Ушбу муҳим тадбир арафасида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ташаббусларни тизимлаштирган таҳлилий шарҳни тайёрлади.
Таҳлил шуни кўрсатадики, мамлакатимизда амалга оширилаётган миллий ислоҳотлар БМТ кун тартиби билан узвий боғлиқ бўлиб, улар Ўзбекистоннинг барқарор ва инклюзив тараққиётга эришишда, нафақат минтақавий, балки глобал даражада ҳам муносиб ҳисса қўшишига хизмат қилмоқда.
Ўзбекистоннинг глобал БРМ индексидаги ўрни
2025 йил июнь ойида эълон қилинган сўнгги глобал Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) индексининг натижаларига кўра, Ўзбекистон 167 та давлат орасида 73,1 балл кўрсаткич билан 62-ўринни эгаллади. Ушбу натижа мамлакатимизда миллий ва халқаро мажбуриятларни изчил амалга ошириш жараёнини акс эттиради, бироқ айрим йўналишларда ҳал этилиши лозим бўлган муаммо ва вазифалар сақланиб қолмоқда.
БРМни амалга оширишнинг асосий босқичлари
Мамлакатнинг БРМни амалга ошириш йўли босқичма-босқич ва тизимли тарзда ташкил этилди. 2015 йилда Ўзбекистон расман БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш кун тартибини қабул қилди.
2018 йилда Бош вазир ўринбосари раҳбарлигида Мувофиқлаштирувчи кенгаши ташкил этилди ва 16 та мақсад ҳамда 125 та вазифани қамраб олган миллий «йўл харитаси» тасдиқланди. 2019 йилдан эса миллий портал — nsdg.stat.uz ишга туширилди ва аҳоли учун БРМ индикаторларга очиқ кириш имконияти яратилди.
2020 йилда Ўзбекистон ўзининг илк Ихтиёрий миллий шарҳини тақдим этди ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан назоратни таъминлаш мақсадида Парламент комиссияси тузилди.
2021 йилда минтақада илк бор 235 миллион долларлик суверен SDG-облигациялар чиқарилди.
2022 йилда БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилган парламентларнинг ролига оид резолюцияни қабул қилди, 2023 йилда эса бизнес вакиллари, ёшлар, хотин-қизлар ҳамда маҳалла тузилмалари иштирокида иккинчи миллий ҳисобот тайёрланди.
Миллий мақсад ва тараққиёт стратегиялари
2022 йилда Вазирлар Маҳкамасининг 83-сонли қарори билан барқарор ривожланиш бўйича миллий мақсадлар белгиланди — жами 16 та мақсад ва 125 та вазифа. 6-мақсад «Тоза ичимлик суви ва санитария» доирасида аниқ вазифалар қўйилган: аҳолининг хавфсиз, тоза ичимлик сувидан фойдаланиши, санитарияга хизматларидан тенг фойдаланиш имкониятини яратиш ва чиқинди сувлардан хавфсиз қайта фойдаланишни кенгайтириш орқали сув ифлосланишини камайтириш.
Ушбу чора-тадбирлар «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси»да ҳам ўз ифодасини топди. Стратегияда 7 млрд м³ сувни тежаш, энергия истеъмолини камайтириш ва давлат-хусусий шерикликни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилган.
«Ўзбекистон – 2030» стратегиясида сув ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш узоқ муддатли тараққиётнинг бешта асосий устувор йўналишидан бири сифатида белгилаб қўйилган бўлиб, улар рақамлаштириш, инновацион технологияларни жорий этиш, чанг тўзонларидан ҳимоя қилиш ва ҳудудларни кўкаламзорлаштириш билан уйғунлаштирилган.
Халқаро ҳамкорлик
Ўзбекистоннинг ташқи йўналишдаги саъй-ҳаракатлари ҳам тизимли характерга эга. Мамлакат сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича халқаро конвенцияларда фаол иштирок этмоқда, «2030 – кун тартиби» доирасидаги мажбуриятларни бажармоқда, БМТнинг Тараққиёт дастури (БМТТД), Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатлари (ШЕКМО), Глобал сув ҳамкорлиги ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилмоқда. Миллий БРМларни стратегик ривожланиш ҳужжатларига киритилиши муҳим ютуқ ҳисобланади. БМТТД маълумотларига кўра, давлат бюджети харажатларининг ўртача 71 фоизи БРМга оид лойиҳаларга йўналтирилмоқда.
Янги воситалар ва молиялаштириш
Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш самарали молиявий механизмларсиз иложсиз. Шу муносабат билан Ўзбекистон янги, инновацион воситаларни жорий этмоқда. БМТТД билан ҳамкорликда миллий кўп ўлчовли камбағиллик индекси (MPI)нинг пилот дастури ишга туширилди. У камбағалликни баҳолашда фақат даромад даражасини эмас, балки турли ижтимоий-иқтисодий омилларни ҳам ҳисобга олади.
2021 йил июль ойида Ўзбекистон Марказий Осиёда илк марта БРМ-облигацияларини 235 миллион АҚШ доллари миқдорида жойлаштирди. 2023 йил октябрь ойида эса МДҲ ҳудудида биринчи бўлиб “яшил” облигациялар 340 миллион доллар ҳажмида чиқарилди.
Шу тариқа, тематик облигациялар чиқаришнинг умумий ҳажми 575 миллион долларга етди. 2021–2024 йилларда мамлакат томонидан чиқарилган суверен халқаро облигациялар ҳажми эса 1,2 миллиард доллардан ошди.
Жалб қилинган маблағлар таълим, сув ресурсларини бошқариш, соғлиқни сақлаш, транспорт, экология ва қайта тикланадиган энергетика соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилди. Мазкур ташаббуслар АҚШ, Европа, Осиё ва Яқин Шарқдан 50 дан ортиқ инвесторларнинг қизиқишини уйғотди.
Барқарор ривожланиш хатарлари
2025 йилда эришилган ютуқларга қарамай, бир қатор хатарлар сақланиб қолмоқда. Юқори демографик ўсиш иш ўринлари яратилишига (8-мақсад), озиқ-овқат хавфсизлигига (2-мақсад), энергетикага (7-мақсад), шаҳарлашув ва инфратузилмага (11-мақсад), шунингдек масъулиятли истеъмолга (12-мақсад) бўлган юкламани кучайтирмоқда. Ерларнинг деградацияси ва чўлланиш жараёнлари аграр сектор барқарорлиги ҳамда экологик ҳолатни (15-мақсад) издан чиқармоқда. Жаҳон ресурслари институти маълумотларига кўра, 2040 йилга бориб Ўзбекистон сув танқислиги жуда юқори бўлган давлатлар қаторига кириши мумкин.
Иқлим ўзгариши ва сув ресурслари
Иқлимий таҳдидлар тобора кучаймоқда: қурғоқчилик, иссиқ ҳаво, беқарор ёмғирлар ва чангли бўронлар иқтисодиёт ҳамда аҳоли турмушига салбий таъсир кўрсатмоқда. Мамлакатда сув ресурсларининг атиги 20 фоизи ички манбалар ҳисобига шаклланади, қолгани эса хориждан кириб келади. Марказий Осиёда сўнгги 50–60 йилда музликлар майдони 30 фоизга қисқаргани сабабли ҳар йили сув ресурслари ҳам камайиб бормоқда. Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилга бориб Сирдарё сув оқими 5 фоизга, Амударё сув оқими эса 15 фоизгача қисқариши мумкин. 2030 йилга келиб сув танқислиги 7 млрд м³, 2050 йилга келиб эса 15 млрд м³га етиши эҳтимол қилинмоқда, бу эса минтақа ялпи ички маҳсулотини 11 фоизга пасайтириши мумкин.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази баҳолашларига кўра, Афғонистонда Қоштепа канали фойдаланишга топширилгандан 7 йил ўтиб, Амударё сув оқими 29 фоизга қисқариши мумкин. Бу эса 2030 йилга келиб 2022 йилга нисбатан суғориладиган ер майдонларини 19 фоизга қисқаришига ва деҳқончилик соҳасида 250 мингта иш ўрни йўқолишига олиб келиши мумкин.
Қишлоқ хўжалигига таъсири
Иқлим омиллари ҳосилдорликка жиддий таҳдид солмоқда. Жаҳон банки прогнозларига кўра, буғдой ва картошка етиштириш ҳажми 57 фоизга, пахта – 49 фоизга, олма – 63 фоизга қисқариши мумкин.
Агросекторда тузилмавий ўзгаришлар аллақачон намоён бўлди: 2017 йилда иқтисодиётда қишлоқ хўжалигининг улуши 32 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 19,2 фоизгача пасайди. Шу билан бирга, аграр маҳсулотлар экспорти 1,6 млрд долларга етди.
Рақобатдошлик истиқболлари ва минтақавий ҳамкорлик
Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда иқлим ўзгаришига мослашиш учун 2060 йилга қадар 46,7–59,8 млрд доллар миқдорида инвестиция зарур бўлади. Марказий Осиё минтақаси мазкур жараёнларга нисбатан ўта заиф ҳисобланади. Шу боис сув хавфсизлигини таъминлаш, чиқиндиларни қисқартириш ва углерод нейтраллигига эришиш соҳаларида мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш жуда муҳим аҳамият касб этади.
Чегараланган мослашув имкониятлари иқлимий молиялаштиришдан кенгроқ фойдаланиш, «яшил» инвестицияларни жалб этиш ва халқаро механизмларни самарали ишга солиш зарурлигини тақозо этмоқда.
Хулоса
Шу тариқа, Ўзбекистон БРМларни амалга оширишда барқарор илгарилашни намоён этмоқда. Бу жараён кенг кўламли ички ислоҳотларни фаол халқаро ҳамкорлик ва янги молиявий инструментларни жорий этиш билан уйғунлаштириб борилмоқда. Шу билан бирга, ўсиб бораётган демографик босим, сув танқислиги ва иқлим ўзгариши оқибатлари миллий ҳамда минтақавий даражада тизимли чора-тадбирларни талаб этмоқда.
Марказий Осиёда ҳамкорликни кучайтириш, «яшил» молиялаштириш ва технологик ечимларни жалб қилиш, шунингдек, глобал иқлим музокараларида фаол иштирок этиш узоқ муддатли мақсадларга эришишнинг асосий шартлари ҳисобланади.
«2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси» ва «Ўзбекистон – 2030» стратегияси зарур пойдеворни яратади, аммо уларнинг муваффақиятли амалга оширилиши ислоҳотларни изчил давом эттириш ва халқаро жараёнларга интеграцияланишга бевосита боғлиқ.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш