Президент 14 июль куни «Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги [ПҚ-322-сон] қарорни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Ҳужжатга мувофиқ, 1 сентябрдан оилавий нодавлат боғчаларда:
- қатнаётган ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандлари ва махсус контингентлар сони тарбияланувчилар сонининг 70 фоизидан кам бўлганда, етмаган қисмига бошқа оилаларнинг болаларини қабул қилишга рухсат этилади;
- тарбиячи ва тарбиячи-ёрдамчи лавозимлари учун 4,5 тагача штат бирлигини ажратишга рухсат этилади;
- тарбиячи ва тарбиячи-ёрдамчиларга бюджетдан иш ҳақини қоплаш учун субсидия тўғридан-тўғри ушбу ходимларнинг пластик картасига ўтказиб берилади;
Ҳудди шу санадан давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритаётган боғчаларда, оилавий боғчаларда:
- бюджетдан тўланадиган субсидия ва компенсацияларни ҳисоблашда 3 ёш ва ундан катта ёшдаги, лекин 7 йил 8 ойдан катта бўлмаган ёшдаги тарбияланувчилар ҳисобга олинади;
- ота-оналар тўлови миқдорини мустақил равишда белгилаб 3 ёшга тўлмаган болаларни ҳам қабул қилишга рухсат этилади;
Бундан ташқари, 1 сентябрдан табиий газ учун компенсация марказлашган табиий газ таъминоти бўлмаган, лекин иситишнинг бошқа турларидан фойдаланаётган ДХШ асосидаги ва нодавлат боғчаларга ҳам тўланади.
Эслатиб ўтамиз, президентнинг 7 мартдаги фармонига мувофиқ, 1 апрелдан бошлаб тўлиқ қувват билан ишламаётган давлат мактабгача таълим ташкилотларига 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган болаларни қабул қилишга рухсат берилганди. Ўшанда мазкур хизмат пуллик шаклда амалга оширилиши рухсат берилганди.
Кейинроқ, Мактабгача таълим вазирлиги 1 апрелдан кучга кириши керак бўлган 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган болаларни боғчаларга қабул қилиш тартибини маълум қилганди.
Изоҳ қолдириш