Марказий банк: Жорий йилда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсиши умумий инфляция даражасидан юқори бўлди

Марказий банк: Жорий йилда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсиши умумий инфляция даражасидан юқори бўлди

Жорий йил октябрь ойида истеъмол нархлари юқори инфляцион босим шароитида шаклланиб, ўтган ойга нисбатан 1,4 фоизга ошди. Нархларнинг ошишига, асосан, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг сентябрь ойига нисбатан 2,3 фоизга қимматлашиши сабаб бўлди. Январь-октябрь ойларида республика бўйича инфляция даражаси 7,8 фоизни ташкил этди. Бунда, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсиши (10 фоиз) умумий инфляция даражасидан юқори, ноозиқ-овқат товарлари (6,9 фоиз) ва хизматлар нархлари ўзгариши (5,2 фоиз) эса паст даражада шаклланди. Жорий йилнинг ўтган 10 ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари юқори ошишига карантин шароитида бирламчи истеъмол товарларига бўлган талабнинг сезиларли даражада ошиши ҳамда сентябрь-октябрь ойларида айрим товарлар нархларига таклиф омиллари таъсири билан изоҳланади.

Бунда, октябрь ойи давомида тухум (17,7 фоизга), ўсимлик ёғи (11,2 фоизга), пахта ёғи (13,6 фоизга), шакар (9,8 фоизга) ҳамда сабзавот маҳсулотлари нархларида мавсумий (5,8 фоизга) юқори ўсиш кузатилди. Йилнинг январь-октябрь ойларида, Тошкент шаҳрида нархлар ўртача 10,9 фоизга, Тошкент вилоятида 8,2 фоизга, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида мос равишда 8,1 ва 8 фоизга ошиб, республика умумий кўрсаткичидан юқори шаклланган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Андижон, Наманган ҳамда Фарғона вилоятларида инфляция республика кўрсаткичидан пастроқ даражада шаклланди. Умуман олганда, октябрь ойида йиллик инфляция даражаси 11,5 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига (16,3 фоиз) нисбатан 4,8 фоиз бандга секинлашди. Йиллик инфляция даражасининг пасайиши, асосан, 2019 йилнинг август ойидаги тартибга солинадиган нархлар оширилиши таъсирларининг тугаб бориши билан изоҳланади.

Озиқ-овқат товарлари 2020 йилнинг январь-октябрь ойларида озиқ-овқат товарлари нархлари республика бўйича ўртача 10 фоизга қимматлашиб (ўтган йилнинг мос даврида 11,4 фоиз), умумий инфляция даражасига нисбатан юқори бўлди. Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, Тошкент шаҳри (13,2 фоиз) ва Жиззах вилоятида (11 фоиз) озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ошиши республика бўйича умумий кўрсаткичдан юқорироқ, Сурхондарё вилоятида (7,7 фоиз) ва Қорақалпоғистон Республикасида (7,8 фоиз) эса пастроқ даражани қайд этди. Бунда, ушбу даврда озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида гўшт ва ёғ-мой маҳсулотлари, гуруч, шакар, тухум, сабзавотлар, хусусан, картошка ҳамда сабзи нархи сезиларли даражада қимматлашди.

Гўшт маҳсулотлари

Жорий йилнинг дастлабки 10 ойида гўшт маҳсулотлари нархи республика бўйича ўртача 15 фоизга, шундан, мол гўшти 18,2 фоизга ва қўй гўшти 22,1 фоизга қимматлашди. Бунда, август ойининг иккинчи ярмидан карантин чекловларининг юмшатилиши натижасида кечиккан талабнинг юзага чиқиши (умумий овқатланиш соҳаси фаолиятининг тикланиши ҳамда аҳоли орасида тўй ва бошқа маросимлар ўтказилишига рухсат берилиши) ҳамда чорва озуқаси нархининг қимматлашиши ушбу маҳсулотлар нархларига оширувчи босимни юзага келтирди.

Маълумот учун: жорий йил октябрь ойида биржа савдоларига қўйилган шелуха йил бошига нисбатан 36,5 фоизга (1 612 сўмдан 2 200 сўмгача), пахта шроти нархи эса 16,4 фоизга(2 750 сўмдан З 200 сўмгача) қимматлашди. Гўшт маҳсулотлари нархларини барқарорлаштиришда асосий эътибор гўшт таклифини ошириш, хусусан, йирик чорвачилик фермаларини ташкил этиш, чорва озуқасини арзонлаштириш ҳамда гўшт маҳсулотлари импортида рақобат шароитларини яхшилаш ва харажатларни камайтиришга қаратилиши лозим.

Шакар маҳсулоти

Таъкидлаш лозимки, шакар нархи йил бошига нисбатан республика бўйича ўртача 15,7 фоизга ошди ва нархлар ўсишининг асосий қисми сентябрь-октябрь ойларига тўғри келди. Бунда, ички бозорда таклиф билан боғлиқ бўлган муаммолар шакар маҳсулотлари нархи ошишининг асосий омилларидан бўлди. Ҳудудлар кесимида, шакар нархининг энг юқори ўсиши Навоий вилоятида (20,4 фоиз) қайд этилган бўлса, энг паст ўсиши Сурхондарё вилоятида (11,1 фоиз) кузатилди. Жаҳон бозорида шакар нархининг пасайиши ҳамда шакар экспорт қилувчи асосий давлатларда ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши фонида мамлакатимизга ушбу маҳсулотни импорт қилиш шароитларининг яхшиланиши келгусида шакар нархининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилиши мумкин.

Буғдой уни

2020 йилнинг январь-октябрь ойларида буғдой уни республика бўйича ўртача 12,9 фоизга қимматлашди. Пандемия даврида асосий озиқ-овқат товарларига, хусусан, буғдой унига ҳам талабнинг кескин ошиши натижасида март-май ойларида ушбу товар нархида юқори ўсиш кузатилди. Таҳлиллар мамлакатимизда ва асосий савдо ҳамкор давлатлар – Россия ҳамда Қозоғистонда жорий йилги буғдой ҳосилининг кутилгандан кўпроқ бўлганлигини, келгусида ушбу маҳсулот нархининг юқори ошишига сабаб бўладиган омилларнинг йўқлигини кўрсатмоқда.

Гуруч

Жорий йилнинг дастлабки 10 ойида гуруч нархи республика бўйича ўртача 13,2 фоизга ўсди. Ҳудудлар кесимида гуруч нархининг энг юқори ўсиш даражаси Қорақалпоғистон Республикасида (19,3 фоиз) ва энг паст ўсиш даражаси Сурхондарё вилоятида (7,8 фоиз) кузатилди. Тадбиркорлар ҳамда гуруч етиштирувчи деҳқонлар билан олиб борилган ўрганишларда, бу йилги мавсумда сув танқислиги кузатилганлиги сабабли гуруч ҳосили кутилган ҳажмидан сезиларли даражада кам бўлганлиги қайд этилди. Бу, ўз навбатида, келгусида ушбу маҳсулот нархига маълум даражада қўшимча босимни юзага келтириши мумкин.

Ёғ-мой маҳсулотлари

2020 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида ёғ-мой маҳсулотлари нархлари республика бўйича ўртача 20,2 фоизга, хусусан, ўсимлик ёғи 23,9 фоизга, пахта ёғи 24,2 фоизга қимматлашди. Бунда, ёғ-мой маҳсулотлари нархлари ошиши, асосан, сентябрь-октябрь ойларида кузатилди. Нархлар ошишига жорий йилда об-ҳаво шароитларининг ноқулай келиши натижасида кунгабақор ҳосилининг камайиши, ёғ маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг қисқариши сабаб бўлди. Ёғ-мой маҳсулотлари импортида рақобат шароитларининг яхшиланиши ва етказиб берувчилар таркибининг диверсификация қилиниши келгусида нархларни пасайтирувчи омиллардан бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Мева ва сабзавотлар

Кузатилаётган давр мобайнида мева ва сабзавотлар нархлари умумий инфляцияга пасайтирувчи омил сифатида хизмат қилиб, йил бошига нисбатан 3,3 фоизга пасайди. Хусусан, сабзавотлар республика бўйича ўртача 20,5 фоизга арзонлашган бўлса, мевалар 4,3 фоизга қимматлашди. Ҳудудлар кесимида, сабзавот нархларининг энг юқори арзонлашиши Сурхондарё вилоятида (33,8 фоиз) кузатилган бўлса, энг паст арзонлашиш Хоразм вилоятида (12,5 фоиз) қайд этилди. Шу билан бирга, мевалар нархларининг республика бўйича энг юқори ўсиши Тошкент шаҳрида (20,6 фоиз) ва энг паст арзонлашиш кўрсаткичи Қорақалпоғистон Республикасида кузатилд. Мева ва сабзавотлар нархи юқори мавсумийлик характерига эга бўлиб, аввалги йиллардаги трендига асосан келгуси ойларда ушбу маҳсулотлар нархларининг мавсумий қимматлашишини кутиш мумкин.

Картошка

2020 йилнинг январь-октябрь ойларида, аҳоли томонидан картошка маҳсулотига юқори талаб сақланиб қолганлиги сабабли истеъмол товарлари орасида энг юқори ўсишни (35,5 фоиз) қайд этди. Хусусан, юқори ўсиш суръатлари Тошкент шаҳрида (67,7 фоиз) кузатилган бўлса, Фарғона (15,1 фоиз) ва Бухоро (19,5 фоиз) вилоятларида ўсиш нисбатан пастроқ бўлди.

Тухум

Таъкидлаш лозимки, жорий йилнинг январь-октябрь ойларида тухум нархида сезиларли ўсиш кузатилиб, нарх ўзгаришлари, асосан, сентябрь-октябрь ойларига тўғри келди. Бунга, асосан, парранда озуқаси нархларининг сезиларли даражада қимматлашиши ҳамда тухумга бўлган талабнинг мавсумий ошиши сабаб бўлди. Тухум нархи барқарорлигини таъминлаш масаласи паррандачилик озуқа базасини арзонлаштириш йўналишида тизимли ишларни амалга оширишни талаб этади.

Ноозиқ-овқат товарлари

2020 йил январь-октябрь ойларида, ноозиқ-овқат товарлари нархлари республика бўйича 6,9 фоизга ошиб (ўтган йилнинг мос даврида 9,5 фоиз), умумий инфляция даражасидан паст бўлди. Жорий йилнинг дастлабки 10 ойида ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўзгариши Тошкент шаҳри (9,9 фоиз) ва Тошкент вилоятида (7,7 фоиз) республика даражасидан юқорироқ ҳамда Хоразм (4,6 фоиз) ва Наманган вилоятларида (5,4 фоиз) пастроқ даражада шаклланди.

Таъкидлаш лозимки, ушбу даврда ноозиқ-овқат товарлари нархлари қимматлашишига таъсир кўрсатган асосий омиллар дори-дармон, қурилиш моллари, цемент, автомобил учун ёқилғи, ювиш ва тозалаш воситалари, кийим-кечак ҳамда маиший техника воситалари нархларининг қимматлашиши бўлди.

Дори-дармонлар

Жорий йилнинг дастлабки 10 ойида дори-дармон воситалари нархларида юқори ўсиш тенденцияси кузатилди. Бунда, пандемиянинг бошланғич даврида дори-дармон, витаминлар ҳамда антисептик воситаларига бўлган талаб сезиларли даражада ошган бўлса, сўнгги ойларда шамоллашга қарши дори воситаларига бўлган талабнинг мавсумий кўпайиши кузатилмоқда. Хусусан, йил бошидан дори-дармон маҳсулотлари республика бўйича ўртача 11,5 фоизга қимматлашган бўлса, аптисептик воситалари нархлари 18,1 фоизга ошди. Ҳудудлар кесимида дори воситалари нархларининг нисбатан юқори ўсиши Тошкент шаҳрида (20,5 фоиз) ва пастроқ ўсиши Наманган вилоятида (6,9 фоиз) қайд этилди. Куз-қиш мавсумида дори-дармон маҳсулотларига бўлган талабнинг юқори даражада сақланиб қолиши шароитида, келгусида ушбу маҳсулотлар нархларининг ошиши кузатилиши мумкин.

Қурилиш моллари

2020 йилнинг январь-октябрь ойларида ноозиқ-овқат товарлари таркибида қурилиш моллари нархи ҳам юқори ўсишни қайд этди ва республика бўйича йил бошига нисбатан 11 фоизга қимматлашди. Бунда, импорт ва таклиф омиллари таъсирида цемент маҳсулоти нархининг йил бошига нисбатан 26,9 фоизга ошганини таъкидлаш жоиз. Қурилиш материаллари нархидаги ўзгаришлар, асосан, август ойига тўғри келиб, карантин чекловларининг юмшатилиши натижасида қурилиш соҳасидаги ишларнинг кенгайиши талабнинг сезиларли ошишига сабаб бўлди. Бироқ, қиш мавсумининг яқинлашиши билан қурилиш ишларининг секинлашиши қурилиш маҳсулотлари нархларда ўсиш суръатларининг пасайишига олиб келиши мумкин.

Автомобиллар учун ёқилғи

Жорий йилда автомобиллар учун ёқилғи маҳсулотлари нархлари жаҳон бозорида нефть нархининг пасайиши ва ушбу соҳага хорижий операторларнинг кириб келиши натижасида рақобат муҳитининг яхшиланиши фонида шаклланди. Хусусан, жорий йилнинг дастлабки 10 ойида республика бўйича автомобиллар учун ёқилғи маҳсулотлари нархи ўртача 3,3 фоизга ўсди (2019 йилнинг мос даврида 21,6 фоизга ўсган). Ҳудудлар кесимида ушбу маҳсулотлар нархининг энг юқори ўсиш кўрсаткичи Қашқадарё вилоятида (9,2 фоиз) ва энг паст ўсиш суръати Фарғона вилоятида (4 фоиз) қайд этилди. Шу билан бирга, автомобиллар учун ёқилғи маҳсулотларидан, пропан нархи йил бошига нисбатан республика бўйича ўртача 34 фоизга қимматлашди. Бунда, куз-қиш мавсуми учун аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш жараёнининг бошланиши ушбу маҳсулот нархига қўшимча босимни юзага келтирмоқда. Талабнинг юқорилиги сабабли ушбу маҳсулот нархидаги ўсувчи тенденция келгуси ойларда ҳам сақланиб қолиши мумкин.

Маиший техника

Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида маиший техника воситалари нархи республика бўйича ўртача 4,1 фоизга ошди. Ҳудудлар кесимида, Жиззах вилоятида маиший техника воситалари республиканинг бошқа вилоятларига нисбатан юқорироқ даражада қимматлашди ва 9,8 фоизни ташкил этди. Самарқанд ҳамда Фарғона вилоятларида эса ушбу товарлар нархлари нисбатан пастроқ даражада қимматлашиб, 2 фоизни ташкил этди.

Хизматлар

2020 йилнинг январь-октябрь ойлари мобайнида хизматлар нархлари республика бўйича 5,2 фоизга қимматлашиб (ўтган йилнинг мос даврида 14,2 фоиз), умумий инфляция даражасига нисбатан пастроқ бўлди. Хизматлар соҳасида нархлар ўзгариши Тошкент шаҳри (7,9 фоиз) ҳамда Бухоро (5,9 фоиз) вилоятида республика кўрсаткичидан юқорироқ, Жиззах (3,8 фоиз) ва Сурхондарё (2,9 фоиз) вилоятларида эса пастроқ даражада шаклланди.

Бунда, хизматлар соҳасида нархлар ошишига таъсир кўрсатган асосий омиллари сифатида тиббий хизматлар, хусусан, лаборатория хизматлари, йўловчи транспорти, йўналишли такси ҳамда маиший хизматлар нархларининг қимматлашишини келтириш мумкин.

Тиббий хизматлар

Пандемия шароитида тиббий хизматларга, айниқса, тиббий лаборатория хизматларига бўлган талаб кескин ортди. Хусусан, жорий йилнинг январь-октябрь ойларида тиббий хизматлар нархлари республика бўйича ўртача 8,5 фоизга, тиббий лаборатория хизматлари эса 11,4 фоизга қимматлашди. Пандемия билан боғлиқ ноаниқликларнинг сақланиб қолиши ҳамда қиш мавсумида тиббий хизматларга бўлган талабнинг мавсумий ортиши натижасида келгусида ушбу хизматлар нархларининг янада қимматлашишига сабаб бўлиши мумкин.

Йўловчи транспорт хизматлари

Кузатилаётган давр мобайнида йўловчи транспорти хизматлари нархлари республика бўйича ўртача 9,9 фоизга қимматлашди. Ҳудудлар кесимида ушбу хизматлар нархининг нисбатан юқори ўсиши Андижон (15,2 фоиз) ва Самарқанд (14,2 фоиз) вилоятларида ҳамда пастроқ ўсиши Сурхондарё (4,1 фоиз) ва Хоразм (5,9 фоиз) вилоятларида кузатилди. Шунингдек, мазкур даврда йўналишли такси (14,4 фоиз) ва йўналишсиз такси (13,8 фоиз) хизматлари нархида ҳам сезиларли ўсиш кузатилди. Мазкур ҳолат, маълум маънода, карантин чораларининг қўлланилиши сабабли жамоат транспорти ҳаракатининг чекланиши оқибатида такси хизматларига бўлган талабнинг ошганлиги билан изоҳланиши мумкин. Келгуси ойларда ёқилғи нархларининг мавсумий қимматлашиши ҳамда қиш ойларида аҳоли томонидан такси хизматларига бўлган талабнинг ошиши ҳисобига, ушбу хизматлар нархларида ўсиш кузатилиши мумкин.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар