Солиқ тизимидаги тўсиқларни олиб ташлаш орқали иқтисодий ўсишни тезлаштириш
(Халқаро валюта жамғармаси ҳисоботи, 2026 йил октябрь)
Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) томонидан солиқ тизимидаги тўсиқларнинг иқтисодий ўсишга таъсири ўрганилди.
Тадқиқот 55 та мамлакатнинг солиқ қонунчилиги, тушумлари ва бошқа иқтисодий кўрсаткичларга оид маълумотлари асосида амалга оширилган.
Ҳисоботда бюджет даромадларини сақлаган ҳолда солиқ тизимидаги тўсиқларни (ҚҚСни қайтаришдаги кечикишлар, инвестиция харажатларини ҳисобга олишдаги чекловлар ва мураккаб солиқ ҳисоботлари) камайтириш орқали инвестиция, бандлик ва меҳнат унумдорлигини ошириш имкониятлари ўрганилган.
Ўрганиш натижасида қуйидагилар аниқланди:
- Солиқ тизимидаги тўсиқларни камайтириш 3 йилда аҳоли жон бошига ЯИМни 3,5 фоизга оширади.
- Корхоналарга сотиб олинган ускуналар харажатини ўша йилнинг ўзида фойда солиғидан чегириш имконияти яратиш, паст даромадли мамлакатларда инвестицияларни қисқа муддатда 23,4 фоизга ошириши мумкин.
Узоқ муддатда асосий капитал 6,4–8,2 фоизга, ЯИМ 2,1–2,7 фоизга ошади.
- Солиқ қонунчилигини соддалаштириш кичик ва йирик, шунингдек, янги ва узоқ йиллардан буён фаолият юритаётган корхоналар ўртасидаги меҳнат унумдорлиги тафовутини камайтиради.
Қонунчилик мураккаб давлатда кичик ва йирик корхоналардаги унумдорлик ўртасидаги фарқ 28 фоиз, қонунчилиги содда мамлакатларда эса 4 фоиз.
Тадқиқот хулосалари:
- Иқтисодий ўсишни солиқларни оширмасдан, фақат солиқ тизимини такомиллаштириш орқали тезлаштириш мумкин.
- Солиқ хизмати самарали ишлайдиган мамлакатларда солиқ тушумларининг ЯИМдаги улуши ўртача 1,7 фоизга юқори.
- Солиқ маъмуриятчилиги самарали бўлса, кичик ва йирик корхоналар ўртасидаги меҳнат унумдорлиги тафовути 29фоиздан 17 фоизгача қисқаради.
Қуёш панелларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш усуллари тўғрисида
(LONGi, 2026 йил 24 сентябрь)
Хитойнинг «LONGi Green Energy Technology» компанияси дунёдаги энг юқори самарадорликка эга HIBC қуёш панеллари технологиясини яратди.
Бунга қуёш элементининг электр токини узатувчи ўтказгичларини орқа томонга жойлаштириш, шу орқали қуёш нурини кўпроқ қабул қилиш ва уни электр энергиясига самаралироқ айлантириш ҳисобига эришилди.
Самарадорлик 28,29 фоизга етказилиб, кремнийли қуёш элементларининг назарий физик чегараси (29,4 фоиз)нинг 96,2 фоизига эришилди ва жаҳон рекорди ўрнатилди.
Мазкур натижа Германиянинг Қуёш энергиясини тадқиқ қилиш институти (ISFH) томонидан расман тасдиқланди.
Янги технология анъанавий бир қатламли қуёш панелларига нисбатан 20–30 фоиз кўпроқ электр энергияси олиш ҳамда қуёш станцияларининг харажатларини 10 – 15 фоизга қисқартириш имконини беради.
Нидерландияда қуёш панелларини таъмирлаш ва уларнинг чиқиндиларини камайтириш технологияси ишлаб чиқилди
(Делфт техника университети, 2026 йил октябрь)
Нидерландиянинг AMS институти циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш дастури доирасида таъмирланадиган қуёш панели яратиш бўйича FAIR‑PV лойиҳасини жорий этди.
Лойиҳа қуёш панелларининг хизмат муддатини узайтириш, чиқиндиларни камайтириш ва материаллардан қайта фойдаланишга қаратилган.
Анъанавий қуёш панелларида шиша ва кремнийли фотоэлементлар полимер плёнка орқали ёпиштирилгани сабабли уларни шикастламасдан ажратиш имкони йўқ.
Янги панелда фотоэлементлар икки шиша қатлами орасига жойлаштирилиб, полимер плёнка ўрнига махсус шаффоф суюқлик қўлланилади. Таъмирлашда суюқлик чиқарилиб, қатламлар шикастланмасдан ажратилади ва қисмлар қайта ишланади.
Kameleon Solar компанияси (Нидерландия) мавжуд ишлаб чиқариш линиясини янги технологияга мослаштирди ва тез орада саноат миқёсида ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.
Изоҳ қолдириш