Қозоғистонда чорва экспорти тақиқланди. Бу ҳақда Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирлигига таяниб Tengrinews хабар берди.
Таъкидланишича, чорванинг қайта ишлаш ва қайта сотиш учун оммавий экспорт қилиниши гўшт маҳсулотларига нарх ошишига олиб келган. Бундан ташқари, юзага келган вазият Қозоғистонда гўштни қайта ишловчи корхоналар ва мол боқиш майдончалари камайишига олиб келган.
Умумий ҳисобда бу корхоналар 2019 йилда ўз қувватининг ярмигагина ишлаган. Бунга асосий сабаб эса чорва экспорти юқори бўлган вазиятда хом ашё тақчиллиги ҳисобланади.
2019 йилда Қозоғистондан 156 минг бош йирик қорамол олиб чиқилган. Ундан аксарияти – 121,6 минг боши ёки 78 фоизи Ўзбекистонга, яна 14 фоизи Арманистонга олиб чиқилган.
Шунингдек, Қозоғистондан ўтган йил 264 минг бош қўй олиб чиқилган. Унинг асосий харидори ҳам Ўзбекистон ҳисобланади. Ўзбекистонга 200 мингдан кўпроқ қўй олиб чиқилган. Шунингдек, Россия Қозоғистондан 21,5 минг, Озарбайжон 18 минг, Эрон 12 минг бош қўй сотиб олган.
Шу муносабат билан ем-хашак ва гўшт заводларининг мурожаатлари асосида 2019 йил 21 октябрдаги «Қишлоқ хўжалик ҳайвонларини экспорт қилишнинг айрим масалалари тўғрисида»ги Қишлоқ ва молия вазирликларининг қўшма буйруғига ўзгартириш киритиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Мазкур буйруқ шу вақтгача фақат наслчилик зотини экспорт қилишни вақтинча чеклаган эди.
Тегишли ҳужжат лойиҳаси тармоқ эксперт ташкилотлари ва вилоят ҳокимиятлари билан ижобий келишилган, «Атамекен» илмий-тадқиқот бирлашмаси томонидан ижобий хулоса олинган. Ҳозирги вақтда манфаатдор давлат органлари билан мувофиқлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш