Тошкент шаҳар ҳокимлигида Қобул шаҳри ҳокимининг ўринбосари билан учрашув бўлиб ўтди.
Ўзаро мулоқот давомида Тошкент ва Қобул ўртасида турли соҳаларда ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда ривожлантириш масаласи муҳокама этилди.Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Шароф Раҳмонов Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатларга тўхталар экан, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилганлигини эътироф этди.
Хусусан, Тошкент ва Қобул ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга эътибор қартиб, жуда кўп соҳаларда ҳамкорлик алоқаларни йўлга қўйиш имкониятлари кенг эканлигини таъкидлаб ўтди.
Суҳбат давомида Қобул шаҳар ҳокимининг ижтимоий-маданий масалалар бўйича ўринбосари Муҳаммад Фозил Шарифий дўстона қабул ва ўзбекона меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, халқларимизнинг дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари узоқ тарихга бориб тақалишини маълум қилди.
Тошкентдаги ўзгариш ва янгиланиш жараёнларини, маданий меросга эътибор ва барча соҳаларги ютуқларни эътироф этиб, Ўзбекистон пойтахтининг бу йўналишдаги тажрибаси улар учун муҳимлигини айтиб ўтди ва ўзаро ҳамкорлик борасида қатор таклифларини баён қилди.
Бугунги кунда Тошкент билан биродарлашган шаҳарлар кўплигини қайд этиб, Қобул томони ҳам уларнинг сафига қўшилиш ниятида эканлигини билдирди. Шунингдек, айни пайтда Қобулда Темурийлар ва Бобур даврида қурилган тарихий иншоотлар борлигини қайд этиб, уларни реконструкция қилишда бизнинг мутахассислар маслаҳати ва амалий ёрдами аҳамиятли бўлишини таъкидлади. Шаҳримиздаги бозорларнинг иш тажрибасини ўрганиш, Тошкент ва Қобул ҳайвонот боғлари ўртасида мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш, чиқиндиларни йиғиш ва утиллаштириш йўналишида ҳамкорлик қилиш бўйича таклифларини айтиб ўтди. Меҳмоннинг сўзларига кўра, айни пайтда Қобулдаги ҳайвонот боғининг ҳудуди 6 гектардан иборот бўлиб, ҳукумат томонидан унга яна 20 гектар ер қўшиб берилди. Шу сабабли Қобул ҳокимлиги боғ фаолиятини ривожлантириш учун иқлими ўхшаш бўлган ҳудудларнинг шаҳарлари билан яқиндан ҳамкорликни ўрнатиш ҳаракатида.
Шароф Раҳмонов Қобул ҳокимлигининг ҳамкорлик таклифлари Тошкент учун аҳамиятли эканлигини қайд этди ва бундан буён томонлар ўртасидаги алоқалар мунтазам ривожланиб боришига ишонч билдирди.
Изоҳ қолдириш