Жаҳон матбуоти шарҳи

Жаҳон матбуоти шарҳи

Хитой тоза технологияларни ривожлантиришга 132 млрд доллар йўналтирди (Reuters)

2025 йилда Хитойнинг ривожланаётган мамлакатларга тоза технологиялар экспорти ва ушбу соҳага киритган инвестициялари умумий ҳажми 132 млрд долларни ташкил этди. Шундан 40 млрд доллари тоза энергетика лойиҳаларига йўналтирилган тўғридан-тўғри инвестициялар ҳиссасига тўғри келди.

Таққослаш учун, 2024 йилда ривожланган мамлакатлар ривожланаётган давлатларга иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва унинг оқибатларига мослашиш чораларини молиялаштириш учун 137 млрд доллар ажратган. Бироқ Хитой инвестициялари асосан тижорат асосидаги маҳсулот ва ускуналар етказиб бериш билан боғлиқ бўлса, ривожланган мамлакатлар томонидан ажратиладиган маблағлар кредитлар, грантлар ва бошқа молиявий кўмак шаклларини қамраб олади.

Қуёш панеллари, аккумуляторлар ва электромобиллар ишлаб чиқариш ҳажмининг кенгайиши тоза технологиялар нархининг пасайишига хизмат қилмоқда. 2025 йилда Хитой ускуналарининг ривожланаётган мамлакатларга етказиб берилиши ва жорий этилиши натижасида иссиқхона газлари чиқиндиларини ҳар йили 257 млн тоннага қисқартириш имконияти яратилади. Хитойнинг қуёш панеллари ва уларни ишлаб чиқариш учун зарур элементлар экспортининг қарийб учдан икки қисми ривожланаётган мамлакатлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

2026 йил кузатувлар тарихидаги энг иссиқ тўрт йилдан бири бўлади (ЖМТ)

Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида глобал ўртача ҳарорат саноатлашувгача бўлган давр даражасидан 1,47°C юқори бўлди. Сўнгги 12 йил метеорологик кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йиллар сифатида қайд этилди, 2023-2026 йиллар эса энг юқори ҳарорат кузатилган тўрт йил қаторига кирди. ЖМТ Эль-Ниньо иқлим ҳодисасининг кучайиши таъсирида ҳарорат янада кўтарилишини кутмоқда. Унинг таъсири 2027 йилда ҳам сақланиб қолиши прогноз қилинмоқда.

Ҳисоботга кўра, океан сувлари ҳарорати кетма-кет ўнинчи йил рекорд даражада сақланмоқда, жаҳон океанининг ўртача сатҳи эса 2026 йилда тарихий энг юқори кўрсаткичга етди. 2025 йилда музликлар 400 млрд тоннадан ортиқ муз йўқотди. Кучли иссиқлик, қурғоқчилик ва сув тошқинлари қишлоқ хўжалиги, сув таъминоти ва иқтисодиёт учун хавфларни оширмоқда.

Ҳисобот 9 ноябрь куни Туркияда БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича COP31 конференцияси очилишида тақдим этилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар