Тошкентда ўтказилган оммавий қабуллар натижалари қандай?

Тошкентда ўтказилган оммавий қабуллар натижалари қандай?

Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан тузилган ўттизга яқин вазирлик ва идора раҳбарларидан ташил топган Республика ишчи гуруҳининг Тошкент шаҳридаги уч кунлик оммавий қабуллари ҳам бир ҳақиқатни яна бир бор исботлади: ҳаёт давом этар экан, инсон бор экан, мурожаатлар бўлиши табиий ва Президентимиз асос солган халқ билан мулоқот тизими боис кўплаб инсонларни анча вақтдан бери ўйлантириб келаётган масалаларга ечим топилмоқда.

“Оммавий қабуллар уч ойлиги” доирасида Сергели, Чилонзор, Юнусобод туманларида ташкил қилинган очиқ-жонли мулоқотлар майдонида ўттизга яқин вазирлик, қўмита ва республика ташкилотлари раҳбарлари қарийб 2 минг 270 та масалани кўриб чиққан бўлса, деярли ҳар уч масаладан биттаси жойида ҳал қилинди.

Ички ишлар вазирлиги масъуллари кўриб чиққан 265 та мурожаатнинг 137 таси шу ерда ҳал қилиб берилди. Айтайлик, 2013 йили ички ишлар тизимидан ишдан бўшатилган Жасур Раҳимов суд-ҳуқуқ соҳаларида амалга оширилган ислоҳотлар туфайли ҳуқуқий майдонда ўзининг ҳақлигини исботлашга эришди. Аввал ташкил қилинган худди шундай оммавий қабуллардаги мурожаатидан сўнг унинг иши Олий судда кўрилиб, оқлов ҳукми чиқарилган эди. Бу галги мулоқотлар майдонидаги мурожаатидан сўнг эса Жасур Раҳимов ички ишлар тизимига ишга қабул қилинди. Орадаги 9 йиллик узилиш унинг ҳам хизмат муддатига қўшилди.

Бу жараёнда яшнободлик собиқ ички ишлар ходими Наримон Бекқуловнинг ҳам кўп йиллик масаласига ечим топилди. Анча йил муқаддам ишдан ташқари вақтда катта жанжалнинг олдини олишга ҳаракат қилиб, бунинг оқибатида оғир тан жароҳати ҳам олган капитан Бекқулов батафсил текширувларсиз ишдан бўшатилган экан. Бироқ бунда унинг айбдор эмас, аслида жабрланувчи экани инобатга олинмаган.

Оммавий қабулдаги мурожаатидан сўнг Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти бу ишни тезкор ва батафсил ўргангач, Наримон Бекқуловни ички ишлар тизимига ишга тиклайдиган бўлди.

Яккасаройлик Карина Панкратованинг Бош прокуратура масъулларига айтишича, пойтахтимиздаги қурилиш корхоналаридан бири улар яшаётган Яккасарой тумани Миробод кўчасидаги ҳудудда қурилиш қилмоқчи, бироқ бу майдон аслида хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига бириктириб берилган. Бу масала Тошкент туманлараро маъмурий судида кўрилган ва аҳоли фойдасига ҳал қилув қарори чиқарилган, Тошкент шаҳар маъмурий суди аппеляция инстанцияси эса бу қарорни бекор қилган. Карина опа ва маҳалладошлари бу масалани ҳар томонлама чуқур, батафсил ўрганишни ва Яккасарой тумани қурилиш бўлимининг бу борадаги рухсатномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўрамоқда.

Уларнинг бу борадаги мурожаатлари асосида Тошкент шаҳар прокуратураси Тошкент шаҳар маъмурий суди аппеляция инстанциясининг қарорини бекор қилиш бўйича протест келтирди. Карина Панкратова масъулларга мазкур протест учун миннатдорлик билдираркан, бу масалани яна бир марта назоратга олишни сўради. Ушбу протест асосида мазкур низоли масала яқинда Олий судда томонлар ва прокуратура вакиллари иштирокида қонуний-адолатли кўриб чиқиладиган бўлди.

Мулоқотлар асносида Дилором Имомбоеванинг суд ҳукмига нисбатан протест келтириш, Элмурод Бойхоновнинг иш ҳақини ундириш юзасидан суд қарорини ижро қилдириш, Муқаддас Шарипованинг терговда қонунийликни таъминлаш сингари ўрганиш ва муддат талаб қиладиган жами 176 та масала Бош прокуратура назоратига олинди.

Чилонзорлик тадбиркор Абдураим Алимов автомашиналар учун импорт ўрнини босувчи ён ойналар ишлаб чиқаради, 40 нафар кишини доимий иш билан таъминлаган. Яқинда тадбиркор айланма маблағдан қийналиб, буюртмаларни етказиб бера олмай қолган. Айни шу масалага ечим излаб келган тадбиркорга Тошкент шаҳар 2-сектори кўмаги билан 200 минг доллар кредит ажратилгани яна бир корхонанинг барқарор ишлаб кетишига катта ёрдам бўлди.

Қабуллардаги худди шундай мурожаатлар асосида Озода Тойировага алимент ундириб берилган бўлса, Музаффар Ҳайдаровнинг кредитдан юзага келган нореал қарздорлиги бартараф этиб берилди.

Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш йўлидаги ислоҳотлар натижасида яшнободлик Азиза Ашурованинг ҳам 2004 йили аукцион орқали сотиб олган 6 сотих ер майдонида уй-жой қуриш бўйича лойиҳани тасдиқлатиш билан боғлиқ 18 йиллик масаласи Қурилиш вазирлиги масъуллари билан мулоқотдан сўнг ҳал қилинди. Аёлнинг уй-жой барпо қилишга оид лойиҳаси тасдиқланиб, қурилишга рухсат берилди. Умуман, Қурилиш вазирлиги масъуллари билан мулоқотлардан сўнг шу сингари 33 та масала жойида ҳал қилинди.

Чилонзорлик Бахтиёр Хўжаев эса Президент Халқ қабулхонасига мурожаатидан сўнг 12 йил деганда доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида турар-жой билан таъминланди.

Давлат солиқ қўмитаси масъулларига мурожаатдан сўнг учтепалик тадбиркор Мухлиса Акрамовага ортиқча ҳисобланган қўшимча қиймат солиғи қайтариладиган бўлди.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбари топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг Тошкент шаҳридаги оммавий қабулларида 2 минг 212 та масала кўриб чиқилиб, уларнинг 725 таси жойида ҳал қилинди. 484 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилган бўлса, қолган мингдан зиёд масалани ҳал қилиш бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, Президент Администрацияси ва Халқ қабулхоналари томонидан назоратга олинди.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар