Ушбу тадқиқот аҳоли ўртасида ўтказилган сўровлар, Миллий статистика қўмитаси очиқ маълумотлари ҳамда маҳаллий ҳокимлик маълумотлари асосида амалга оширилди.
Муҳим кўрсаткичлар
2025 йилда Жиззах вилоятида 5 700 хонадонни ўз ичига олган 134 та турар-жой бинолари барпо этилмоқда. Уларда автоматлаштирилган иситиш тизимлари, LED ёритиш воситалари, қуёш панеллари ва иссиқликни тежовчи замонавий материаллардан самарали фойдаланилмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2023 йилда вилоятда аҳоли жон бошига электр энергияси истеъмоли 1 376 кВт/соатни ташкил этди. Бу кўрсаткич республика бўйича 8-ўринни эгаллади.
Сўров натижалари уй-жойлар майдонининг ўртача 128 м² ни ташкил этишини, аҳоли томонидан уйларни замонавий таъмирлаш ва энергия тежамкор ускуналар билан жиҳозлаш жараёни тобора кучайиб бораётганини кўрсатди.
Қуёш энергияси – янги имкониятлар
Жорий йил май–июль ойларида вилоятдаги давлат ташкилотлари ва аҳоли хонадонларида жами 5 МВт қуёш панеллари ўрнатилди. Шундан 2 МВт давлат муассасалари ва ижтимоий объектларга, 3 МВт эса аҳоли уй-жойларига тўғри келади.
Қуёш панеллари ўрнатилган хонадонларда электр энергияси харажатлари сезиларли даражада камайди. Сўровларда иштирок этган респондентларнинг катта қисми келгусида қуёш панеллари ва бошқа «яшил» технологияларни жорий қилиш нияти борлигини билдирди.
Хориж тажрибаси
Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, энергия самарадорлигига йўналтирилган ҳар 1 доллар сармоя 3–5 доллар иқтисодий самара келтиради. Ривожланган мамлакатлар тажрибасида аҳолининг энергия тежамкор уйларда яшашини қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли кредитлар ва субсидиялар кенг қўлланилмоқда. Германияда 2016 йилда бошланган “Иситишни оптималлаштириш” (Heizungsoptimierung), Чехиянинг "Янги экологик тежамкорлик" (Nova zelena usporam), Украинада 2014 йилда "Иссиқ кредитлар" (Теплі кредити) дастурлари шулар жумласидандир.
Хулоса
Жиззах вилоятида амалга оширилаётган ишлар нафақат аҳоли харажатларини қисқартириш, балки замонавий ва барқарор инфратузилмани шакллантиришга ҳам хизмат қилмоқда. Энергия тежамкор технологиялар ва қуёш панеллари жорий этилиши маҳаллий аҳоли ҳаёти сифатини ошириб, экологик барқарорликка ҳисса қўшмоқда.
Марказ томонидан ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг замонавий энергия самарадор ечимларга қизиқиши ортиб бормоқда ва бу тенденция вилоятда янги «яшил тараққиёт» босқичини бошлаб бермоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш