Марказий банк истеъмолчиларга ипотека кредити бўйича маълумот берди

Марказий банк истеъмолчиларга ипотека кредити бўйича маълумот берди

Ипотека кредитлари оммабоплигини янада ошириш ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож шахсларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5886-сонли Фармони қабул қилинган.

Мазкур фармон асосида ипотека кредитларини ажратишда янги тартиб жорий этилиб, унга мувофиқ ипотека кредитлари бўйича фоиз ставкалари Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасига боғлиқ тарзда ўзгарувчанлиги белгиланган. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси пасайтирилган тақдирда, тижорат банкларининг янги тартиб доирасида ажратилган ипотека кредитлари бўйича фоиз ставкаси ҳам мутаносиб равишда камаяди, оширилган тақдирда эса ўзгаришсиз қолади.

Масалан, тижорат банки ва қарз олувчи ўртасида янги тартиб доирасида тузилган ипотека кредити шартномасида кредитнинг фоиз ставкаси йиллик 18 фоиз қилиб белгиланган ва ўша куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси йиллик 14 фоиз миқдорида бўлган.

Маълум муддат ўтгандан сўнг, Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси 1 фоиз бандга пасайса, яъни 13 фоиз этиб белгиланса, унда ушбу санадан бошлаб қарз олувчи учун ипотека кредитининг фоиз ставкаси ҳам 1 фоиз бандга пасайтирилиб, йиллик 17 фоиздан ҳисобланиб борилади ва банк кредитнинг қайтариш жадвалини қарздорларга янгидан қайта расмийлаштириб беради.

Шу муносабат билан, ипотека кредити олувчиларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5886-сонли Фармонига, шунингдек, Марказий банкнинг “Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисида”ги Низомнинг (АВ рўйхат рақами: 3030, 2018 йил 2 июль.) 36(11)- ва 37(2)-бандларига асосан:

- янги тартиб доирасида ипотека кредити олиш учун тижорат банки билан тузилган ёки тузилаётган ипотека кредити шартномаси шартларида кредитдан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси тури ўзгарувчанлиги ҳамда фоиз ставкаси ўзгарганда банк кредитнинг қайтариш жадвалини янгидан расмийлаштириб бериши лозимлиги кўрсатилганлигига;

- Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси ўзгарганда белгиланган фоиз ставкаларининг ўзгариши томонлар учун тушунарли тарзда баён этилганлигига ва тузиладиган ипотека кредити шартномасида фоиз ставкасининг ўзгариш тартиби қайд этилганлигига эътибор беришингизни сўраймиз.

"Юқоридагилардан келиб чиқиб, янги тартиб доирасида тузилган ипотека кредити шартномасида кредит фоизи ставкасининг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ шартлар мавжуд бўлмаса, шунингдек, кредит шартномасида кредит фоизи ставкасининг ўзгарувчанлиги назарда тутилган бўлиб, ушбу шартга банк томонидан амал қилинмаса, бевосита кредит ажратган тижорат банкига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлигингизни маълум қиламиз.

Қарз олувчиларнинг ҳуқуқлари бузилганлиги бўйича асосли мурожаатлари тижорат банклари томонидан қаноатлантирилмаса, мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизматига ёзма равишда ёки (71) 200-00-44 рақамли кўп каналли ягона “Ишонч телефони” орқали мурожаат қилишингиз мумкинлигини билдирамиз", дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Солиқ кодексининг 378-моддаси 16-бандига кўра, уй-жой қиймати 300 млн. сўмгача бўлса ва яна бошқа шартлар асосида имтиёз берилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар