13 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастурининг вазирлар даражасидаги конференцияси тадбирларида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Осиё тараққиёт банки президенти Такехико Накао бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда давлатимиз раҳбари энг муҳим ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни илгари суришда Ўзбекистоннинг етакчи ва ишончли шериги бўлмиш ушбу нуфузли халқаро молиявий институт билан ўзаро манфаатли муносабатлар ривожланиш динамикасини катта мамнуният билан қайд этди.
Мамлакатимизда Осиё тараққиёт банки иштирокидаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш сифати ва амалга ошириш суръати сезиларли даражада ортгани алоҳида таъкидланди.
Бугунги кунда икки томонлама ҳамкорлик юртимиз иқтисодиётининг барча устувор тармоқларини қамраб олган ҳолда амалга оширилган ва давом этаётган, умумий қиймати қарийб 8 миллиард долларлик 60 дан зиёд лойиҳани ўз ичига олади. Банкнинг 2019-2023 йилларда Ўзбекистон билан шерикликни кенгайтириш бўйича молиялаштириш ҳажми 5 миллиард доллардан ошадиган янги стратегияси қабул қилинди.
Учрашувда ўзаро ҳамкорликнинг истиқболлари ҳар томонлама кўриб чиқилди. Мамлакатимизда ирригация-дренаж ва автомобиль йўллари инфратузилмасини модернизация қилиш, жумладан, бошқарув тизимини такомиллаштириш, давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш, кадрлар тайёрлаш ва бошқа масалаларга доир узоқ муддатли стратегик ва дастурий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга эътибор қаратилди.
Минтақавий миқёсдаги, аввало, транспорт йўлакларини ривожлантириш, энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш, экологик муаммоларни ҳал этиш бўйича лойиҳаларни илгари суриш устувор аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Осиё тараққиёт банки раҳбари Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг бугунги даражаси ва самарадорлигини юксак баҳолади, шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини қайд этди.
Такехико Накао юртимизнинг барқарор тараққиёти ва равнақи йўлидаги мақсад ва вазифаларга эришишда банк бундан буён ҳам асосий шерик бўлиб қолиш истагидалигини билдирди.
Изоҳ қолдириш