Ўзбекистон иқтисодий эркинлик индексидаги ўз позицияларини мустаҳкамламоқда

Ўзбекистон иқтисодий эркинлик индексидаги ўз позицияларини мустаҳкамламоқда

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази The Heritage Foundation таҳлилий маркази ҳамда The Wall Street Journal нашри томонидан тайёрланган 2026 йил учун Иқтисодий эркинлик индекси (Index of Economic Freedom) натижаларини таҳлил қилди.

Иқтисодий эркинлик индекси — бу институционал муҳит, иқтисодий сиёсат ва миллий иқтисодиётларнинг очиқлик даражасини акс эттирувчи йиллик халқаро тадқиқотдир.

Тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон 184 та давлат орасида 86-ўринни эгаллаб, 60,3 балл тўплади. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 2,3 баллга юқори. Мазкур натижа «асосан эркин иқтисодиёт» тоифасига мос келади. Умумий балл бўйича Ўзбекистон нафақат жаҳон ўртача даражасидан (59,9), балки Осиё-Тинч океани минтақаси ўртача кўрсаткичидан ҳам (58,6) юқори натижа қайд этди.

Рейтинг етакчилари сифатида Сингапур (84,4 балл), Швейцария (83,7), Ирландия (83,3) ва Австралия (80,1) қайд этилди ва улар «эркин иқтисодиётлар» тоифасига киритилди.

Субиндекслар таҳлили шуни кўрсатадики, Ўзбекистон 12 та йўналишдан 8 таси бўйича кўрсаткичларини яхшилаган, 2 та индикаторда ўзгариш кузатилмаган, яна 2 тасида эса озгина пасайиш қайд этилган. Умуман олганда, бу ҳолат таркибий ислоҳотлар ижобий суръатда кечаётганини кўрсатади.

Иқтисодиётда давлат иштирокини баҳолаш йўналишида солиқ юки 95 балл, давлат харажатлари 73,7 балл, давлат молиясининг барқарорлиги эса 79,9 баллни ташкил этди. Барча кўрсаткичлар жаҳон ўртача даражасидан (мос равишда 78,4 – 66,3 – 65,9) юқори ҳисобланади.

Тартибга солиш самарадорлиги тоифасида бизнес юритиш эркинлиги 62,5 балл, меҳнат эркинлиги 48,4 балл, монетар эркинлик эса 65,1 баллни ташкил этди.

Бозорлар очиқлиги йўналишида савдо эркинлиги 80,6 баллга, инвестиция эркинлиги 70 баллга, молиявий эркинлик эса 60 баллга етди. Бу кўрсаткичлар ҳам жаҳон ўртача даражасидан (мос равишда 70,2 – 53,4 – 48,1) юқори ҳисобланади.

Қонун устуворлиги йўналишида Ўзбекистоннинг мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш кўрсаткичи 43,1 баллни, суд тизими самарадорлиги 13,7 баллни, давлат бошқаруви сифати эса 32 баллни ташкил этди.

Ҳисоботда таъкидланишича, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш ва молия сектори модернизациясига қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, давлат банклари банк тизимида устун мавқени сақлаб қолмоқда.

Шу тариқа, олинган натижалар институционал муҳитнинг босқичма-босқич яхшиланиб бораётганини ва бозор механизмларининг кучайиб бораётганини кўрсатади. Бу эса мамлакатда иқтисодий эркинликни янада кенгайтириш ва барқарор ўсишни таъминлаш учун мустаҳкам замин яратади.

Маълумот учун: Индекс методологияси тўртта асосий йўналишни баҳолашга асосланади — қонун устуворлиги, давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки даражаси, тартибга солиш самарадорлиги ва бозорлар очиқлиги. Ушбу йўналишлар 12 та субиндекс асосида шакллантирилади.

Барча кўрсаткичлар 0 дан 100 гача бўлган шкала асосида баҳоланади, бунда юқорироқ балл иқтисодий эркинлик нуқтаи назаридан янада қулай шароитларни англатади. Шу билан бирга, бу кўрсаткичлар нормаллаштирилган баҳолар ҳисобланади, яъни айрим йўналишлар бўйича (масалан, солиқ юкида) юқори балл амалда иқтисодиётга бўлган босимнинг пастлигини ифода этади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар