Келажакни лойиҳалаш: "Ўзбекистон – 2030" стратегияси доирасида ривожланишнинг муҳим истиқболлари

Келажакни лойиҳалаш:

2023 йил 12 декабрь куни Прогрессив ислоҳотлар маркази томонидан “Келажакни лойиҳалаш: “Ўзбекистон – 2030 стратегияси доирасида ривожланишнинг муҳим истиқболлари” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди.

Конференция мамлакатдаги трансформация жараёнлари, мавжуд муаммолар, ривожланишнинг истиқболли йўналишларини технология ва геосиёсий воқеликнинг глобал тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда экспертлик муҳокамаси учун очиқ майдонга айланди.

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жадаллашган ва Ўзбекистон янги тараққиёт йўлига қадам қўймоқда, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, таълимий, илмий муҳитнинг ўзи эса анча мураккаб ва серқирра бўлиб бормоқда. Бу ўринда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг қабул қилиниши ва “инсон – жамият – давлат” тамойилга асосланган ислоҳотлар фалсафасининг кейинги эволюцияси табиий кўринади. Унинг кун тартибига миллий иқтисодиёт ва иқтисодий ўсишни трансформация қилиш, инклюзив ва барқарор жамият қуриш, самарали энергетика тизимини яратиш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш каби вазифалар киритилган.

Тадбирда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) директори ўринбосари Муҳсинжон Холмухамедов ўз маърузаси билан иштирок этди.

Марказ эксперти таъкидлангандек, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўналишида жами 17 та мақсадлар белгиланган. Жумладан келгуси 7 йилликда иқтисодиётимизни 2 баробар ошириб, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш ва аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажмини ҳозирги 2 минг 200 доллардан 4 минг долларга ошириш мақсад қилинган.

Иқтисодий тараққиёт бўйича таниқли экспертларнинг фикрича, мавжуд салоҳиятни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон иқтисодиёти кейинги ўн йилликларда минтақадаги энг ривожланган иқтисодиётни қуриши ва нафақат ўзи балки қўшни давлатларни ҳам ўрта ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиши мумкин.

Ушбу мақсадлар учун 2030 йилгача 250 миллиард доллар инвестицияларни талаб этади. Бундан 110 миллиард долларни хорижий инвестициялар ҳисобига, 40 млрд долларни – давлат-хусусий шериклик доирасида жалб этиш кўзда тутилгандейди Муҳсинжон Холмухамедов.

Ўзбекистонда ўзгаришлар марказида инсон, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари турибди. Инсон капиталига, билим ва инновацияларга йўналтирилган инвестициялар, “яшил” иқтисодиётга ўтиш иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири, унинг рақобатбардошлигини ошириш ва мамлакатни барқарор ривожлантириш шарти сифатида қаралмоқда.

Бутун дунёда тобора долзарб бўлиб бораётган “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш, унинг драйвери бўлган қайта тикланувчи энергиядан кенг фойдаланиш кескин оширилади. Бу борада, 2030 йилга келиб 118 миллиард киловатт соат энергия ишлаб чиқарилса, шундан қайта тикланувчи энергия манбалари 25 минг мега-ваттга, уларнинг улуши эса ҳозирги 14 фоиздан 40 фоизга етказилади. 2024 йилдан бошлаб саноатда “яшил сертификат”лар бозори яратилади, автобуслар ҳаракати экологик тоза электр ёки газ ёқилғисига тўлиқ ўтади ҳамда барча янги уйлар ва асбоб-ускуналарга энергия тежаш талаблари киритилади”,дейди эксперт.

Табиий ва энергия ресурсларидан барқарор ва самарали фойдаланишга асосланган “яшил” иқтисодий ўсишнинг Миллий стратегияси атроф-муҳит ифлосланишини минимал даражага тушириш орқали табиий офатлар ҳамда иқлим ўзгаришига чидамлилигини оширишга қаратилган. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, иқтисодиётнинг турли тармоқларига “яшил” технологияларнинг жорий этилиши аҳоли турмуш сифатига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Натижада, шаҳарларда яшаш янада ёқимли ва қулай бўлади, ҳаёт сифати, унинг давомийлиги ошади, чақалоқлар ўлими камаяди ва ҳоказо.

“Иқтисодиётимиз энергия сиғимкорлигини ошириш, бир бирлик энергия ресурси эвазига 2 карра кўпроқ қиймат яратиш вазифаси белгиланган. Бу дегани келгусида энергетика соҳасини ҳам жадал ривожлантириб аҳоли ва саноатга барқарор ва сифатли энергия билан таъминлаш шу жумладан тоза энергия манбаларини камида 40 фоизга етказиш марралари белгилаб олинган.

Бунинг учун, албатта юқори энергия сиғимкор соҳалар, хусусан рақамли технологиялар, финтех, молиявий хизматлар каби янги тармоқларни ривожлантириш зарур. Хусусан, IT сектордаги ўзгаришларни кўрадиган бўлсак, ҳозирда ушбу соҳа қарийб 1 млрд долларлик марраларни забт этилган бўлса келгуси 7 йилда ушбу кўрсаткични камида 5 карра ошириш истиқболлари мавжуд”,дейди М.Холмухамедов.

Шу билан бирга, аҳоли даромадлари ўртасидаги кескин тафовутларни олдини олиш, ҳудудларда барқарор иш ўринларини яратиш, тадбиркорлик ҳаракатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали янги ўрта синф қатламини кенгайтириш ва энг асосийси аҳоли фаровонлигини таъминлаш ҳам энг муҳим йўналишлардан ҳисобланади.

“Мамлакатимизда, 2021 йили камбағаллик даражаси 17%ни ташкил этган бўлса, биргина ўтган йилнинг ўзида яратилган имкониятлар эвазига жами 1 млн нафарга яқин фуқароларимиз камбағалликдан чиқарилиб ўтиб ушбу кўрсаткич 14% га тушди. Таъкидлаш жоизки, 2026 йилга қадар камбағалликни 8,5 фоизга, 2030 йилга қадар эса кескин қисқартириш ва 7%га тушириш чоралари кўрилади. Бунда, оилавий тадбиркорлик асосида бандликни таъминлашда оддий “қўл меҳнати”дан – саноатлашган ишлаб чиқариш босқичига ўтиш, ускуна сотиб олиш учун имтиёзли кредит миқдорини 100 млн сўмгача ошириш мақсадлари белгиланган.

Шу билан бирга, Ёшлар орасида ишсизлик даражасини 14 фоиздан 6 фоизга камайтириш. Ушбу мақсадларда, 2030 йилга қадар ҳар бир ҳудуднинг демографик, табиий, инфратузилмавий хусусиятларига кўра меҳнат бозорига илк маротаба кириб келаётган 1 млн нафар ёшлар учун муносиб даромад манбаига эга бўлишлари учун ҳар томонлама шароит яратилади”,дейди эксперт.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар