2021 йил III чорак учун Ўзбекистоннинг энг фаол банклари аниқланди

2021 йил III чорак учун Ўзбекистоннинг энг фаол банклари аниқланди

Ўтган чоракдаги рейтинг етакчилари ўз ўринларини сақлаб қолишди ва “Капитал банк”, “Ҳамкор банк” ва “Траст банк” энг фаол банклар учлигини бошқаришда давом этмоқда. “Агробанк” ва “Турон банк” тез ўсиш суръатларини кўрсатди, “Халқ банки” ва “Асака банк” каби айрим банкларнинг рейтингдаги позициялари бироз ёмонлашди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) томонидан Ўзбекистондаги 31 тижорат банклари учун “Банклар фаоллик индекси” ишлаб чиқилган. Марказ мазкур индексга асосан ҳар чоракда банклар рейтингини янгилаб бормоқда.

Ушбу тадқиқот банк тизими активларида хусусий сектор улушининг ўзгаришини мониторинг қилиб бориш, шунингдек мамлакатимиз банк тизимида ислоҳотлар ва трансформация жараёнлари самарадорлигини баҳолаш мақсадида ўтказиб келинмоқда.

2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси банк тизимини ислоҳ қилиш Стратегиясига асосан, Ипотека банк, Ўзсаноатқурилишбанк, Асака банк, Алоқа банк, Қишлоқ қурилиш банк ва Турон банкдаги давлат улушини босқичма-босқич хусусийлаштириш режалаштирилган. Биринчи босқичда, банклар фаолиятини трансформация қилиш, иккинчи босқичда давлат акциялар пакетини сотиш кўзда тутилган.

Йирик давлат банклари хусусийлаштирилгандан сўнг, молиявий хизматлар бозорида жиддий ўзгаришлар юз бериши, натижада янги хизматлар ва рақобатнинг янада кучайиши кутилмоқда.

Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки, Агробанк ва Микрокредитбанкнинг устав капиталида давлат улуши сақлаб қолинади.

2021 йил 1 сентябрь ҳолатига банк тизими активлари ҳажми 403,8 трлн. сўмни (2020 йил 1 сентябрга нисбатан ўсиш – 22,5%), мажбуриятлари 339,3 трлн. сўмни (ўсиш – 24%), жами капитали – 64,5 трлн. сўмни (ўсиш – 15,2%) ташкил этди. Бугунги кунда банк тизимида 57 мингдан ортиқ киши фаолият олиб бормоқда.

Марказ тадқиқотида банклар икки гуруҳга ажратилган – йирик банклар ва кичик банклар. Рейтинг ушбу гуруҳларнинг ҳар бири учун алоҳида тузилган. Бунда, кичик банклар гуруҳига фақат Тошкент шаҳрида ёки фақат битта ҳудудда фаолият юритувчи банклар киритилган.

Йирик банклар фаоллик рейтинги

17 та йирик банклар орасида Капитал банк ҳамон етакчи бўлиб, ўз ўрнини 2020 йил 2-чоракдан бери сақлаб турибди. Хусусан, банкнинг муддатли депозитлари ҳажми ўтган чоракга нисбатан 27,1%га ошди ва 5,8 трлн. сўмни ташкил этди. Муддатли депозитларнинг кредитларнинг умумий миқдорига нисбати 90%га етди (банк тизими – 24%).

Бошқа банклар ва молия ташкилотларидан олинган депозитлар ва кредитларининг умумий мажбуриятларидаги улуши 4,2%ни, Молия вазирлигидан олинган маблағларнинг улуши эса 5,5%ни ташкил этди. Ушбу кўрсаткичлар Капитал банк аҳоли ва бизнес вакиллари билан фаол иш олиб бораётганидан далолат бермоқда.

Ҳамкор банк ҳам ўз ўрнини сақлаб қолди ва умумий рейтингда 2-ўринни эгаллашда давом этмоқда. Мазкур банк молиявий оммабоплик, активлар сифати ва даромад олиш салоҳияти бўйича юқори натижаларга эришди. Хусусан, муддатли депозитлари ҳажми 21,6%га ошди ва 2,6 трлн. сўмни ташкил этди. Банкнинг битта филиалига тўғри келувчи кредит олган юридик шахслар сони 424 тага, жисмоний шахслар сони 4716 кишига етди. Жами даромадларининг активларига нисбати 19,2%ни ташкил этди (банк тизими – 10,5%). Муаммоли кредитлари улуши 2,1%гача (банк тизими – 6%) камайиб, 184,2 млрд. сўмни ташкил этди.

Траст банк даромад олиш салоҳияти ва ликвидлилик бўйича етакчиликни сақлаб қолган ҳолда, энг фаол банклар учлигини ёпади.

Давлат улушига эга бўлган йирик банклар орасида Халқ банки йил бошидан бери молиявий воситачилик бўйича 5-ўринни эгаллаб турганига қарамай, 3 поғона пастлаб, умумий рейтингда 14-ўринга тушди. Бунга асосий сабаб банк активлари сифати (17-ўрин), бошқарув самарадорлиги (17-ўрин) ва даромад олиш салоҳияти (13-ўрин) кўрсаткичларининг нисбий ёмонлашуви бўлди.

Давлат улушига эга бўлган яна бир банк – Алоқа банк умумий рейтингда 1 поғона йўқотиб, 7-ўриндан жой олди. Бунга асосан банк кредит портфелидаги муаммоли кредитлар улушининг 6,3%гача ошгани сабаб бўлди.

Мазкур чоракда Агробанк ва Турон банк тез ўсиш суръатларини намоён этишди. Ушбу банкларнинг ҳар бири ўз позицияларини 3 поғонага яхшилашди.

Кичик банклар фаоллик рейтинги

Жорий йилнинг 3-чорагида Ўзбекистондаги 14 та кичик банклари фаоллик рейтингида етакчилар мос равишда Даврбанк, Зираат банк ва Универсал банклар бўлишди.

Шунингдек, икки хорижий банклар – Тенге банк ва ЎзКДБ умумий рейтингда ўз ўринларини 1 поғонага яхшилашди.

Марказ методологиясига кўра, бошқарув самарадорлиги кўрсаткичлари фақат миқдорий ўлчовларга асосланган. Масалан, банкнинг ҳар бир ходимига тўғри келувчи соф фойда/зарар миқдори ҳисобланади. Таъкидлаш керакки, ТиБиСи банк ва Анор банк ўз фаолиятини 2020 йилнинг 4-чорагида бошлаган ва ҳозирда шаклланиш босқичида. Шунинг учун, банклар бозорга тўлиқ мослашгунча операцион харажатлари юқори даражада қолиши кутилмоқда.

Халилуллоҳ Ҳамидов, Марказ сектор мудири

Тел: (78) 150 02 02 (410)

Марказнинг жамоатчилик билан ишлаш хизмати тел: (78) 150 02 02 (417)

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар