Ўзбекистоннинг 2022 йил 1-чорагида энг фаол банклари аниқланди

Ўзбекистоннинг 2022 йил 1-чорагида энг фаол банклари аниқланди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) томонидан Ўзбекистон банк тизимидаги ислоҳотлар ва трансформация жараёнлари самарадорлиги, рақобат муҳити ўзгариши ҳамда барқарорлик даражасини баҳолаб бориш мақсадида “Банклар фаоллик индекси” ишлаб чиқилган.

Марказ мазкур индексга асосан ҳар чоракда 31 тижорат банклари рейтингини янгилаб бормоқда.

2022 йил 1 март ҳолатига республикамиз банк тизими активлари 436,8 трлн. сўм (2021 йил 1 март ҳолатига нисбатан ўсиш – 19,3 фоиз), мажбуриятлари 365 трлн. сўм (ўсиш 19%), кредитлари 327,2 трлн. сўм (ўсиш 16,8%) ҳамда депозитлари 148,4 трлн. сўмни (ўсиш 31,2%) ташкил этди. Ҳозирги кунда банк тизимида 57 мингга яқин киши фаолият олиб бормоқда.

Марказ тадқиқотида банклар икки гуруҳга бўлинган — катта ва кичик. Рейтинг ушбу гуруҳларнинг ҳар бири учун алоҳида-алоҳида тузилган. Шу билан бирга, кичик банклар гуруҳига фақат Тошкент шаҳрида (ёки фақат битта вилоятда) фаолият юритувчи банклар киради.

2022 йилнинг 1-чораги учун йирик банклар фаолик рейтинги

17 та йирик банклар учун тузилган умумий рейтингда Траст банк 1 поғонага кўтарилиб, 2-ўриндан жой олди. Мазкур банк даромад олиш салоҳияти, активлар сифати ҳамда ликвидлилик бўйича етакчи банклардан бири бўлиб келмоқда. Шундай бўлсада, рейтинг натижалари Траст банк молиявий оммабоплик кўрсаткичларига, хусусан ҳар бир филиалига тўғри келувчи кредит олган юридик ва жисмоний шахслар сонини оширишга эътибор қаратиши лозимлигини кўрсатмоқда.

Трансформация ва хусусийлаштириш жараёнидаги давлат улуши мавжуд банклардан Ипотека банк 6 поғонага юқорилаб, 3-ўринга кўтарилди. Ушбу банк молиявий оммабоплик етакчиликни сақлаб қолиш билан бирга, бошқарув самарадорлиги, ликвидлилик, активлар сифати ҳамда капитал етарлилиги ижобий натижаларга эришди. Банкнинг молиявий воситачилик бўйича рейтинги муддатли депозитларнинг кредитларига нисбатини янада ошириш, бошқа банклар ва молия институтларидан олинган маблағлар ҳамда Молия вазирлиги олдидаги мажбуриятлари бўйича кўрсаткичларини яхшилаш лозимлигини кўрсатмоқда.

Ўзсаноатқурилишбанк умумий рейтингда 3-поғонага кўтарилиб, 10-ўриндан жой олди. Мазкур банк бошқарув самарадорлиги бўйича етакчилик қилаётган бўлса, даромад олиш салоҳияти ҳамда ликвидлилик кўрсаткичлари бўйича сезиларли ижобий ўзгаришлар кузатилди. Банкнинг молиявий воситачилик ва оммабоплик бўйича кўрсаткичлари муддатли депозитларнинг кредитларига нисбатини ошириб, бошқа банклар ва молия институтлари ҳамда ҳукумат олдидаги мажбуриятларининг умумий мажбуриятларидаги улушини камайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатмоқда.

Хусусийлаштириш жараёнидаги банклардаги ўзгаришлар ҳамда банк тизимида рақобат муҳитининг кучайиб бораётганлиги хусусий банкларни ҳам янада ривожланиш, инновацион молиявий маҳсулотлар ва хизматлар борасида изланиш лозимлигидан далолат бермоқда, дейди тадқиқот муаллифи.

2022 йилнинг 1-чораги учун кичик банклар фаолик рейтинги

Ўзбекистондаги 14 та кичик банклари фаоллик рейтингида Даврбанк ва Зираат банк ўз ўрнини сақлаб қолди.

Анор банк ва Пойтахт банк ўзаро ўрин алмашишди.

Тадқиқот натижалари билан "Иқтисодий шарҳ" журналининг навбатдаги сонида тўлиқ танишишингиз мумкин.

Халилуллоҳ Ҳамидов, Марказ сектор мудири тел: (78) 150 02 02 (410)

Марказнинг жамоатчилик билан ишлаш хизмати тел: (78) 150 02 02 (417)


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар