Ташриф қоғози
Анвар Абдулаҳадович Захидов – АҚШда яшайдиган физик олим, нанотехнология ва материалшунослик соҳасида Ўзбекистондан етишиб чиққан энг таниқли олимлардан бири. 1953 йил 2 майда Тошкент шаҳрида туғилган. Ҳозирги вақтда АҚШда Далласдаги Техас университетида (The University of Texas at Dallas) физика профессори ва илм юртининг Нанотехнологиялар институти (Alan MacDiarmid NanoTech Institute) раҳбарларидан бири сифатида фаолият юритади. Анвар Захидовнинг Ҳирш индекси 75 га тенг (h=75) – бу ўзбекистонлик олимлар орасида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади (унинг илмий ишларига 41 150 дан зиёд маротаба иқтибос келтирилган).
Анвар Захидов 1975 йилда Тошкент политехника институтининг (ҳозирги Тошкент давлат техника университети) муҳандислик-физика факультетини тамомлаган. 1981 йилда Москванинг Троицк шаҳридаги СССР Фанлар академияси Спектроскопия институтида номзодлик диссертациясини (физика бўйича PhD, оптика) ҳимоя қилган.
1980-йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ядро физикаси институтида “Молекуляр ва органик тузилмалар” лабораторияси мудири, кейинчалик эса Иссиқлик физикаси бўлимида ишлаган. 1990-1995 йилларда Япония (Киото, Осака, Окадзакидаги Молекуляр фанлар институти) ва Италиянинг (Bologna Inst Nanotechnology) етакчи университетларида таклиф этилган профессор бўлган. 1996-2001 йилларда Honeywell (собиқ AlliedSignal) компаниясида катта илмий ходим лавозимида ишлаб, истиқболли материалларни ишлаб чиқиш билан шуғулланган.
2001 йилда Далласдаги Техас университетига ўтиб, у ерда Alan G. MacDiarmid NanoTech Institute асосчиларидан бири бўлган. Айни пайтда физика фани профессори ва институт директорининг ўринбосари лавозимида фаолият юритмоқда.
Профессор Захидов нанотехнологиялар ва наноматериаллар, углерод нанотрубкалари, фотон кристаллари, органик электроника ҳамда OLED, янги авлод қуёш элементлари, перовскит квант материаллари, юқори ўтказгичлар ва фуллеренлар соҳасидаги тадқиқотлари билан кенг танилган.
Анвар Захидов 400 дан зиёд илмий нашр муаллифи бўлиб, материалшунослик ва нанотехнологиялар соҳасида энг кўп иқтибос келтирилган тадқиқотчилар қаторига киради. Унинг илмий ишлари углерод нанотрубкаларидан шаффоф плёнкалар ва толалар, эгилувчан электроника, юқори самарали қуёш элементлари, шунингдек, хоссалари бошқариладиган фотон материалларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган. Профессор нанотехнологияларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Fellow American Physical Society (2009), Fellow American Association for the Advancement of Science (2020), Asian-American Engineer of the Year (2003) каби нуфузли мукофотлар соҳиби ҳисобланади.
АҚШда кўп йиллар давомида фаолият олиб борганига қарамай, Анвар Захидов Ўзбекистон билан илмий алоқаларни ҳам сақлаб қолган. У мамлакатда илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришга бағишланган халқаро конференцияларда бир неча бор қатнашган ва ўзбек илмий муассасалари билан ҳамкорликни қўллаб-қувватлаган. Айни пайтда Анвар Захидов Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети билан ҳамкорликда ташкил этилган Самарқанд квант марказига раҳбарлик қилмоқда. У 2023 йилда нуфузли “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” унвонига сазовор бўлган.
Самарқанд квант маркази ва унинг инновациялари ҳақида
– Анвар Абдулаҳадович, Самарқанд давлат университети билан ҳамкорликдаги лойиҳангиз ҳақида гапириб берсангиз, у нима билан шуғулланади?
– Биз Самарқанд квант марказини 2023 йил август ойида Самарқанд давлат университети ректори, профессор Холмурадов Рустам Ибрагимовичнинг ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида ташкил этдик. Бу қандай содир бўлди? Мен бу ерга келиб, 2023 йил май ойида Quantum materials мавзуси бўйича конференция ташкил қилдим, унда Россия квант маркази (RQC) вакиллари, жумладан, бугунги кунгача унинг директори бўлиб келаётган Руслан Юнусов ҳам иштирок этган эди. RQC – бу 100 фоиз нодавлат ташкилотдир. Уни 2010 йилда физиканинг муҳим йўналишларини, айниқса квант технологияларини ривожлантиришни молиялаштиришни бошлаган таниқли физиклар гуруҳи тузган. Улар дунёда биринчилардан бўлиб квант компьютерини яратишни бошлаб, салмоқли ютуқларга эришишди. Мен уларни жуда яхши биламан, Россияда ҳам кўп ишлаганман.
2015 йилда Москва пўлат ва қотишмалар институтида (МПҚИ) инновацион лаборатория ташкил этилишининг бошида турганман. Шунингдек, Петербургдаги АТМО университетида “Pero-Lab” лабораториясига раҳбарлик қиламан. Эҳтимол, Россия мегагрантини қўлга киритган ўзбекистонлик олимлардан бири ва МДҲдан чиққан саноқли чет элликлардан бириман. Бу жуда катта грант, кейинчалик эса биз Россия Президенти грантини ҳам ютиб олдик. Ва мана шу Россия квант марказидаги ҳамкорларнинг ташаббуси билан, RQC’га ўхшаб, Самарқанд квант марказини (SQC) туздик, унинг олдига Ўзбекистонда бошланғич квант технологияларини яратиш вазифаси қўйилган эди. Ўша пайтда биз квант компьютерига даъво қилмаган эдик. Бизнинг вазифамиз янги квант материалларини, квант нуқталарини ва табиатда учрамайдиган шу каби янги материалларни яратишдан иборат эди. Хусусан, уч йил давомида менинг раҳбарлигим остида турли таркибга эга бўлган, такрорланувчан перовскит квант нуқталари яратилди. Таъкидлаш жоизки, айнан ушбу объектларни кашф этганлиги учун 2023 йилда уч нафар олим (жумладан, петербурглик Алексей Экимов) Нобель мукофотига сазовор бўлган. Бугунги кунда квант нуқталари кўплаб замонавий технологияларнинг негизини ташкил этади. Масалан, Samsung компанияси дисплей ва экранларининг QLED (Quantum Dot LED) деб аталиши ҳам бевосита мазкур технология билан боғлиқдир.
Шу тариқа, биз Самарқанд квант марказида квант нуқтали қуёш ойналари технологиясини ўйлаб топдик. Биз яратган ва патентлаган QDга эга шаффоф ойналар аллақачон амалий қўлланилиб келинмоқда: жумладан, Самарқанддаги “СамГласс” заводида биз уларни ишлаб чиқариш линиясини йўлга қўйдик. Уларда Самарқанд квант марказида яратиладиган квант нуқталарини жорий этмоқдамиз. Бу Марказий Осиёдаги ягона шундай натижадир. Улар қуёшдан ультрабинафша нурларни ютиб, кўринадиган соҳага қайта нур сочади ва бу қайта нурланиш ойнанинг чет қисмида жойлашган юқори самарали фотовольтаик ўзгартиргичлар томонидан ютилади. Уларни сиртдан кўриб бўлмайди. Шу тариқа биз электр энергиясини ишлаб чиқарамиз. Маълум бўлишича, агар ушбу квант нуқталари полимер плёнкаларга киритилиб, масалан, иссиқхоналар шу билан ёпилса, биз қайта нурланувчи ёруғлик спектрини шундай тартибга сола оламизки, у ўсимликлар томонидан яхшироқ сўрилади, фотосинтез жараёни яхшироқ кечади, ўт-ўлан ва помидорлар яхшироқ ўсади. Биз уларни ҳатто “квант помидорлари” ёки, мисол учун, кўкатлар, руккола деб атаймиз. Биз янада барра бўлган, яхшироқ ўсадиган ва ҳосилдорлиги 30 фоизга юқори бўлган квант рукколасини ўстирдик. QD-плёнкалар ўрнатилган бундай иссиқхоналар ҳам Самарқанд университетида яратилган ва профессор Тошпулат Ражабов раҳбарлик қилаётган Агробиотехнологиялар институти мутахассислари томонидан синовдан ўтказилган.
– Технология ишлай бошладими?
– Ҳа, бошлади ва бу иш давом эттирилмоқда. Ҳозир улар Жанубий Корея мутахассислари билан биргаликда улкан ақлли иссиқхона қуришмоқда. Биз мана шу ақлли иссиқхонага ўз плёнкаларимизни ўрнатамиз. Бу лойиҳа Жаҳон банки томонидан иккита лойиҳа доирасида молиялаштирилган. Бири BIRD деб номланади – қиймати 600 минг долларлик Business Initiative Research Development. Шунингдек, бизда 150 минг долларлик инвесторлар ҳам бор эди: “Агромир” ва Самарқанддаги яна бир корхона – “Пластик-Стеклопластик”. Улар бизга 150 минг доллар беришди. Афсуски, бюрократик тўсиқлар туфайли грантнинг фақат 400 минг долларини ўзлаштиришга муваффақ бўлдик. Лекин шунга қарамай, бизда тайёр маҳсулот бор ва биз ишни давом эттириш истагидамиз.
– Маҳсулот аллақачон яратилган, унинг тижорий жиҳатдан талабгирлиги қандай, ҳозирнинг ўзидаёқ уни қўлласа бўладими?
– Ҳа, Жаҳон банки биздан жуда мамнун ва ишларни молиялаштиришни давом эттиришга тайёр. Бу маҳсулот яратилган, бироқ уни янада такомиллаштириш керак. Масалан, плёнкаларни уч қаватли қилиш зарур. Ҳозир улар бир қаватли ва йил давомидаги синовлар таъсирида илк кўринишини йўқотган, бу табиий жараён, негаки улар янги технологиялар ҳисобланади. Агар биз ўзимизнинг бу ақлли QD-плёнкаларимиздан километрлаб ишлаб чиқарганимизда, Ўзбекистон аграр мамлакат сифатида ўзининг барча иссиқхоналарини “ақлли” иссиқхоналарга айлантириши мумкин эди ва биз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини янада яхшироқ етиштирган бўлар эдик. Биласиз, ҳозирда иссиқхоналаримизда одамлар газ ёқади. Бу яхши эмас, атроф-муҳит ифлосланяпти, ҳатто резина баллонларни ҳам ёқишади. Деҳқонларимиз ҳам амаллаб кун кўриши, пул топиши керак. Улар квант технологиялари асосидаги плёнкалардан фойдаланишлари ҳам мумкин эди. Лекин бу энг илғор технология эмас, шунчаки янги кашфиётлар асосида яратилган оддий амалий фан.
Дарвоқе, “СамГласс” ишлаб чиқараётган ойналарни ҳозирча оз миқдорда ишлаб чиқаряпмиз ва айрим маҳаллий корхоналарга, жумладан, инвесторимиз – “Агромир” ва Самарқанд давлат университети биноларига ўрнатишга улгурдик. Лекин биз Жаҳон банки маблағлар муддатини узайтириб, янги пул ажратса ёки инвесторлар маблағ киритса, фаолиятимизни кенгайтиришни мақсад қилганмиз. Режаларимиз кенгайиб бормоқда.
Квант компьютерлари ҳақида
– Сиз бу ҳали бошланиши ва Самарқанд квант марказини янада ривожлантириш мақсадидамиз, деган эдингиз…
– Энди менинг мақсадим янада жиддий ва мураккаб – Ўзбекистонда ўз квант компьютеримизни яратиш. Бу жуда қиммат турадиган лойиҳа бўлиб, янги турдаги кубитларни яратишни талаб қилади. Биз бу билан тадқиқий маънода шуғулланамиз.

Бироқ тижорий квант компьютерлари АҚШ, Хитой, Канада ва Францияда аллақачон яратилган. Улар жуда қиммат туради. Масалан, тадқиқот даражасидаги оддий QC: квант компьютери ўнлаб миллион доллар турса, саноат даражасидаги тижорий компьютер 500 миллиондан бир неча млрд. долларгача баҳоланади. Масалан, яқинда Саудия Арабистони (Франция компанияси билан ҳамкорликда) саноат даражасидаги ўзининг тижорий квант компьютерини қарийб бир ярим млрд. долларга сотиб олди. Жанубий Корея QC яратиш бўйича тадқиқотларга тахминан 2,5 млрд. доллар маблағ йўналтирмоқда. Хитой эса бу соҳага ҳар йили 15 млрд. доллар сарфламоқда.
– Квант компьютерлари ўзи нима учун керак?
– Чунки бу келажак демакдир. АҚШ бунга бежиз ўнлаб миллиардлар сарфламаяпти. Буни давлат эмас, асосан йирик корпорациялар амалга оширмоқда – Google, IBM, Microsoft бизнинг бугунги технологияларимизни, хусусан, сунъий интеллектни тубдан ўзгартириб юборадиган йирик саноат квант компьютерларини яратиш учун ўнлаб млрд. доллар сарфламоқда. СИ квант компьютерлари билан бирлашганда, инсоният янги эрага қадам қўяди. Ўзбекистон ҳам бу даврга биргаликда қадам қўядиган давлатлар сафида бўлиши керак. Эсингизда бўлса, яқин вақтгача Ўзбекистонда самолётлар ишлаб чиқарилган. Дунёдаги атиги 8 та миллат ўз самолётини ярата олган ва Ўзбекистон ҳам уларнинг орасида эди... Бироқ биз самолётсозликни бой бердик. Тракторсозлик, энергетика, электроника каби соҳаларда бошқа кўплаб hi-tech технологияли гигантларни ҳам. Ҳозир буларнинг ўрнини тўлдирмоқдамиз ва буни янги, илғор йўналишларда амалга оширишимиз керак. Квант технологиялари эса айни пайтда энг олдинги сафда туради. Бугун Ўзбекистон Марказий Осиёда шахмат, футбол, дзюдо, кураш ва боксдаги ютуқлар ҳисобига олдинга чиқди, бу жуда яхши натижа. Биз буюк маданият обидаларини яратмоқдамиз: Ислом цивилизацияси маркази, мана, яқиндагина катта маблағ сарфланган Ал-Бухорийнинг ажойиб ва бетакрор мақбарасида бўлдим, буларнинг барчаси жуда тўғри. Яъни, Ўзбекистон маданий-тарихий, муҳим йўналишларга, спорт ва қурилишга миллиардлаб маблағ сарфлашга қодир. Афсуски, илғор технологиялар ва фундаментал илм-фан ҳали ютуқларимизни татбиқ этиш учун бундай муносиб эътибор, баҳо ва қўллаб-қувватланишга эришгани йўқ. Агар биз шу тариқа ҳаракатсиз бўлишда давом этаверсак, у ҳолда учинчи дунё мамлакатлари қаторида қолиб кетамиз. Мен буни кескин ва ҳеч тортинмасдан айтяпман, чунки ёшим бир жойга бориб қолган, ҳаётда кўп нарсани кўрганман. Ёшим 74 да, 70 га тўлганимда ҳаж учун Маккага эмас, Бухорога – Ибн Синонинг олдига борганман. Чунки буюк бобомиз Абу Али ибн Сино минг йил олдин, биринчи Ренессанс давридаёқ бутун жаҳон илм-фанини – тиббиёт, фалсафа, физика ва бошқа кўплаб фанларни олға силжитган буюк даҳо бўлган. Орадан минг йил ўтиб, биз учинчи Ренессанс остонасида турибмиз. Узоқ келажакни кўзлаган ҳолда оқилона сиёсат олиб бораётган муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бор. Давлатимиз раҳбари ўз стратегик қарашига эга. Менга янги Ўзбекистон ва янги Ренессанс ғояси жуда ёқади. Мен халқимизга юқори технологияли жамият қуришга ёрдам бериш учун ўз Ватанимга қайтдим. Лекин ҳозирча фақат ёзда келяпман, чунки йилнинг 9 ойи давомида Американинг Техас штатида ишлайман – наномарказни бошқараман, маърузалар ўқийман, аспирантлар билан ишлайман, шунингдек, Қозоғистон билан ҳам ҳамкорлик қиламан. Қозоғистон илм-фан соҳасидаги глобал пойгага Ўзбекистондан бироз олдин қўшилди.

Ҳеч қандай хатоликсиз ишлайдиган квант компьютери энг илғор бўлиши мумкин. Ҳозирча бундай қурилма ҳеч қаерда йўқ ва бу каби тадқиқотлар катта маблағ талаб қилади. Ўйлайманки, бизда ҳам ўзбек меценатлари бор. Масалан, Алишер Усмонов. Мен уни жуда ҳурмат қиламан, у буюк инсон, биз у киши билан тенгдошмиз. Унинг жаҳон бўйича ва Ўзбекистонда илм-фан ва маданиятга қандай ёрдам бераётганини ҳайрат билан кузатаман. Бошқалар ҳам бор: Фаттоҳ Шодиев, Маҳмудов – улар металлар соҳаси билан шуғулланишади, Жаҳонгир Ортиқхўжаев бор, у тиббиёт ва амалий асбоб-ускуналар соҳасида илғор технологияларни ривожлантириш учун айниқса кўп иш қилмоқда. Уларнинг ҳаммаси юртимиз ривожига катта ёрдам бермоқда. Агар улар бизнинг соҳага ҳам эътибор қаратиб, ўз миқдори ва тушунчаларига кўра унчалик катта бўлмаган, арзимас – айтайлик, йигирма-ўттиз миллион маблағни ажратишса, давлат ҳам шунча маблағ берса, биз илмий ходимлар Қозоғистонда Сингапур билан ҳамкорликда яратилган SP Qubitera туридаги квант компьютерини хусусий тадқиқот маркази негизида Ўзбекистонда яратишга ўз ҳиссамизни қўшган бўлар эдик.
– Самарқанддаги марказингизда қанча одам ишлайди?
– Ҳозирча унчалик кўп эмас. Жаҳон банкининг BIRD гранти вақтида 30 га яқин одам ишларди. Ҳозир эса Жаҳон банкини молиялаштириш жараёни якунланди, шунингдек, Инновациялар вазирлигининг иккита лойиҳаси ва грантлари ҳам ўз ниҳоясига етди. Афсуски, илмий-техник кенгашларнинг бюрократияси туфайли яна янги грантларни юта олмадик. У ерда ўтирган айрим амалдорлар ҳужжатларни нотўғри ёки вақтида тўлдирмаганимизни айтиб, шу асосда қарор чиқаришади. Уларни ўзлари сидқидилдан бажарадиган кўплаб циркулярлар, расмий қоидалар кўпроқ ташвишга солади. Улар жиддий илмий натижаларга қандай эришиш кераклигини тушунмай, баъзида ўзлари ҳам билмаган ҳолда ҳамма нарсани барбод қилишади. Афсуски, ҳозир вазият шундай. Биз улар туфайли шу тариқа молиялаштиришдан маҳрум қолдик... Бу Ўзбекистондаги тадқиқотчиларнинг катта муаммосидир. Бюрократлар армиясининг ҳаддан ташқари қоидабозлиги туфайли биз суръатни ҳам, одамларни ҳам йўқотдик. Бу ерда ҳатто квант компьютерлари ҳақида ўйлаш ҳам қийин, аввало жамоани қайта тиклаш, натижадан ўта жиддий манфаатдор бўлган мутахассисларни йиғиш керак. Шунинг учун ҳам, юқорида тилга олганимдек, Америкада жаҳондаги энг илғор квант компьютерларини фақат Google, IBM, Microsoft каби корпорациялар яратган.
– Ҳозир марказингизга давлат томонидан қандай ёрдам лозим?
– Давлат маҳаллий олимларнинг ишланмаларини ривожлантиришга кўмаклашиши, шунингдек, ўз идораларидаги бюрократик қоидабозлик ва сусткашликдан қутулишга ҳаракат қилиши керак. Бундан ташқари, инвестициялар билан ёрдам берадиган тижорат тузилмаларига юзланиши зарур. Агар меценатларимиз ватанимизга қайтишга тайёр бўлган хориждаги мутахассисларга эътибор қаратиб, ишларни йўлга қўйишда амалий ёрдам беришса, бу давлат учун катта кўмак бўлар эди. Агар Алишер Усмонов, Фаттоҳ Шодиев, Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва бошқа кўплаб меценатлар (шу жойда ажойиб ва муваффақиятли бизнесменларнинг исмларини такрорлашдан қўрқмайман) Россия квант марказига ўхшаб ташкил этилиши керак бўлган шундай хусусий тузилмага ёрдам бера олсалар, жадал илгарилаш содир бўлган бўлар эди, чунки уларнинг ўзи муваффақиятдан манфаатдор бўлиб, бюрократияга эътибор қаратишмасди. Зеро, квант компьютери уларга реал фойда келтиришни бошлайди ва инвестициялари юз чандон қайтиб келади. Бизнинг бизнесменлар асл муваффақият нима эканини ва у қандай қилиб карра фойда келтиришини яхши билишади. Биз ҳатто квант компьютери асосидаги инновацион хизматларни атрофимиздаги қўшни давлатларга ҳам сотишимиз мумкин бўлади.
Шунингдек, уларга QC учун янги квант дастурий таъминотини ҳам сотишимиз мумкин: Ўзбекистонда Q учун янги квант алгоритмларини ишлаб чиқадиган дастурчилар когортаси бор. Буюк аждодимиз Ал-Хоразмий биринчи алгоритмларни яратгани каби, шогирдлар плеядасини, квант алгоритмлари бўйича экспертларни тарбиялаган профессор Дилноза Муҳамадиева ҳам шулар жумласидан. Бежизга “алгоритм” сўзи алгебра ва ўнли ҳисоб тизимининг буюк ихтирочиси исмидан келиб чиқмаган. Бизга янги “Квант Ал-Хоразмийлар” керак ва уларни тезроқ тайёрлаш лозим. Шу мақсадда СамДУ ректори Рустам Холмуродовнинг тинимсиз қўллаб-қувватлаши остида Самарқандда SQCда бўлажак дастурчиларни тезкор тайёрлаш учун таълим даражасидаги у қадар қиммат бўлмаган квант компьютерларини зудлик билан сотиб олмоқдамиз. Тез орада қўшниларимиз ҳам буларнинг барчаси – квант компьютерларимиздаги вақт учун ҳам, ўзларининг халқ хўжалиги соҳасидаги йирик вазифаларини ҳал қилишга ёрдам берадиган янги квант алгоритмлари учун ҳам ҳақ тўлашади. Бу худди уларнинг бизга газ, нефть, сув, нодир металлар ёки олтин учун ҳақ тўлашидек гап. Квант ҳисоб-китоблари – келажак олтинидир. Уларнинг ҳаммаси бизнинг хизматларимиздан фойдаланади. Улар бизга ишонч билдиради. Улар бугунги мураккаб дунёдаги сиёсий тўсиқлар ёки турли санкциялар туфайли хорижий квант компьютерларидан фойдалана олмаслиги мумкин, лекин бизнинг Марказий Осиё квант компьютерлари ва квант алгоритмларимиздан фойдаланишади. Аммо бунинг учун буларнинг барчасини яратиш керак. Булар ҳозирча бизда йўқ. Ҳатто Туркияда ҳам квант компьютерлари бор, Ҳиндистонда тўлиқ мукаммал бўлмаса ҳам ўз қурилмалари мавжуд. Бизда эса ҳозирча ҳеч бири йўқ, лекин тез орада 2-3 кубитлик таълимга мўлжалланган кўринишда бўлади, кейин эса шериклар билан биргаликда 5-10 кубитлик қиламиз. Бу ҳам муаммо. Яратилаётган компьютерлар хатоликлар билан ишлайди. Масалан, 96 ёки ҳатто 99 фоиз... лекин барибир хатоликлар бор. Барибир 1-4 фоиз хатолик қолади. Бу жуда кўп. Ҳеч қандай хатосиз ишлайдиган квант компьютерини яратиш керак. У ҳали дунё бўйича яратилгани йўқ. Ҳар бир мамлакатда кучли квант компьютерлари бор, қаердадир кучли, қаердадир нисбатан кучсиз, лекин уларнинг барчаси хатоликлар билан ишлайди. Ўйлайманки, 2029 йилга бориб (балки ундан ҳам эртароқ) Хитой ёки Америкада ниҳоят “error-free” деб аталадиган ва хатосиз ишлайдиган квант компьютери пайдо бўлади. Ўшанда улар барча кодларни махфийликдан чиқара оладилар. Бу барча хавотир билан кутаётган ҳалокатли квант куни бўлади.
Илм-фанни ривожлантириш ҳақида
– Сизнингча, ҳозир Ўзбекистонда илм-фанни янада яхшироқ ривожлантириш учун нима қилиш керак?
– Ўзбекистонда фанни янада яхшироқ ривожлантириш учун янги илмий тузилмаларга жиддий равишда катта миқдорда капитал маблағ киритиш керак. Бу фақат мавжуд бўлган давлат тузилмалари орқали амалга ошмаслиги ҳам мумкин. Улар бизда бор ва яхшиланмоқда, бироқ мен бу ерда уларнинг ғазаби ва ҳатто қаҳрига учраш хавфи остида кўп бор таъкидлаганимдек, улар жуда секин ишлайди ва ўта бюрократлашган... Ҳомийларимни танқид қилаётганим учун Аллоҳ мени кечирсин... лекин уларга қанчалик қийинлигини тушунаман, шунинг учун хусусий стартап компаниялари ва ноҳукумат инновацияларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияларини ташкил этган ҳолда уларга ёрдам бериш лозим.
Барибир янги нодавлат, хусусий тузилмалар орқали инвестициялар жалб қилиш зарур. Стартап компаниялар ва хорижий инвестициялар орқали ҳам. Квант компьютери – бу ўз вақтида атом бомбаси қанчалик жиддий масала бўлгани каби муҳим масала. II жаҳон уруши охирида собиқ Иттифоқ олдида кескин савол туғилган эди: атом бомбасига эга бўлган мамлакат ўзини ҳимоя қила олади, у ўзини ҳимоя қилади ва илғор давлатлар қаторига чиқади. Ўшанда Совет Иттифоқи буни амалга ошира олган, бироқ бошқа кўплаб давлатлар, масалан, Япония ва Германия буни уддалай олмаганди.
Қолаверса, собиқ Иттифоқда энг яхши ва қудратли термоядро қуролини ҳам ўзлари яратишган. Бироқ ўша пайтда у катта маблағлар йўналтирган, ажойиб ташкилотлар тузган, маблағни аямаган ва энг зўр олимларни жалб қилган. Энг муҳими, бюрократия, тендерлар, ортиқча режалаштириш каби тўсиқлар унутилган. Ҳозир Ўзбекистонда ҳам худди шундай йўл тутиш керак. Ёки бошқа бир мисол: коинот. Королёв космик ракеталарини яратган. Мен Ўзбекистонда ҳам ўз космик йўналишимиз ва технологияларимиз бўлиши керак деб ҳисоблайман. Шукрки, Президентимиз Росатом ва Россия билан ҳамкорликда ҳозир Жиззахда кичик қувватли атом станцияларини қурмоқда. Кимларгадир бу ёқмаса ҳам, бу улкан ютуқ. Замонавий дунёга атом энергетикасисиз кириб бўлмайди. У хавфсиз ва жуда яхши. Бироқ буни фақат физиклар тушунади, бошқаларни эса секин-аста бунга ишонтириш лозим. Қолаверса, Ўзбекистонда уран бор. Давлатимиз раҳбари тўғри иш олиб бормоқда, мен шахсан ўзим узоқ вақтдан бери шуғулланиб келаётган қуёш, шамол энергияси билан бир қаторда, янги турдаги ўзгартиргичларни, яъни атом энергияси, коинот ва квант компьютерини яратяпмиз. Қайта тикланувчи энергия манбалари – келажагимиз учун муҳим соҳалардир.
– Квант компьютерлари Ўзбекистон иқтисодиётига ва тараққиётига қандай ёрдам бериши мумкин?
– Квант компьютерлари жуда катта ёрдам берган бўларди. Биринчидан, квант компьютерлари энергетика соҳасидаги масалаларни ҳал қилиши мумкин. Ўзбекистондаги асосий муаммо – бу сув, энергия ва атмосферанинг ифлосланиши. Ўзбекистон – ажойиб мамлакат, бироқ Тошкентда ҳаво жуда ифлосланган, одамлар касалланмоқда. Бу ерда нафас олиб бўлмаяпти, аллергия касалликлари кучайган, ҳаво заҳарланган. Хитой ва Пекинда ҳам худди шундай ҳолат бўлганди, лекин улар бу масалани ҳал қилишди.
Ўзбекистон бу муаммони ҳал қилиши учун датчиклар масаласини тўғрилаб олиши керак, бундай датчиклар тезкор таҳлил қилувчи квант датчиклари бўлиши мумкин. Ана шу чиқиндиларни йўқ қиладиган янги катализаторларни яратиш лозим. Тошкент ва Самарқанддаги бир гуруҳ ҳамкасбларим билан Google учун катта лойиҳа ёздик. 5 млн. долларлик XPrize competition учун. Биз ҳатто 100 та давлат ичидан иккинчи турга ўтиб, 80 талик гуруҳга кирдик. Google компьютери тозалаш масалаларини, шунингдек, сув муаммосини ҳал қилишга ёрдам беради. Ўзбекистонда сув масаласи яқин бир неча йил ичида ҳалокатли муаммога айланади. Агар уни тўғри ишлатиб, сув хўжалиги тизимлари тўғри ҳисоб-китоб қилинса, бунинг олдини олиш мумкин. Бу соҳа билан менинг раҳматли отам, Ўзбекистон ирригациясининг асосчиларидан бири, профессор Абдулаҳад Захидов шуғулланган. У ҳатто “Марказий Осиёнинг сув хўжалиги тизимлари” номли китоб ҳам ёзган, унда агар сувдан нотўғри фойдаланилса, Орол қуриб қолишини ўз вақтида олдиндан башорат қилган. У буни компьютерлар ёрдамида ҳисоблаб чиққанди. Ҳа, отам ўша пайтдаёқ компьютерлардан фойдаланишни таклиф қилган ва ЎзР Фанлар академияси Кибернетика институтида шундай дастурлар тузилиб, 70-йилларнинг компьютерларида сув хўжалиги ресурсларини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимлари яратилган. Бироқ бунинг учун ўша пайтдаги оддий компьютерларнинг қуввати етарли бўлмаган. Ҳозир ҳам худди шундай. Ҳамма нарсани ҳисобга олиш учун катта ва қудратли квант компьютерлари зарур, ўзгарувчилар эса жуда кўп. Чунки ҳамма нарса ўзгаряпти, музликлар камроқ эриб, сув шимилиб кетяпти, шўрланяпти, уни кимдир биздан тортиб оляпти, буғланиш юз бермоқда ва ҳоказо. Тушуняпсизми, энди биз уни нафақат афғонлар, қирғизлар, қозоқлар, тожиклар билан, балки турли давлатлар билан бўлишишимиз керак. Бу жуда катта муаммо. Айтганча, бу ҳақда отамнинг шогирди, профессор Аброр Қодиров ҳам батафсил ёзган.
Бундан ташқари, яна бир кескин муаммо бор – энергия ва энергетика тармоқлари, шунингдек, тиббиёт соҳасида жиддий муаммолар мавжуд, айниқса, бу глобал исиш ҳамда жорий йилнинг июль ойида бошимиздан кечган кучли жазирама шароитида ҳамюртларимизнинг, айниқса болаларнинг саломатлиги билан боғлиқ. Энг муҳими эса мамлакат хавфсизлиги масаласи. Агар ҳозир киберхавфсизлик тизимларини ярата олмасак... Биламизки, банклар ўртасида, ҳарбийлар ўртасида ва давлат тузилмалари ўртасидаги бутун коммуникация кодланади. Ҳатто телефон ёки электрон почта орқали бир-биримизга юборадиган хабарларимиз, Телеграмдаги ёзишмаларимиз ҳам, барчаси кодлар билан ҳимояланган, тўғрими? Гарчи СИ турли кўринишдаги хакерларга катта ёрдам бера бошлаган бўлса ҳам, бу кодлар ҳозирча ишончли. Бироқ бошқа давлатлар қудратли квант компьютерини яратса, улар бу кодларни дақиқалар, ҳатто сониялар ичида фош қилишади. Ўшанда, масалан, ҳамма банклар ўз махфийлигини йўқотади ва одамлар ўз жамғармаларидан маҳрум бўлишлари мумкин. Бир кунда. Ҳарбий сирлар ва бошқаларни айтмаса ҳам бўлади.
– Яъни, биз ўз тизимларимизни яратишимиз керакми?
– Ҳа, биз ўз тизимларимизни барпо этишимиз ва буни квант компьютерлари, квант алоқаси тизимлари, квант интернет ёрдамида амалга оширишимиз зарур. Биз ўз квант кодларимизни яратишимиз керак. Сигналларни квант алоқа линиялари орқали узатадиган квант кодларини (бу алоҳида вазифа бўлиб, биз узатиш тизимларимизни ҳимоя қилиш учун Quantum Photonic Center’ни ташкил этган ҳолда SQCда бу масалада аллақачон иш бошлаганмиз). Тасаввур қилинг, масалан, раҳбарларимиз телефон орқали гаплашади, қайсидир мамлакат эса буларнинг барчасини ўқиб чиқади ва уларнинг суҳбатини тескари маънодаги матнга алмаштириб қўяди. Ана ўшанда фалокат юз беради. Ёки битта йўналишда учиши керак бўлган самолётлар бир-бири билан тўқнашиб, ерга қулайди. Кемалар тўқнашиб кетади. Бу даҳшатли ҳолат бўларди. Шунинг учун янги, квант кодлари билан ҳимояланиладиган эрага тезроқ қадам қўйиш керак. Буни тушунарли тилда англата олдим, деб ўйлайман.
– Бугунги кунда трендда бўлган сунъий интеллектнинг келажаги ҳақида қандай фикрдасиз?
– Менимча, сунъий интеллектнинг (СИ) келажаги бир томондан порлоқ, бошқа томондан эса хавфли. Чунки ҳатто СИ устида ишлайдиган олимларнинг ўзи, жумладан, менинг ҳамкасбларим ҳам бундан хавотирда. Кўриб турганимиздек, СИ – бу ўзига хос олам. У қайсидир онда итоат қилмай қўйиши ёки назорат қилиб бўлмайдиган қарорларни чиқариши мумкин. Шунинг учун бу мураккаб йўналиш. Балки айнан квант компьютерлари уни қандайдир жиловлаб туришга ёрдам беради. Лекин умуман олганда, у ҳозир ҳаётимизни тубдан ўзгартириб юбормоқда. Масалан, мен дарс бераман, лекин талабалар сунъий интеллектдан фойдаланади, алдайди. Масалаларни ўзлари ечмайди, ҳаммасини СИ қилиб беради. Имтиҳонларни тезда топшириб қўйишади, буни текшириб ҳам бўлмайди. Ҳатто математиклар ҳам фақат математиклар еча оладиган кўплаб масалаларни энди СИ бажараётганидан шикоят қилишмоқда. Демак, математиклар керак эмас экан-да? Ҳақиқий билимга эга бўлган математиклар. Бу яхши эмас, математиклар керак, чунки улар ижодкор, сунъий интеллект эса ундай эмас. Уларнинг ҳафсаласи пир бўлиб, ишлашни тўхтатса-чи ёки ҳеч нарсани тушунмайдиган бюрократлар уларнинг ҳаммасини ишдан бўшатса-чи, СИ эса яхши олим бажара оладиган ишни қила олмайди. Бу жиддий хавф. Буни эътибордан четда қолдирмаслик керак. Унда ижодкорлик йўқ. Бор, лекин у шунчаки аллақачон мавжуд маълумотларни таҳлил қилади, холос. У янги ҳеч нарса яратмайди. Мана шуниси ёмон.
– АҚШдаги ишланмаларингиз фаннинг қайси соҳаларига қаратилган?
– Ишланмаларим ва патентларим жуда кўп. Биз табиатда учрамайдиган энг янги материалларни яратяпмиз. Масалан, Ўзбекистонда квант нуқталарини яратдим. Дарвоқе, улар асосида квант компьютерларини ясаш мумкин. Францияда квант нуқталари асосида ишлайдиган квант компьютери бор, лекин у бошқача нуқталар, биз яратаётган эмас. Эҳтимол, биз ўз нуқталаримизни шунга мослаштирармиз.
Умуман олганда, биз углерод нанотрубкалари, фуллеренлар деб аталувчи углерод молекулаларини яратамиз. Мен ўз вақтида Японияда фуллеренлар асосида янги ўта ўтказгичлар, янги магнит материаллар, янги фотоўтказгичлар, янги қуёш элементларини яратганман. Буларнинг барчасини Японияда, Италияда амалга оширганман. Бу энди гўёки ортда қолган босқич, лекин биз углерод асосида материаллар яратишда давом этяпмиз. Уларни, эҳтимол, энг муҳим деган бўлардим. Биз ҳам сиз билан углеводородлардан тузилганмиз. Масалан, графит, графен учун рус олимлари – менинг қадрдон дўстим Константин Новосёлов ва Андрей Гейм Нобель мукофотини олишди. Афсуски, уларнинг иккиси ҳам Осиёга кетиб қолишди. Костя Сингапурда ишлаётганига, адашмасам, ўн йилча бўлди. Андрей Геймни эса ўтган ой ёки бир неча ой олдин Гонконгга ишга олиб кетишди.
Умуман олганда, фикримча, ҳозир бутун келажак Ғарбий яримшардан, Европа ва Америкадан Осиёга – Хитой, Сингапур, Гонконг, Тайванга кўчиб ўтади. Биз ҳам ўзига хос Осиёмиз. Шундай экан, ким билан бирга эканимизни, қайси Осиё билан эканимизни ҳал қилишимиз керак. Биз мустақил, буюк мамлакатмиз. Ўзбекистон келажаги буюкдир, лекин у ўз келажак йўли қаерда эканини тўғри англаб етиши керак, деб ўйлайман!
Жамолиддин Турдимов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
"Иқтисодий шарҳ" журнали №9/2026
Изоҳ қолдириш