22 июнь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Россия федерацияси ҳукумати раҳбари Михаил Мишустин билан учрашди.
Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий Иттифоқидаги (ЕОИИ) кенг кўламли иштироки мамлакат иқтисодиётининг ўсиши учун имкониятлар яратади, деди Россия бош вазири Ўзбекистон ҳукуматлари раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссия йиғилишида.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи сифатида қатнашиб, «уюшма фаолияти, иқтисодий ҳамкорликнинг энг муҳим масалаларига тааллуқли қарорларни тайёрлаш ва қабул қилиш тартиби билан батафсил танишиши, иттифоқ доирасида тўсиқлар, имтиёзлар ва чекловларсиз товарлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучи учун умумий бозорларни яратишда мавжуд бўлган тажрибага назар ташлаши мумкин».
«Ишончим комилки, ЕОИИда тўлақонли иштирок этиш Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши учун қўшимча имкониятлар ва Ўзбекистон фуқаролари учун сезиларли устунликлар яратади» — деди Мишустин.
Мишустин Россия ва Ўзбекистон ўртасида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга, шунингдек, муаммоларга, шу жумладан пандемияга қарши биргаликда курашишга чақирди.
Россия бош вазири икки томонлама муносабатлар ҳақида гапирар экан, ўтган йили Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмининг 15 фоиздан ошиб, қарийб 6 млрд долларни ташкил этганини ва икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик доирасида агро-логистика мажмуалари, Россия ҳудудида, шунингдек, Ўзбекистонда улгуржи тарқатиш марказлари ташкил этилаётганини таъкидлади. Бундан ташқари, транспорт ва логистика коридорларини очиш режалаштирилган.
«Бизда барча соҳаларда ҳамкорлик қилиш учун катта имкониятлар мавжуд. Саноат, ёқилғи-энергетика комплекси, шу жумладан тинч атом энергиясидан фойдаланиш, тиббиёт ва таълим, рақамли иқтисодиёт ва умуман юқори технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни жиддий равишда кенгайтиришни зарур деб ўйлайман», — деди Россия ҳукумати раҳбари.
Бундан ташқари, давлат кадастрини баҳолаш тизимини яратиш бўйича пилот лойиҳа амалга оширилаётгани қайд этилди.
Маълумотга кўра, жорий ўқув йилида Россияда ўқиш учун Ўзбекистон фуқароларига 200 дан ортиқ стипендиялар ажратилган. Кейинги ўқув йили учун эса 400 га яқин грант ажратилиши режалаштирилмоқда.
Москва шаҳридаги ВДНХ (Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси) да «Ўзбекистон» павильонининг очилиши кутилаётгани таъкидланди.
«Биз икки мамлакат божхона ва фитосанитария идоралари учун „яшил коридор“ тамойили бўйича мунтазам „Агроэкспресс“ блок-поездини ташкиллаштириш билан боғлиқ масалалар бўйича ишларни тезлаштиришни зарур деб ҳисоблаймиз, бу эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда етказиб беришнинг максимал вақтини таъминлайди», — деди Абдулла Арипов.
Шу билан бирга, йиғилишда Ўзбекистон ва Россия ўртасида мунтазам парвозлар сонини кўпайтириш тўғрисидаги қарорга тўхталиб ўтилди. Ушбу йўналишда биргаликда ишлашни давом эттириш ва зарур карантин талабларига риоя қилинган ҳолда паритет асосида мунтазам парвозлар сонини ҳафтасига 14 тага етказиш таклиф қилинди. Шунингдек, мамлакатлар ўртасида энг машҳур йўналишларда йўловчи темир йўл алоқаларини босқичма-босқич тиклаш таклифи ҳам қайд этиб ўтилди.
Кейинги ўқув йилида Россия университетларининг яна учта филиалини — Санкт-Петербург кончилик университети, ВГИК ва Қозон федерал университетларини Ўзбекистонда очиш режалаштирилган.
Янги ўқув йилидан бошлаб яна 200 нафар мутахассис-ўқитувчиларнинг Ўзбекистонга келиши кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш