Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) сўнгги 8 йил давомида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий ҳамкорликни таҳлил қилди.
Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ташқи савдо кўрсаткичлари
2017–2024 йиллар давомида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги товар айланмаси 2,3 баробарга ошиб, 166,2 млн доллардан 388,6 млн долларга етди. Ушбу даврда экспорт ҳажми 15,1 фоизга ўсиб, 14,5 млн доллардан 16,7 млн долларга, импорт эса 2,5 баробарга ошиб, 151,7 млн доллардан 371,9 млн долларга етди.
Сўнгги 8 йилда Ўзбекистоннинг Японияга йиллик экспорт ҳажми ўртача тахминан 17 млн долларни ташкил этган.
2024 йилда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги товар айланмаси 2023 йилга нисбатан 64,1 фоизга ўсиб, 236,8 млн доллардан 388,6 млн долларга етди.
2024 йилда икки мамлакат ўртасидаги савдо қуйидаги товар турлари билан ифодаланди: экспорт, жами — 16,7 млн доллар, жумладан: кимёвий маҳсулотлар — 5,7 млн доллар (34,1%), саноат товарлари — 2,0 млн доллар (11,8%), озиқ-овқат маҳсулотлари — 0,5 млн доллар (3,0%), шунингдек хизматлар — 8,4 млн доллар (50,4%).
Импорт, жами — 371,9 млн доллар, жумладан: машиналар ва транспорт ускуналари — 337,1 млн доллар (90,7%), саноат товарлари — 17,4 млн доллар (4,7%), турли тайёр маҳсулотлар — 7,2 млн доллар (1,9%), шунингдек хизматлар — 4,4 млн доллар (1,2%) ва бошқалар.
2025 йилнинг 10 ойи якунларига кўра, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги товар айланмаси 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 326,8 млн долларни ташкил этди.
Инвестициявий ҳамкорлик
Япония Ўзбекистонда энергетика, кимё саноати ва сув таъминоти тизимларини модернизация қилишга қаратилган инвестиция лойиҳаларида фаол иштирок этмоқда. Ўзбекистон ҳудудида «Mitsubishi», «Marubeni», «Itochu», «Sumitomo» ва бошқа етакчи япон компаниялари иштирокида қатор лойиҳалар амалга оширилган.
2017–2024 йиллар давомида Япониядан Ўзбекистонга киритилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми, жумладан JICA линияси орқали, 184 млн АҚШ долларини ташкил этди (2024 йилда — 19,6 млн АҚШ доллари).
Бугунги кунда Ўзбекистонда Япония капитали иштирокидаги 121 та компания муваффақиятли фаолият юритмоқда. Уларнинг 29 таси қўшма корхоналар, 92 таси эса 100 фоиз япон капиталига эга корхоналар бўлиб, иқтисодиётнинг турли соҳаларида лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Япония билан инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига декарбонизация, рақамлаштириш ва кадрлар тайёрлашни қамраб олган «яшил» трансформация соҳасидаги қўшма лойиҳалар киради. Ушбу йўналишлар Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишини таъминлайдиган тармоқлар билан чамбарчас боғлиқдир.
Шунингдек, Япония Ўзбекистонда инсон капиталини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича катта имкониятларга эга бўлиб, бу япон компанияларининг устувор йўналишлари ва компетенцияларига мос келади ҳамда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришнинг асосий йўналишларидан бирига айланиши мумкин.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш