Йиғилишда маҳаллаларнинг молиявий имкониятлари ва ваколатларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган чоралар натижалари баҳоланди, уларни амалиётга жорий этишдаги мавжуд муаммолар таҳлил қилинди, шунингдек, маҳалла институтини ривожлантириш, маҳаллий бошқарув самарадорлигини ошириш, аҳоли бандлиги, тадбиркорлик, ободонлаштириш ҳамда ҳудудларнинг молиявий мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган янги ёндашувлар белгиланди.
Маҳаллаларнинг молиявий имкониятларини баҳолаш
2026 йилда туманлар ва маҳаллаларнинг молиявий имкониятлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли ва тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида ҳар бир туманга ўртача 250 млрд сўмдан, ҳар бир маҳаллага эса 5,5 млрд сўмдан маблағ ажратилди.
Туман ҳокимлари ва маҳалла раисларининг тушумларни ошириш бўйича ваколатлари кенгайтирилиши натижасида ҳудудларда қоладиган қўшимча даромадлар ҳажми қарийб 2 баробарга кўпайди. Натижада ҳар бир туман ихтиёрида ўртача 22 млрд сўм қўшимча маблағ қолди, ҳар бир маҳалла бюджетига эса ўртача 150–200 млн сўм тушум шаклланди.
Қўшимча ресурслар ободонлаштириш, инфратузилмани ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлашга йўналтирилди. Жорий йилда «Ташаббусли бюджет» дастури доирасида 7,5 трлн сўм ажратилди. Бироқ 2 136 та маҳаллада бирорта ҳам лойиҳа ғолиб бўлмагани маҳаллий ташаббусларни шакллантириш ва илгари суриш фаоллиги етарли эмаслигини кўрсатади.
Жойларда ҳал этилмаган муаммолар ҳам сақланиб қолмоқда. Йил бошидан Халқ қабулхоналарига 87 та маҳалланинг ҳар биридан 200 тадан ортиқ мурожаат келиб тушган. Бу аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш ишларида тезкорлик ҳамда самарадорлик етарли даражада эмаслигини кўрсатади.
Кичик тадбиркорлик лойиҳаларини амалга оширишда ижобий натижалар қайд этилди. Кейинги олти ойда банклар томонидан ушбу мақсадлар учун 18,5 трлн сўм ресурс ажратилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан 110 мингта микролойиҳа амалга оширилиб, 259 минг нафар аҳоли иш билан таъминланди.
Шу билан бирга, ҳудудлар ўртасидаги натижалар кескин фарқ қилмоқда. 47 та маҳаллада атиги иккитадан микролойиҳа амалга оширилди. Айрим туманларда камбағал оилаларнинг лойиҳалардаги иштироки 15%га ҳам етмайди. 960 та камбағал оила яшайдиган 32 та маҳаллада бирорта ҳам эҳтиёжманд фуқаро доимий ишга жойлаштирилмаган.
883 та маҳаллада маҳалла банкирлари хонадонбай ишламаган, лойиҳалар шакллантирмаган ва тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказмаган. Ижро интизомидаги камчиликлар сабаб йил бошидан маҳаллаларда ишни талаб даражасида ташкил этмаган 152 нафар раҳбар лавозимидан озод қилинди, яна 700 нафарига нисбатан интизомий чоралар кўрилди.
Шу билан бирга, айрим ҳудудларда маҳалла даражасида юқори самара берган тажрибалар шаклланмоқда. Ангор туманининг Янгиобод маҳалласида икки километрлик зовур усти ёпилиб, 110 та сервис объекти ишга туширилди. Натижада 1 225 нафар аҳоли иш ва даромад манбаига эга бўлди.
Арнасой туманининг Бахтли маҳалласида 20 та хонадонга меҳмон уйлари ташкил этиш учун 50 млн сўмдан кредит ажратилди. Ҳар бир хонадон бир мавсумда 100 млн сўмгача даромад олмоқда. Ушбу тажриба самараси натижасида яна 80 та оила шундай фаолиятни йўлга қўйишга киришди.
Оилавий тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш ҳам кенгайтирилмоқда. Жорий йилда ушбу йўналиш учун қўшимча 2 трлн сўм имтиёзли ресурс ажратилди. «Оғир» маҳаллалар учун кредит ставкаси 17,5%дан 12%га туширилди.
Маҳаллаларнинг ўз даромад манбалари ҳам мустаҳкамланмоқда. 2026 йилда маҳалла бюджетларида 600 млрд сўм маблағ қолдириш режалаштирилган. Ер ва мол-мулк солиғининг маҳаллада қоладиган улуши 10%дан 15%га оширилди. Шунингдек, санитария қоидаларини бузиш ва ноқонуний қурилиш учун жарималарнинг 10%и ҳам маҳалла бюджетларига йўналтирилмоқда.
Бундан ташқари, майдони 5 минг квадрат метргача бўлган бўш биноларни маҳаллаларнинг ўзи сотувга чиқаришига рухсат берилди. Бу чоралар ҳисобига маҳалла бюджетларига қўшимча 405 млрд сўм тушиши кутилмоқда.
Қабул қилинган чоралар маҳаллаларнинг молиявий имкониятлари ва ваколатларини сезиларли кенгайтирди. Шу билан бирга, микролойиҳалар сони, камбағал аҳоли бандлиги, маҳалла банкирлари фаоллиги ва «Ташаббусли бюджет» дастурида иштирок даражасидаги фарқлар мавжуд молиявий ресурслар ҳали барча ҳудудларда бир хил ижтимоий-иқтисодий натижаларга олиб келмаётганини кўрсатади.
Маҳаллаларни ривожлантиришнинг янги механизмлари
Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили доирасида маҳаллани ижтимоий, иқтисодий ва инфратузилмавий масалаларни ҳал этишнинг асосий бўғинига айлантиришга қаратилган янги бошқарув модели тақдим этилди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз» шиори остида нишонланиши муносабати билан «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» эълон қилинди. Ушбу ташаббус ҳудудларда ободонлаштириш, озодалик ва қулай яшаш муҳитини таъминлашга қаратилган узлуксиз умуммиллий ҳаракатнинг бошланиши сифатида белгиланди.
Ишларни мувофиқлаштириш учун Бош вазир раҳбарлигида республика штаби, ҳудудларда эса ҳокимлар раҳбарлигида штаблар ташкил этилади. Вилоят ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари ва ҳудудий ташкилотлар раҳбарлари алоҳида туманларга, туман раҳбарлари эса муайян маҳаллаларга бириктирилиб, ободонлаштириш ишларини ташкил этади.
Янги моделда маҳалла раисига асосий мувофиқлаштирувчи вазифа юклатилади. У ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим, профилактика инспектори, солиқ инспектори ҳамда маҳалла банкирининг ҳафталик ва ойлик иш режаларини тасдиқлайди, уларга аниқ вазифалар белгилайди ва ижросини баҳолайди.
Маҳалла раислари ҳудудни ривожлантириш бўйича манзилли лойиҳаларни шакллантириши лозим. Бунинг учун ишсиз аҳоли, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқаролар ҳамда кредит, ер ёки асбоб-ускунага эҳтиёжи бор оилалар аниқланиб, улар бўйича маҳалла банкирларига аниқ лойиҳалар тақдим этилади.
Шунингдек, бўш ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича ваколатлар кенгайтирилмоқда. Маҳалла раислари хусусий боғча, мактаб, клиника, спорт ва бошқа ижтимоий объектлар қуриш учун ер участкаларини аукционга чиқариш ташаббуси билан чиқиши мумкин бўлади.
Амалий мисол сифатида Янги Қува маҳалласи келтирилди. Ундаги 51 нафар ишсиз аҳолининг тўрт нафари агротехникум битирувчиси бўлиб, ҳар бири 10 сотихдан томорқага эга. Улар учун гул кўчатлари етиштиришга ихтисослашган енгил иссиқхоналар ташкил этиш таклиф қилинди. Шунингдек, маҳаллада 70 сотих бўш ер мавжуд бўлишига қарамасдан, боғча етишмаслиги сабабли 50 нафар бола қўшни маҳаллага қатнаб юргани хусусий ижтимоий объектларга эҳтиёж юқорилигини кўрсатди.
Ободонлаштириш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш ва аҳоли даромадларини оширишга қаратилган лойиҳалар учун «маҳалла еттилиги»га 10 млн сўмдан грант ажратилади. Бу мақсадлар учун жами 240 млрд сўм ресурс шакллантирилиб, 8 992 та маҳалланинг ҳар бирида камида битта лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Янги тизимни методик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш Маҳаллани ривожлантириш миллий институти зиммасига юкланади. Институт «маҳалла еттилиги»ни тайёрлайди, ҳудудлардаги долзарб муаммоларни ўрганади ҳамда уларнинг илмий асосланган ечимларини ишлаб чиқади.
Маҳалла банкирлари фаолияти ҳам янги тамойиллар асосида ташкил этилади. Банклар ҳар бир маҳалланинг ихтисослашуви ва иқтисодий ўсиш нуқталарини белгилаши, ташаббускор аҳолини аниқлаши ҳамда даромад келтирадиган лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаши лозим.
Самарадорликни ошириш мақсадида битта маҳалла банкирига кўпи билан учта маҳалла бириктирилади. Икки ҳафта давомида олийгоҳ битирувчилари ва ёш мутахассислар орасидан 400 нафар янги маҳалла банкири танлаб олиниб, энг илғор маҳаллаларда амалий тайёргарликдан ўтказилади.
1 августдан бошлаб маҳалла банкирлари оилавий тадбиркорлик учун ажратилган имтиёзли ресурсларни ўзлари шакллантирган лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтириши мумкин бўлади. Бу мақсад учун қўшимча 2 трлн сўм ажратилди, «оғир» маҳаллалар учун кредит ставкаси эса 17,5%дан 12%га туширилди. Шу билан бирга, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича KPI кўрсаткичлари жорий этилади.
Маҳаллаларни ихтисослаштириш ишлари ҳам кенгайтирилади. Давлат банклари Agrostar компаниялари билан ҳамкорликда маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш ва сотишнинг тўлиқ қиймат занжирини шакллантиради. Бир ой ичида мазкур тизимни 1 мингта маҳаллада йўлга қўйиш режалаштирилган.
Маҳаллаларнинг молиявий мустақиллигини янада мустаҳкамлаш мақсадида қўшимча чоралар белгиланди. Ер ва мол-мулк солиғининг маҳаллада қоладиган улушини ошириш билан бир қаторда, нотурар объектлардан тушадиган ер ва мол-мулк солиғининг 5%и ҳам маҳаллалар ихтиёрида қолдирилади. Бу орқали улар тасарруфида ҳар йили қўшимча 400 млрд сўм маблағ қолиши кутилмоқда.
Энг яхши натижаларни рағбатлантириш тизими ҳам жорий этилади. Йил якуни бўйича «Энг ораста хонадон», «Энг файзли ҳовли», «Энг обод кўча» ва «Энг намунали маҳалла» номинациялари бўйича ғолиблар аниқланади. Уларга солиқ имтиёзлари берилади, «маҳалла еттилиги»нинг илғор тажрибалари эса бошқа ҳудудларда кенг жорий этилади.
Автомобиль ва темир йўл магистраллари атрофини ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Фақат Тошкент–Хива темир йўл йўналиши бўйлаб 285 та маҳалла жойлашган бўлиб, мазкур йўналиш 45 та тумандан ўтади. Барча ҳудудларда бир ҳафта ичида ушбу ҳудудларни хатловдан ўтказиш, икки ҳафта мобайнида эса уларни намунавий ҳолатга келтириш бўйича комплекс дастурларни ишлаб чиқиш топширилди.
Ҳозирги кунда «маҳалла еттилиги» орқали 100 га яқин хизмат кўрсатилмоқда. Келгусида давлат хизматлари босқичма-босқич маҳалла даражасига ўтказилади. Наманган вилоятининг Норин туманидаги Янги Наманган маҳалласида ягона марказ орқали саккизта олис маҳалла аҳолисига 980 та давлат хизмати кўрсатилмоқда. Бундай тажрибани бошқа туманларда ҳам жорий этиш, шунингдек, «ақлли маҳалла» моделини ҳар бир вилоятнинг ўнтадан маҳалласида татбиқ этиш режалаштирилган.
Маҳаллаларда ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўлами кенгайтирилади. Йил якунига қадар маҳалла даражасига ногиронликни эрта аниқлаш, хонадонларни мослаштириш ва ижтимоий уйларга жойлаштиришни ўз ичига олган 25 турдаги ижтимоий хизмат ўтказилади. Уч ой ичида 250 та маҳаллада деменция ва ақлий заифлиги бўлган шахслар учун кундузги ва уйда парвариш хизматлари ҳамда «Мадад» уйлари ташкил этилади. Шунингдек, 75 та маҳаллада парваришга муҳтож кексалар учун «Фаол ҳаёт» дастури ва қаровсиз қолган ёки зўравонликка учраган болалар учун қўллаб-қувватлаш марказлари ишга туширилади.
Таклиф этилган чоралар маҳаллаларни ривожлантиришнинг янги моделини шакллантиришга қаратилган бўлиб, унда кенгайтирилган ваколатлар, молиявий мустақиллик, шахсий масъулият, лойиҳа асосида ишлаш ва маҳаллий бошқарув субъектлари ўртасидаги ўзаро мувофиқлашув асосий ўринни эгаллайди.
Изоҳ қолдириш