Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида ишбилармонлик фаоллиги таҳлили ҳар ойда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан тезкор маълумотлар асосида (республиканинг барча соҳалари бўйича ўтказилган мониторинг, Давлат божхона қўмитаси, ДСҚ, МБ ва ЎзРХТБ) ҳисоблаб чиқилади.
Мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, ой давомида солиқ тушумлари 7,3%га ошди.
Солиқ тушумларининг сезиларли ўсиши Жиззах (40,4%), Сирдарё (24,6%), Тошкент (23,8%) ва Навоий (20,8%) вилоятларида қайд этилди.
Солиқ тушумлари манбалари бўйича даромад солиғи тушумлари - 24%га, мулк солиғи - 27%га ва ер солиғи - 21%га ошди.
Энг кам солиқ тушумлари Хоразм (4,9%), Қашқадарё (7,7%) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (8,4%) кузатилди.
Таҳлил қилинаётган давр учун божхона тўловлари бўйича тушумлар 22,7%га ошди. Тушумлар бўйича энг кўп ўсиш Жиззах (117,4%), Сурхондарё (72,5%), Самарқанд (34,8%), Андижон (25,8%), Тошкент (24,7%) вилоятлари ва Тошкент (28%) шаҳрида қайд этилди.
Божхона тушумларининг ўсиши асосан транспорт ускуналари ва унинг таркибий қисмлари, техник жиҳозлар, металл ва металл буюмлар, электротехника ва унинг таркибий қисмлари, озиқ-овқат маҳсулотлари импортининг ошгани билан боғлиқ.
Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, йил бошидан буён товарлар экспорти 5,3%га қисқарди, бу жумладан, ип-калава, минерал ўғитлар, трикотаж маҳсулотлари, металлар ва маҳсулотлар, озиқ-овқат ва мева-сабзавотлар маҳсулотлари, пластмасса, табиий газ, электротехника маҳсулотлари ва ўғитлар экспортининг камайиши билан боғлиқ.
Шу билан бирга, экспортнинг энг сезиларли ўсиши Хоразм (44,9%), Қашқадарё (35,2%) ва Самарқанд (12,1%) вилоятларида қайд этилди.
Тижорат банклари томонидан октябрь ойи учун берилган кредитлар ҳажми 10,9%га ўсди.
Кредитлар бериш республиканинг деярли барча ҳудудларида ўсди, октябрь ойида энг катта ўсишни Навоий (53,4%), Сирдарё (32,4%), Жиззах (27,0%), Хоразм (18,9%) вилоятлари ва Тошкент шаҳри (21,0%) кўрсатди.
Ой давомида Ўзбекистон Республика товар биржасида тузилган битимлар ҳажми 2,4%га камайди. Шу билан бирга, Сирдарё (21,4%) вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси (7,0%) ва Тошкент шаҳрида (5,2%) биржа фаоллиги сезиларли даражада ошгани кузатилмоқда.
Ушбу ҳудудларда битимлар ҳажмининг ўсиши қурилиш ва маиший материаллар, буғдой уни, пахта толаси, техник уруғлар, буғдой, суюлтирилган газ, рангли металлар, дизел ёқилғиси, автомобил бензини, минерал ўғитлар, шакар, қора металлар ва полиэтилен каби товарларни сотиш ҳажмини ошириш ҳисобига таъминланмоқда.
Октабр ойида 72 325 та янги хўжалик юритувчи субъект ташкил этилиб, уларнинг энг кўп Фарғона (6 784), Самарқанд (6 228), Тошкент (5 883), Хоразм (5 379), Қорақалпоғистон Республикаси (5104) ва Тошкент шаҳрида (14 210) рўйхатга олинган.
Изоҳ қолдириш