2019 йил 4 декабрь куни Тошкент давлат шарқшунослик институтида японшунослик факультетининг расмий очилиш маросимига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Жаҳон миқёсида етакчи ўринни эгаллаб турган кунчиқар ўлка – Япония билан Ўзбекистон ўртасидаги муҳим сиёсий-иқтисодий жараёнлар кечаётган даврда японшунослик соҳасида мутахассис кадрлар тайёрлаш ва етиштириш каби долзарб вазифани амалга оширишда ТошДШИда махсус японшунослик факультетининг очилиши алоҳида аҳамият касб этади.
Шу муносабат билан, янги факультетнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.А.Абдуҳакимов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У.Маджидов, Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Фуджияма Ёшинори жаноблари ва бошқа фан-таълим доиралари вакиллари иштирок этди.
Бугунги кунда япон тилини ўрганиш бўйича дунёдаги энг фаол давлатлардан бири саналмиш Ўзбекистонда японшунослик соҳасини ривожлантириш бўйича Тошкент давлат шарқшунослик институти етакчи ўринни эгаллайди. 1992 йилда Тошкент давлат шарқшунослик институтида ташкил этилган Япон филологияси кафедраси нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Ўрта Осиёда япон тилини ўқитиш бўйича очилган биринчи ўқув маскани саналади.
Изоҳ қолдириш