Жаҳон матбуоти шарҳи

Жаҳон матбуоти шарҳи

АҚШдаги мис захиралари жаҳон захираларининг 85 фоизига етди (Reuters)

АҚШ импорт божлари жорий этилиши кутилмалари жаҳон бозорида мис етказиб беришларининг қайта тақсимланишига олиб келди. 2026 йил бошидан буён АҚШ 1,3 млн тонна мис импорт қилди. Натижада жаҳондаги биржа захираларининг 85 фоизи Америка омборларида тўпланди. Айни пайтда Шанхай фьючерс биржасидаги захиралар сўнгги уч йилнинг энг паст даражаси - 33,8 минг тоннагача қисқарди. Хитойда мавжуд мис етишмаслиги импорт учун қўшимча устамани рекорд даражага, яъни бир тонна учун 230 долларга кўтарди.

АҚШда технологик компаниялар акциялари оммавий сотилганидан сўнг инвестиция фондлари мисга ҳам камроқ маблағ йўналтира бошлади. Бу эса бозордаги вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Шу билан бирга, АҚШ ва Лондон биржаларидаги мис нархлари ўртасидаги фарқ август ойидаги бир тонна учун 700 доллардан 80 долларгача қисқарди. Бу эса мисга талаб сақланиб қолаётган Осиё бозорларига металл етказиб бериш ҳажмини ошириш учун иқтисодий шароит яратмоқда.

Ҳиндистон савдо божлари туфайли тўқимачилик экспортининг АҚШга боғлиқлигини камайтирмоқда (The Economic Times)

АҚШ импорт божларининг оширилиши Ҳиндистон тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари экспортни Буюк Британия, Европа Иттифоқи ва БАА бозорларига қайта йўналтирмоқда. 2026 йил апрель-август ойларида Ҳиндистоннинг АҚШга тўқимачилик, кийим-кечак ва уй-рўзғор буюмлари етказиб бериши 9,8 фоизга қисқариб, 4 млрд долларни ташкил этди, бошқа бозорларга экспорт эса 3,7 фоизга ўсиб, 15,2 млрд долларга етди. Ҳиндистон тўқимачилик экспортида АҚШнинг улуши 2022 йилдаги 28,3 фоиздан 2026 йил августида 25,4 фоизгача камайди.

Ишлаб чиқарувчилар сотув таркибини қайта кўриб чиқмоқда. Orient Craft компанияси Америка бозорининг улушини 84 фоиздан 10 фоизгача қисқартириб, етказиб беришларни Европага қайта йўналтирди. Gokaldas Exports даромаддаги АҚШ улушини 50 фоиздан 35 фоизгача туширишни режалаштирмоқда. Буюк Британия билан савдо битими Ҳиндистон кийим-кечак маҳсулотларининг ушбу бозорга божсиз киришини таъминлайди, Европа Иттифоқи билан келишув эса 12-17 фоизлик импорт божларини бекор қилиш имконини бериши мумкин. Шу билан бирга, ҳажми 150 млрд долларга тенг ва йилига 7-8 фоизга ўсиб бораётган Ҳиндистон ички бозори ҳам тўқимачилик саноатини қўллаб-қувватламоқда.

АҚШда электр энергияси истеъмоли янги рекорд даражага етади (EIA)

АҚШ Энергетика ахбороти бошқармаси (EIA) прогнозларига кўра, мамлакатда электр энергияси истеъмоли 2025 йилдаги рекорд 4 216 млрд кВт·соатдан 2026 йилда 4 306 млрд кВт·соатга, 2027 йилда эса 4 370 млрд кВт·соатга етади. Шу тариқа, икки йил давомида электр энергиясига талаб 3,7 фоизга ошади. Ўсишнинг асосий омиллари сунъий интеллект технологиялари учун маълумотларни қайта ишлаш марказларининг кенгайиши, иситиш тизимлари ва транспортда электр энергиясидан фойдаланишнинг ортишидир. 2026 йилда аҳоли ва тижорат секторида электр энергияси истеъмоли энг юқори даражага етиши кутилмоқда.

Электр энергияси ишлаб чиқариш таркибида ҳам ўзгаришлар прогноз қилинмоқда. Қайта тикланувчи энергия манбаларининг улуши 2025 йилдаги 24 фоиздан 2027 йилда 28 фоизга ошади. Шу даврда кўмирнинг улуши 17 фоиздан 15 фоизга, табиий газники эса 40 фоиздан 39 фоизга камаяди. Атом энергетикасининг улуши 18 фоиз даражасида сақланиб қолади. Шу билан бирга, 2026 йилда электр станцияларининг табиий газга бўлган талаби суткасига 37,4 млрд куб футга етиб, 2024 йилда қайд этилган аввалги рекорддан ошиши прогноз қилинмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар