Жиззах вилоятида хизматлар соҳасининг ривожланиш динамикаси

Жиззах вилоятида хизматлар соҳасининг ривожланиш динамикаси

Жиззах вилоятида хизматлар соҳасининг шиддат билан ривожланиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 январдаги “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-104-сон қарорида белгиланган режалар асосида олиб борилмоқда. Жумладан, ушбу қарорга кўра, Жиззах вилоятида 2022 йилда 9 984,6 млрд.сўмлик хизматлар кўрсатилиб, 2021 йилга нисбатан 150,8 фоизга ўсиши режалаштирилган.

2022 йил 1-чорагида Жиззах вилоятида хизматлар ҳажми 1,7 трлн. сўмни ташкил этган ва 2021 йилнинг 1-чорагига нисбатан 16,5 фоизга ошган.

Вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти таркибида хизматлар соҳасининг улуши 41,7 фоизини ташкил этган.

2022 йил 1-чорагида хизматлар соҳаси таркибида энг катта улуш савдо (30,8%), молиявий (28,2%) ва транспорт (13,5%), хизматларга тўғри келган.

Кейинги ўринларни таълим хизматлари (4,8%), алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари (4,6%) ва шахсий хизматлар (сартарош ва гўзаллик салони хизматлари) (2,9%) эгаллаган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 2022 йил 1-чорагида ижара хизматларидан (-7,5%) фарқли ўлароқ, барча хизмат турларининг динамикасида ўсиш суръатлари кузатилди.

Молиявий хизматлар 36,5%, соғлиқни сақлаш хизматлари 25,6%, алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари 19,8%, савдо хизматлари 12,4%, бошқа хизматлар 12,3%, шахсий хизматлар (сартарош ва гўзаллик салони хизматлари) 8,3%, турар жой ва овқатланиш хизматлари 8,2%, транспорт, компьютерлар, уй жиҳозлари, шахсий буюмларни таъмирлаш хизматлари 6,6%, архитектура, муҳандислик тадқиқотлари, техник синов ва таҳлиллар бўйича хизматлар 5,3%, кўчмас мулк билан боғлиқ хизматлар 3,1%, таълим хизматлари 1,9%га ошган.

Шунингдек, таҳлиллар шуни кўрсатдики, 2022 йилнинг 1-чорагида кўрсатилган хизматлар ҳажмининг 43,7% Жиззах шаҳри ҳиссасига тўғри келган. Ҳудудда кўрсатилган хизматлар умумий ҳажмидаги энг катта улушлар бўйича кейинги ўринлар Ш.Рашидов (11,1%), Зомин (8,6%), Ғаллаорол (8,2%), Бахмал (6,7%) ва Фориш (4,0%) туманлари ҳиссасига тўғри келган.

Шу билан бирга, ҳудудда кўрсатилган хизматлар умумий ҳажмида Янгиобод (0,9%), Арнасой (1,6%) ва Зафаробод (2,0%) туманларининг ўрни жуда кам.

2022 йилнинг 1-чорагида хизматлар соҳасида энг юқори ўсиш суръатлари Бахмал (124,9), Жиззах шаҳри (122,5) ва Дўстлик (118,3) туманларида кузатилган.

Элёр Пўлатов,

Иқтисодий ислоҳотлар ва тадқиқотлар маркази,

Жиззах филиали етакчи илмий ходими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар