3 март куни Президент Шавкат Мирзиёев уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди.
Йиғилишда таъкидланганидек, жорий йилда аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида 11 триллион 500 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази эксперти Ферузбек Давлетов шарҳларида кўрилаётган чора-тадбирларнинг аҳамияти ҳақида танишишингиз мумкин.
Ўзбекистонда ўтган 4 йил мобайнида давлат дастурига мувофиқ 140 минг уй-жой қурилди, бу ўтган 10 йил давомида қурилган турар-жой бинолари сонидан 2 баробар кўпдир. Бироқ, арзон уй-жойларга бўлган йиллик талаб юқори даражада қолаётгани сир эмас. Шу муносабат билан бозор тамойиллари асосида аҳолининг барча қатламларини ипотека кредитлари орқали уй-жой билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Хусусан, жорий йилда 45 минг оилани арзон уй-жой билан таъминлаш режалаштирилган. Давлат ипотека дастури доирасида тадбиркорлар томонидан 2021 йилда 45 мингдан зиёд режали янги уй-жойлар қурилади.
Тажриба шуни кўрсатадики, арзон уй-жой тадбиркорлик ва иқтисодий ўсишни рағбатлантиришнинг энг яхши усулларидан биридир. Арзон уй-жойлар, имтиёзли ипотека кредитлари орқали ва аҳолининг тежалган маблағлари ҳисобига, бизнесга сармоя киритиш учун капитални рағбатлантириш имкониятини яратади.
Бундан ташқари, марказий ҳудудларга яқин бўлган арзон уй-жойлар катта имкониятларга эга жамоаларга яқин жойда яшаш имкониятини тақдим этади.
Сир эмаски, кўпгина мамлакатларда мамлакат ичида аҳолининг ички ҳаракатланиши учун энг чекловчи омил уй-жой нархи ҳисобланади. Жаҳон банки мутахассиси В. Зейтцнинг 2018 йилда Ўзбекистон учун ўтказган тадқиқотлари шуни кўрсатадики, шаҳарларда уй хўжаликларининг умумий истеъмолининг 28% ижара тўловларига тўғри келган ва ушбу кўрсаткич қишлоқ жойларида 30% га тенг бўлган.
Истеъмолнинг бундай тузилиши ўз-ўзидан аҳоли ўртасида жиддий молиявий қийинчиликларни назарда тутмайди. Бироқ, арзон уй-жой олиш орқали уй хўжаликларининг фаровонлик шаклларининг диверсификацияси уларга юқори турмуш даражасига эришиш, шу жумладан, янги бизнес очиш, товар ва хизматларга талабни ошириш ва бошқа имкониятларни беради.
Шундай қилиб, урбанизация суръатлари, кўзда тутилган дастур бўйича – арзон уй-жойларнинг кўпайиши туфайли, тезлашиши кутилмоқда. Бу эса ўз навбатида тадбиркорлик фаолияти, талаб ва умуман одамларнинг ҳаёт сифатини яхшилашни назарда тутади.
Ўзбекистондаги энг обод шаҳарлар энг яхши ва энг истеъдодли одамлар учун очиқ бўлиши керак. Уй–жой нархи ҳеч қачон яшаш, яхши иш топиш ёки тадбиркорликни бошлаш учун тўсиқ бўлмаслиги лозим. Шу сабабли, сўнги йилларда мамлакатимизда аҳолининг барча қатламларини уй жой билан таъминланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу йўналишда амалга оширилаётган чора–тадбирлар нафақат аҳолини хавфсиз ва замонавий уй–жойлар билан таъминлаш, балки ипотека кредити бозорини янада ривожлантириш ва республикада тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратишга хизмат қилади.
Ферузбек Давлетов
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг етакчи илмий ходими
Изоҳ қолдириш