Ишбилармонлик муҳити – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) томонидан 2020 йилдан буён ўтказиб келаётган сўров асосида ҳар ойда ҳисоблаб чиқиладиган таҳлилий кўрсаткичдир.
Корхоналарнинг сўровларда иштирок этиши жорий иқтисодий вазият тўғрисида расмий статистик маълумотларда акс этишидан олдинроқ маълумот олиш имконини беради, корхоналарнинг кутилмаларини баҳолаш эса иқтисодий фаолликнинг бўлажак кўрсаткичларини ифода қилади.
Умумий бизнес-муҳитнинг ўсиши ҳам жорий, там кутилаётган баҳоларнинг ижобий динамикасидан келиб чиқди.
Январда Марказнинг умумий бизнес-муҳит кўрсаткичи декабрга солиштирганда 7 пунктга ошиб, 61га етди, бу эса ишбилармонлик фаоллигининг янада кенгайганидан далолат беради. Ўтган йилнинг январида ушбу умумий кўрсаткич 54 пунктга тенг эди.
Бизнес-муҳитнинг яхшиланишига саноат тармоғидаги бирданига 30 пунктга юқорилаган ижобий динамика сезиларли таъсир қилди. Ушбу ўсиш қурилишда 13 пунктга, қишлоқ хўжалигида эса 9 пунктга ошди.
Бир вақтнинг ўзида, тадқиқнинг январ ойидаги натижалари хизматлар соҳасида бизнес баҳоларининг 8 пунктга пасайганини ҳам акт эттирди.
Корхоналарнинг жорий баҳолари кўпгина иқтисодий фаолият турларида яхшиланди.
Бизнеснинг жорий ҳолати баҳолари ўтган ойга нисбатан атиги 1 пунктга яхшиланиб, 43га етди, шу билан бирга, ўтган йилнинг январига солиштирганда эса 9 пунктга ўсиш қайд этилди.
Ўз навбатида, бу саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги жорий ҳолат кўрсаткичларидаги кескин тебранишлар билан боғлиқ. Агар январь ойида бизнеснинг жорий ҳолати яхшиланишига асосий ҳисса 22 пунктга ўсган саноат улушига тўғри келган бўлса, хизматлар соҳасида 16 пунктга пасайиш қайд этилди.
Умуман олганда, бизнеснинг жорий ҳолати баҳолари қуйидагича бўлди: 41% - “яхши” ва 13% - “ёмон”. Корхоналарнинг 35 фоизи товар ва хизматларга бўлган жорий талабни баҳолаш жараёнида ўсишни қайд этдилар. Шу билан бирга, компанияларнинг 17 фоизи ўз ходимлари сонини кўпайтирди.
Бизнесни ривожлантириш истиқболлари бўйича кутилмалар тадбиркорлар ўртасидаги оптимизмнинг анча юқори эканлигини кўрсатмоқда.
Бизнесни ривожлантириш истиқболлари бўйича кутилмаларнинг умумий кўрсаткичи яқин 3 ойда сўнгги икки йилдаги рекорд даража – 81 пунктга етди. Бу натижага саноатда оптимизмнинг 92 пунктга ва қурилишда 81 пунктгача сезиларли даражада яхшиланиши ҳисобига эришилди.
Сўров натижаларига кўра, корхоналарнинг 79 фоизи ўз бизнесининг умумий ҳолати яхшиланишини кутмоқда. Корхоналарнинг товар ва хизматларга бўлган талаб кутилмалари 74 фоизни ташкил этди. Иш берувчиларнинг деярли 72 фоизи ўз компанияларида ходимлар сонини кўпайтиришга тайёр.
Январь ойида жорий ҳолат ва кутилмалар ўртасидаги нисбат иқтисодий ривожланишнинг кейинги уч ойда сақланиб қоладиган ижобий тенденциясини кўрсатди.
Сўровда қатнашган тадбиркорларнинг деярли ярми ўз бизнесини юритишда тўсиқлар мавжудлигини қайд этдилар.
Сўров натижаларига кўра, саноат секторида ишловчи тадбиркорлар электр ва газ таъминоти билан боғлиқ тўсиқлар, шунингдек, товарларнинг юқори нархлари ҳақида камроқ хабар берганлар, айни пайтда молия ва солиқ ставкалари билан боғлиқ муаммолар ҳақида эса кўпроқ маълум қила бошлаганлар.
Қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларини сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар кўпроқ ташвишга солган. Айни вақтнинг ўзида, ер участкаларини олиш имконияти, солиқ маъмурчилиги, хомашё нархининг юқорилиги ва уларнинг етарли эмаслиги ҳамда солиқ ставкаларининг баландлиги каби муаммоларни қайд этган тадбиркорлик субъектлари улуши камайди.
Шу билан бирга, қурилиш секторида молия маблағлари жалб қилиш ва ердан фойдаланиш имкониятлари яхшиланиши кузатилган бўлса, хизмат кўрсатиш соҳасида бундай муаммолар янада кўпайган.
Ферузбек Давлетов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Тел.: (+998) 78 150-02-02 (416)
Изоҳ қолдириш