“Оммавий қабуллар уч ойлиги” давом этмоқда

“Оммавий қабуллар уч ойлиги” давом этмоқда

Президент Администрацияси масъуллари, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, қарийб ўттизта вазирликлар, қўмиталар ва ташкилотлар раҳбарларининг оммавий қабуллар уч ойлиги доирасида Ўртачирчиқ тумани, Бўка, Оққўрғон, Бўстонлиқ туманлари, Янгийўл ва Оҳангарон шаҳарларидаги очиқ-жонли мулоқотлари ҳам “Инсон қадри учун!” ғоясини амалда қарор топтиришга хизмат қилди. Бу эса Тошкент вилояти аҳолиси муаммолари билан ишлашни самарали ташкил этиш, ҳудудларда ечимини кутаётган масалаларни “маҳаллабай” ўрганган ҳолда жойида, тезкор ҳал этиш имконини берди.

Мулоқотларда Олий суд, Судьялар олий кенгаши, вилоят, туман-шаҳар судлари масъуллари кўриб чиққан 372 та масаланинг 129 таси ижобий ҳал қилинди. Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан жазодан озод қилиш бўйича киритилган тақдимномалар асосида ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 114 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 97 нафар шахснинг ўталмай қолган озодликдан маҳрум қилиш жазоси енгилроғи билан алмаштирилди, 19 нафар шахс суд залидан озод этилди.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 50 нафар мурожаатчи аёл фойдасига алимент ундириш юзасидан суд буйруғи чиқарилиб, ижрога қаратилди. Ажрашиш ёқасига келиб қолган 4 та оила яраштирилди.

Оҳангаронлик Шаҳноза Усмонова 26 йил аввал уй-жойсиз юрганда, унга Оҳангарон шаҳридаги эгасиз уйлардан бири ажратиб берилган, бироқ шу даврда аёлга на уй расмийлаштириб берилган, на хусусийлаштирилган. Бу масала 1998 йилдан бери чувалашиб, иш судгача етиб борган, ҳатто фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судининг 2016 йил 24 мартдаги ҳал қилув қарорида Оҳангарон туман ҳокимлиги зиммасига мазкур уй-жойни Шаҳноза Усмоновага бириктириб бериш мажбурияти юклатилган, бироқ бу уй ҳокимлик балансида турмагани учун қарор ҳам ижро қилинмаган.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 187-моддасида мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олиши белгиланган. Шаҳноза Усмонова эса 26 йилдан бери шу уйда яшаб келмоқда. Шу боис оммавий қабулда Шаҳноза опа Олий суд масъуллари билан мулоқотдан сўнг Фуқаролик кодексининг 187-моддасига асосан эгалик қилиш ҳуқуқини белгилашни сўраб судга янгидан даъво аризаси киритди. Шунингдек, онкологик хасталикдан қийналиб келаётган аёлга даволаниши учун ҳам кўмак кўрсатиладиган бўлди.

Бош прокуратура масъуллари кўриб чиққан 530 та масаланинг 54 тасига жойида ечим топилди.

Бир неча йил аввал янгийўллик ака-ука тадбиркор Нурматовларнинг Янгийўл шаҳар буюм бозоридаги дўконлари бузилгач, уларга компенсация тўланмайди. Бу масала бир неча бор суд тартибида кўрилган, хусусан, Янгийўл шаҳар маъмурий судининг 2019 йил 4 июлдаги, Чиноз туман маъмурий судининг 2019 йил 31 июлдаги ҳал қилув қарорларида Янгийўл шаҳар ҳокимлиги масъулларининг хатти-ҳаракатлари-ю ҳаракатсизлиги қонунга хилоф, деб топилган. Бироқ шунда ҳам компенсация масаласи ҳал қилинмайди. Бу галги оммавий қабулда ака-ука тадбиркорларнинг мурожаатлари ижобий ҳал қилиниб, Янгийўл шаҳар ҳокимлиги томонидан компенсация пуллари тўлаб берилиши ҳақида келишилди.

Бўкалик тадбиркор Дилбар Каримова бизнес ҳамкори билан ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этиш мақсадида 194 млн. сўм кредит олади, бироқ шериклик ош татимас деганларидек, кредит суммасининг 91 млн. сўмини йўқотади. Ҳамкор бу пулни қайтариб ҳам бермайди, нима учун сарфлаганини ҳам айтмайди. Орада аёлнинг ишлари орқага кетади. Бу иш Зангиота туманлараро иқтисодий судида ҳам кўрилиб, Дилбар Каримова даъвоси қаноатлантирилади, бироқ суд қарори ижроси кечикади. Аёлнинг Бош прокуратура масъулларига мурожаатидан сўнг унга 91 млн. сўм қарз ундириб берилди.

Мулоқотлар давомида аввалги оммавий қабуллардаги мурожаатлар ижроси ҳам ўрганилди. Айтайлик, янгийўллик 42 ёшли Умида Тожибоева боқувчисини йўқотгач, икки фарзандини ёлғиз ўзи улғайтирмоқда. Бу аёл аввалги қабулда оғир аҳволдаги уй-жойини таъмирлаш масаласида мурожаат қилган эди, Янгийўл шаҳридаги Халқ қабулхонаси ва 2-сектор маъсуллари Умида Тожибоевани “Аёллар дафтари”га киритиб, ички имкониятлар ҳисобидан аёлнинг хонадони тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Шу боис у бугунги оммавий қабулга миннатдорлик билдириш учун келди.

Ички ишлар вазирлиги масъулларига суриштирув ва тергов, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жазодан муддатидан аввал озод этиш, фуқаролик, паспорт-виза, мол-мулкни олиб қўйиш ва қайтармаслик каби йўналишларда келиб тушган 297 та масаланинг ҳам 84 таси жойида ҳал қилинди.

Янгийўллик Зулфия Тўракелдиеванинг 4 йиллик муаммосига ҳам яқинда мурожаатидан сўнг ечим топилди. Гап шундаки, бу аёл бир танишига яхшилик қилиб, ўз номига кредит олиб беради. Аммо таниш деганлари бир неча марта Зулфия опанинг ҳужжатларидан фойдаланиб, яна кредит чиқаради ва кредитни тўламай юради. Қарзни тўлаш эса аёлнинг гарданига тушади. Унинг аввалги мурожаатларидан сўнг яқинда Янгийўл шаҳар ички ишлар бўлими суриштирув ишларини олиб боргач, айбдор топилди. Шу боис Зулфия опа мазкур қабулда масъулларга миннатдорлик билдирди.

Таълим, соғлиқни сақлаш, оила, хотин-қизлар, меҳнат ва бандлик каби йўналишлардаги ўнлаб мурожаатларга ҳам шу мулоқотлар майдонида ечим топилди. Кўп йиллар ўқитувчи бўлиб ишлаган оҳангаронлик Ҳикматхон Йўлдошева Халқ таълими вазирлиги масъулларидан туманда жойлашган, ўзи ишлаган ва фарзанд-у неваралари ўқиган 17-мактабнинг эскирган биносини янгилаб беришда амалий ёрдам сўради. Масъуллар эса бу масалани жойига чиқиб ўрганиб, келгуси йилги дастурларга киритиш учун таклиф ишлаб чиқадиган бўлди.

Қабуллар давомида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида шартнома асосида таҳсил олаётган янгийўллик Нодира Нормуҳаммадова сингари ижтимоий ҳимояга муҳтож кўплаб талабаларнинг контракт пулларининг камида ярми тўлаб берилиши таъминланди.

Мулоқотларда ногиронлиги бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож Ҳасан ва Ҳусан Маҳмедовлар сингари ўнлаб эҳтиёжманд инсонларга протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари топширилди.

Қабуллар давомида кўплаб нуронийларга бепул йўлланмалар, даволаниш учун ордерлар тақдим этилди. Мамлакатимизда кексаларга қаратилган бу эътибордан 77 ёшли Йўлдош ота Эргашев ҳам мамнун бўлди.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбари топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг Тошкент вилоятидаги олти кунлик оммавий қабулларида 4 минг 250 нафар мурожаатчининг 4 минг 617 та масаласи кўриб чиқилди. Уларнинг 1 минг 438 таси жойида ҳал қилиниб, 1 минг 302 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилган бўлса, 1 минг 877 та мурожаатни ҳал қилиш бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, Президент Администрацияси ва Халқ қабулхоналари томонидан назоратга олинди.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар