Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда тармоқ ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича жорий йил учун белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш борасида ҳукумат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, жорий йилнинг январь-февраль ойларида 687 миллион доллар хорижий инвестиция, шу жумладан, 615 миллион доллар тўғридан-тўғри сармоя ўзлаштирилган. Йил бошидан 506 та лойиҳа доирасида умумий қиймати 337 миллион доллар бўлган қувватлар ишга туширилиб, 7 мингта янги иш ўрни яратилган.
Ўтган икки ойда товар ва хизматлар экспорти ҳажми 1,7 миллиард доллардан ортиб, 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоиз ошган. Хусусан, мамлакатимиз корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган қурилиш материаллари экспорти қарийб 2 баравар, электротехника маҳсулотлари экспорти 1,5 баравар, тўқимачилик ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти 1,3 баравар ўсган.
Йиғилишда тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларига инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш, товарларни экспортга етказишда логистика масалаларини тезкор ҳал қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Давлатимиз раҳбари ички истеъмол бозорида нархлар барқарорлигини таъминлаш масалалаларига алоҳида тўхталди.
Жорий йилнинг икки ойида инфляция даражаси 1,38 фоизни ташкил этгани, бу 2021 йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан (1,7 фоиз) пастлиги қайд этилди.
Айни пайтда глобал бозорлардаги нархларнинг кескин тебранишини ҳисобга олиб, мутасадди идоралар ва ҳудудлар раҳбарларига ички бозорда нархлар барқарорлигини сақлаш, энг аввало, аҳолини етарли миқдорда озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш лозимлиги таъкидланди.
Президент томорқа хўжаликларини ривожлантириш ва уларда ички бозорда талаб юқори бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун аҳолига қўшимча 80 минг гектар ер майдонлари ажратиш борасидаги ишларга танқидий баҳо берди.
Шунингдек, мева-сабзавотчилик учун ажратилган 2 триллион сўм давлат маблағларининг натижадорлигини ошириш, уларни ўзлаштиришни тезлаштириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.
Ҳудудлар раҳбарларига озиқ-овқат бозорига маҳсулотларни узлуксиз етказиш, бунинг учун зарур захираларни шакллантириш вазифаси қўйилди.
Изоҳ қолдириш