Жаҳон ва минтақавий иқтисодиётдаги ўзгаришлар

Жаҳон ва минтақавий иқтисодиётдаги ўзгаришлар

Бюджет харажатлари самарадорлигини ошириш орқали иқтисодий ўсишни жадаллаштириш

Халқаро валюта жамғармаси ҳисоботи, 2025 йил 7 октябрь

Давлат молиясини бошқаришнинг илғор усулларини жорий этиш бюджет харажатлари самарадорлигини ўртача 33 фоизга ошириш имконини беради. Ушбу хулоса 174 та мамлакат маълумотлари таҳлили асосида шакллантирилган.

Бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ва уларни оқилона тақсимлаш ЯИМни 6–11 фоизга ошириш имконини бериши мумкин.

ЯИМнинг 1 фоизига тенг маблағни бюджетнинг жорий харажатларидан таълим соҳасига қайта йўналтириш ЯИМни 3–6 фоизга, худди шундай ҳажмдаги маблағни инфратузилмани ривожлантиришга йўналтириш эса 1,5–3,5 фоизга ошириши мумкин.

Бюджет харажатларини қайта кўриб чиқиш давлат маблағларини тежаш имкониятларини аниқлашга ёрдам беради. Жумладан, Словакияда ушбу ёндашувнинг қўлланилиши давлат харажатларини 7 фоизга қисқартириш имконини берган.

Лойиҳаларнинг ижтимоий-иқтисодий самарадорлигини харажатлар ва фойдалар таҳлили (cost-benefit analysis) асосида олдиндан баҳолаш давлат инвестиция дастурлари натижадорлигини оширади.

Тогода лойиҳаларни мажбурий баҳолаш тартибининг жорий этилиши ва уларни молиялаштиришнинг ўрта муддатли бюджет режалаштириш тизими билан боғланиши давлат инвестициялари самарадорлигини 5 фоиз бандга ошириш имконини берган.

Эстония ва Швеция тажрибаси бюджет маблағларини эришилган натижалар асосида тақсимлаш ҳамда ўрта муддатли режалаштириш барча йўналишларда харажатларни бир хил қисқартиришга нисбатан юқорироқ самара бериши мумкинлигини кўрсатади.

Литийли аккумуляторларга муқобил натрий-ионли аккумуляторлар саноат миқёсида ишлаб чиқарилмоқда

Хитойнинг CATL компанияси литий ўрнига натрийдан фойдаланиладиган натрий-ионли аккумуляторларни саноат миқёсида ишлаб чиқаришни бошлади.

Натрийнинг табиатда кенг тарқалгани аккумуляторлар ишлаб чиқаришнинг литий етказиб беришга ва унинг нархидаги ўзгаришларга боғлиқлигини камайтириш имконини беради.

Ушбу турдаги аккумуляторлар электр энергиясини сақлаш тизимлари ва шаҳар электр транспорти учун истиқболли ҳисобланади. Чунки улар ҳатто паст ҳароратларда ҳам юқори сиғимини сақлаб қолиш хусусиятига эга.

Хусусан, −40°C ҳароратда аккумулятор ўз сиғимининг 90 фоиздан ортиғини сақлаб қолган.

Чилида рудадан мис ажратиб олиш даражасини оширувчи технология жорий этилди

Чилидаги Las Luces мис бойитиш корхонасида Финляндиянинг Metso компанияси томонидан ишлаб чиқилган Sampo Cell технологияси саноат миқёсида жорий этилди. 2026 йил сентябрь ойида бозорга тақдим этилган ушбу технология руда таркибидаги йирик заррачалар билан бирга йўқотиладиган металл миқдорини камайтиришга қаратилган.

Sampo Cell анъанавий флотация усулида бойитиш жараёнида чиқиндига чиқиб кетадиган йирик мис таркибли заррачаларни ажратиб олиш имконини беради.

Технологиянинг қўлланилиши натижасида мисни ажратиб олиш даражаси 2,6 фоиз бандга ошган.

Янги ускунани мавжуд бойитиш линияларига ишлаб чиқариш қувватларини жиддий модернизация қилмасдан ўрнатиш мумкин.

Шу билан бирга, технология электр энергияси сарфини 30 фоизгача, технологик сув сарфини эса 40 фоизгача қисқартириш имконини беради.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар