезиларли даражада фаоллашди. 2023 йил апрель ойида Сербия Бош вазирининг биринчи ўринбосари ва ташқи ишлар вазири Ивица Дачич расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди.
2025 йил 28–31 октябрь кунлари Сербия Президенти Александр Вучичнинг Ўзбекистонга илк расмий ташрифи икки томонлама муносабатларда муҳим босқич бўлди.
Тошкентда бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича, жумладан, Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Мазкур ҳужжатлар ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш учун қўшимча шартномавий-ҳуқуқий асос яратди.
2026 йил май ойида Сербия ташқи ишлар вазири Марко Журич ҳам Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташриф доирасида савдо ҳажмини ошириш, машинасозлик, фармацевтика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда кооперацияни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди
Ўзаро савдо кўрсаткичлари
2016–2025 йилларда Ўзбекистоннинг Сербия билан товар айирбошлаш ҳажми қарийб 9 баробарга — 1,4 млн доллардан 12 млн долларгача ошди. Экспорт 3 баробарга ўсиб, 0,9 млн долларга, импорт эса қарийб 10 баробарга ўсиб, 11,1 млн долларга етди.
2025 йилда Ўзбекистоннинг Сербияга экспорти таркибида асосий улушни озиқ-овқат маҳсулотлари — 47,1%, саноат товарлари — 23,8%, кимё маҳсулотлари — 4,8%, ноозиқ-овқат хомашёси — 2,4%, минерал ёқилғи ва мойлаш материаллари — 1%, шунингдек, хизматлар — 20,8% ташкил этди.
Сербиядан импорт таркибида машина ва транспорт ускуналари — 50%, кимё маҳсулотлари — 20,1%, саноат товарлари — 16,8%, озиқ-овқат маҳсулотлари — 4,8%, турли тайёр маҳсулотлар — 4,2%, ноозиқ-овқат хомашёси — 1,5%, шунингдек, хизматлар — 2,6% асосий ўринни эгаллади.
Инвестициявий ҳамкорлик
2026 йил ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Сербия капитали иштирокидаги 9 та корхона фаолият юритган. 2016–2025 йилларда Сербиядан жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларнинг жами ҳажми 2,2 млн долларни ташкил этган. 2024 йилда эса жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми атиги 0,2 млн доллар бўлган.
Шундай қилиб, Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги савдонинг мутлақ ҳажми ҳозирча нисбатан кичик бўлишига қарамай, сўнгги тўққиз йилда товар айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада кенгайган.
Иқтисодий ҳамкорлик ва инвестицияларни ҳимоя қилиш соҳасида янги шартномавий-ҳуқуқий базанинг яратилиши савдо, инвестициявий ҳамкорлик ва электротехника, машинасозлик, озиқ-овқат саноати ҳамда тўқимачилик ишлаб чиқариши каби соҳаларда саноат кооперациясини янада ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоақалар бўлими
Изоҳ қолдириш