Оммавий қабулларда юзлаб мурожаатлар ўз ечимини топяпти

Оммавий қабулларда юзлаб мурожаатлар ўз ечимини топяпти

Президент Администрацияси масъуллари, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, қарийб ўттизта вазирликлар, қўмиталар ва ташкилотлар раҳбарларининг Навоий шаҳридан 250 км. олисдаги Зарафшон шаҳрининг “Тинчлик” маҳалласидан бошланган мулоқотлари Навбаҳор туманининг “Кескантерак”, Кармана туманининг “Зарафшон” маҳаллаларида давом этди.

Уч кунлик қабулларда Олий суд ва Судьялар олий кенгаши масъуллари 67 та масалани кўриб чиқиб, уларнинг 32 тасини жойида ҳал қилди. Мурожаатлар асосида жиноят ишлари бўйича Кармана, Томди, туманлари, Зарафшон шаҳар судлари ташкил қилган сайёр суд мажлисларида 9 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин шартли равишда озод қилинди, 9 нафарининг жазоси енгилроғига алмаштирилди.

Фаррух Халилов “Зарафшон голден групп” корхонаси ҳуқуқшуноси. У Олий суд вакилларига мазкур тадбиркорлик субъекти манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида мурожаат этди. Хусусан, Суд ҳукмига кўра ушбу корхонага 5 млн сўм молиявий жарима қўлланилган. Бироқ, прокурор протестида бу сумма 350 миллион этиб белгиланиши келтирилган. Сайёр қабулда ҳуқуқшунос суднинг биринчи ҳукмин ўз кучида қолдиришни сўраб қилган мурожаати апеляция тартибида кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди.

Бош прокуратура масъуллари тергов-суриштирув, суд қарорлари ижроси, тадбиркорлик, кредит ажратиш ва ишга жойлашиш каби масалаларга оид 131 та мурожаатнинг 43 тасини жойида ҳал қилди.

Навбаҳорлик Зиёдулло Камоловнинг ҳам муаммосига шу ерда ечим топди. Шунча вақтдан бери юрак хасталигидан азият чекиб келаётган бу инсонга бепул даволаниши учун йўлланма берилди.

Навбаҳорлик Гавҳар Турсуновага 3 нафар фарзанди учун алимент пуллари олиб берилиб, тикувчилик йўналишида касбга ўқитиладиган ва субсидия асосида тикув машинаси олиб бериладиган бўлди.

Шунингдек, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Кармана тумани бўлимига мурожаат қилган Санобар Раҳмонова маълум сабаблар билан оиласидаги келишмовчилик туфайли ажрашишга қарор қилганди. У ва турмуш ўртоғи ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилгач, ажрим ёқасига келиб қолган оила яраштирилди.

Ички ишлар вазирлиги масъуллари қабулларда 144 та масалани кўриб чиқиб, уларнинг 61 тасини жойида ҳал қилди. Хусусан, Зарафшонлик 21 ёшли Жонибек Ярашев соҳада ишлаш кўп йиллик орзуси эканини айтгач, у Зарафшон шаҳридаги “Олтин водий” маҳалласи профилактика инспектори ёрдамчиси вазифасига ишга қабул қилинди.

Нодир Жўраев 9 йил олдин Нурота туман ички ишлар бўлимида фаолият юритган. 2013 йилда ишдан бўшатилганидан норозилигини билдириб, ишга тиклаш масаласида ўз мурожаатини йўллади. Унинг бу муамоси ҳам кўриб чиқилиб, эндиликда тизимда ўз ишини давом эттирадиган бўлди.

Адлия вазирлиги масъуллари суд-ҳуқуқ масалаларга оид 67 та мурожаатнинг 30 тасини жойида ҳал қилди. Жумладан, конимехлик тадбиркор Турсун Исаевга Адлия органларига қилган мурожаатидан сўнг давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилган савдо дўкони учун компенсация ажратиладиган бўлди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутасаддиларига мурожаатидан сўнг хатирчилик Нурхон Жўраева ҳам аввалги иш жойи – Навоий давлат педагогика институтига ишга қайтди. Бу аёл аввал ўриндошлик асосида ишлаб ишдан бўшаган бўлса, энди алоҳида штатга ишга олинди.

2019 йилда оилавий шароити туфайли Навоий давлат педагогика институтидан ўқишдан четлатилган навбаҳорлик Зарифа Шомуродовани ҳам ўқишга тиклаш масаласи шу ерда ҳал этилди.

Сайёра Эгамованинг икки фарзанди хорижда таҳсил олади. Бироқ бу оила учун бир мунча қийнчилик келтириб чиқармоқда. Икки йилдан буён Корея давлатида Айти соҳасида таҳсил олаётган ўғли Бекзод Умрқуловни юртимиздаги олий таълим муассасаларидан бирига кўчиришни сўраб қилган мурожаати ҳал этилди. Яъни, Бекзод янги ўқув йилини Москва давлат универститининг Тошкентдаги филиалида давом эттиради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъулларига қабуллар давомида жами 102 та мурожаат келиб тушган бўлиб, улардан 83 таси ижобий ечим топди. Дейлик, мурожаатлардан сўнг ўтган йили онкологик касалликни енгиб ўтган зарафшонлик Зулфия Умматованинг тўлиқ соғлом ҳаётга қайтиши учун Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказида бепул жарроҳлик амалиёти ўтказиши учун йўлланма ажратилди.

Узоқ йиллардан бери хасталик билан курашиб келаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож Олмахон Болтаевага жарроҳлик амалиётини ўтказиши учун “Саховат ва кўмак” жамғармасидан 43 миллион сўм ажратиладиган бўлди.

Умуман, қабулларда меҳнат-бандлик йўналишида кўплаб инсонларнинг муаммоси шу ерда ҳал қилинди. Анча вақтдан буён ишсизликдан қийналиб юрган Гулноза Бойназарова эса Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси масъуллари билан мулоқотдан сўнг тикувчилик корхонасида ишлайдиган бўлди.

Томди туманида туя жунидан кийим-кечак тайёрлайдиган кичик корхона эгаси Айнара Дўстовага эса фаолиятини кенгайтириш мақсадида, янги ускунларни ҳарид қилиш учун имтиёзли кредит ажратилди.

Халқимиз азалдан йўл қурганларнинг меҳнатини улуғлайди. Чунки бир йўл билан юзлаб одамларнинг узоғи яқин, мушкули осон бўлади. Оммавий қабулларда Автомобил йўллари қўмитаси масъуллари бу борадаги қатор мурожаатларга ҳам ечим топди. Дейлик, Навбаҳор тумани “Дул-дул” маҳалласида яшовчи Бобоқул Ҳилолов мурожаатидан сўнг таъмирга муҳтож маҳалла кўчаларига тош-шағал ва бетон ётқизиладиган бўлди. Энди маҳалладаги 3 минг нафарга яқин аҳоли равон йўлдан ишга-ўқишга бориб келади.

Кармана туманининг “Уйрот” маҳалласида истиқомат қилувчи Исматулла Ибодов ҳамда Санъат Хасанов шу вақтгача ишсизлиги боис оилада ҳам бир мунча муаммолар юзага келаётганини таъкидлаб, бандлик масаласида қўмита раҳбариятига мурожаат қилди. Қувонарлиси, уларга сайёр қабулнинг ўзида ишга қабул қилингани тўғрисидаги бўйруқ расмийлаштириб, махсус кийим бош ҳам топширилди.

Вилоят ҳокимлиги масъуллари томонидан 200 та мурожаат тингланиб, шундан 58 таси жойида ҳал этилди. Хусусан, мурожаатидан сўнг ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисада тан жароҳати олган 2-гуруҳ ногирони Жалил Темировга моддий ёрдам кўрсатилиб, унинг аёли тикувчилик цехига ишга жойлаштирилди.

Қизилтепалик Қўзи Ибрагимов эса жигар церрози билан оғриб келаётган фарзандида ўтказилиши зарур бўлган жарроҳлик операцияси учун молиявий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Вилоят раҳбарининг қарори билан унга 50 миллион сўм ажратиладиган бўлди.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбари топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг Навоий вилоятидаги оммавий қабулларида 1 минг 713 та масала кўриб чиқилиб, уларнинг 743 таси жойида ҳал қилинди. 306 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилган бўлса, қолган 664 та масалани ҳал қилиш бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, Президент Администрацияси ва Халқ қабулхоналари томонидан назоратга олинди.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар