Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида ("Паландара” маҳалласи)

Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида (

– Ўзингиз ҳақида қисқача маълумот берсангиз. Касбий фаолиятингиз нимадан бошланган? Ушбу вазифага қандай келдингиз (олдин нима иш билан шуғуллангансиз)?

– Мен асли Китоб тумани Паландара маҳалласиданман. 2012 йил Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг иқтисод факультетига ўқишга кирганман. 2016 йил ўқишни тамомлаб, кейинги иш фаолиятимни янги ташкил қилинган Мажбурий ижро бюросининг Қашқадарё вилояти Қамаши туман бўлимида бўлим бошлиғи лавозимидан бошлаганман. Сўнг Қарши шаҳридаги Мономарказда бўлим бошлиғи вазифасида ҳам ишлаганман. Кейинчалик ўзимизнинг Паландара маҳалласида ҳоким ёрдамчиси лавозимига ишга ўтдим.

– Маҳалланинг портретини қандай тасвирлаган бўлардингиз (у ердаги мавжуд инфраструктура объектлари, йўллар, мактаб, боғча, поликлиника, саноат корхоналари, аҳолини иш билан таъминлаш имкониятлари ҳақида тўлиқроқ гапириб берсангиз)? Маҳаллада кимлар истиқомат қилади, нимадан даромад топади?

– Бизнинг Паландара маҳалламиз 1708 та хонадон, 7722 нафар аҳолидан иборат. Асосан боғдорчилик, яъни узумчиликка ихтисослашган. Бундан ташқари, ҳозир деҳқончиликнинг бошқа йўналишлари, яъни иссиқхоначилик ҳам ривожланиб бормоқда. Маҳаллада ҳозир 600 га яқин иссиқхона бор. Уларда асосан лимончилик, бодринг-помидор, қиш мавсумида кўкатлар етиштирилади. Аҳоли асосан шулардан даромад қилади. Шу йилнинг ўзида ҳам 70 дан зиёд янги иссиқхона ишга тушди.

Маҳалланинг ички йўллари 45 километрга тенг, шундан 25 километри тўлиқ асфалтлаштирилган. Қолганига шағал тўшалган, олдинги чанг йўллар йўқ.

Маҳаллада саноат корхоналари мавжуд эмас, лекин тадбиркорлик субъектлари анчагина. Оилавий корхоналар, МЧЖлар ҳам бор. Жами 27 та тадбиркорлик субъекти мавжуд. Бундан ташқари, битта давлат боғчаси, бешта хусусий боғча, тўртта давлат мактаби, битта оилавий шифокорлик пункти фаолият юритади.

– Иш фаолиятингизнинг илк босқичида дуч келган энг катта қийинчилик нима бўлди ва уни қандай енгиб ўтгансиз?

– Аслида, ҳар қандай янги ишнинг бошида ўзига яраша қийинчиликлар бўлади ва бу табиий ҳол. Бизнинг фаолиятимиздаги энг мураккаб давр 2022 йилда аҳолини хонадонбай тўлиқ хатловдан ўтказиш пайтига тўғри келган, десам янглишмайман. Чунки ўшанда уйма-уй юриб, одамларнинг қандай меҳнат билан бандлиги, оиланинг асосий даромад манбалари ва уларни қийнаётган долзарб масалаларни бирма-бир ўрганиш талаб этиларди. Фуқароларнинг ўқиш ёки касб-ҳунарга қизиқиши, хорижга ишлашга кетиш режалари, тадбиркорлик билан шуғулланиш ёхуд кредит олиш истагигача – барча-барчаси тўлиқ ва пухта таҳлил қилиб чиқилган эди.

– Деҳқонлар ўзлари етиштирган маҳсулотларини қаерга сотади? Фақат бозорга олиб чиқадими ёки кимдир олиб кетадими?

– Узумларимиз асосан тўғридан-тўғри четга экспорт бўлади. Ўзимизнинг “Тоифи” деган машҳур узумимиз бор, бу навни Тошкентдаги улгуржи савдогарлар келиб, Россия ва бошқа жойларга экспорт қилади. Лимонларимизни ҳам шундай сотамиз. Деҳқонлар ўз имкониятига қарайди, шароити бўлса, музхонада сақлаб, қишда сотиши мумкин, эрта сотаман деганлари сотиб юборади. Агар сақлаб туриб, кейинроқ ўз мавсумида сотса, яхшироқ фойда кўриши мумкин.

– Узумчилик ва иссиқхоначилик сирлари бўйича ўқишлар ташкил этилдими?

– Авваламбор, деҳқончиликни йўлга қўйишда ҳар бир фуқарога давлат томонидан томорқасини тиклаб олиш учун субсидия ажратилади. Бироқ бу жараён фақат молиявий кўмак билан чекланиб қолмайди. Маҳалламиздаги 10 та қишлоқнинг ҳар бирига муайян йўналишга ихтисослашган биттадан уста деҳқон бириктирилган. Мен ўзим ҳам ушбу жараёнда яқиндан иштирок этганман. Бу малакали деҳқонлар иссиқхона ёки лимончилик каби йўналишларда фаолиятини янги бошлаган фуқароларга иш сирларини ўргатиб, барча юмушларни биргаликда ташкил қилиб келмоқда. Натижада янги иш бошлаганлар бир йил ичида деҳқончилик ҳадисини аста-секин тўлиқ эгаллайди. Қолаверса, аҳолимиз ёшлигидан узумзорларда катта бўлгани боис, “Ҳусайни”, “Тоифи” ва бошқа узум навларини қандай парваришлаш, вақтида суғориш ҳамда ўғитлаш сирларини аллақачон яхши ўзлаштирган.

– Маҳаллангизда тадбиркорликни ривожлантириш учун қандай имкониятлар мавжуд? Ўтган вақт ичида нечта янги корхона барпо этилиб, нечта якка тартибдаги тадбиркор иш билан таъминланди?

– Маҳалламизда тадбиркорлик билан шуғулланиш учун имкониятлар етарли. Хусусан, ўз иш фаолиятим давомида 5 та оилавий корхона ҳамда 5 та МЧЖ ташкил этилишига кўмаклашдим. Ҳудудимизда якка тартибдаги тадбиркорлар сафи ҳам анча кенгайган бўлиб, уларнинг бир қисми савдо дўконлари очса, бошқалари автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва автоювиш шохобчаларини юритмоқда. МЧЖ шаклидаги корхоналаримиз эса асосан умумий овқатланиш соҳасига ихтисослашган. Шунингдек, маҳалламизда ёшлар учун замонавий гейм-клуб фаолияти йўлга қўйилган. Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахсларга парвариш хизматларини кўрсатиш орқали ўзига хос ижтимоий тадбиркорлик билан шуғулланаётган фуқароларимиз ҳам бор ва уларнинг бу меҳнати Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан мунтазам ойлик маош тўлаш орқали қўллаб-қувватланмоқда.

– Маҳаллада ишлаб чиқариш корхоналари борми?

– Йўқ, бизда ишлаб чиқариш ёки саноат корхоналари йўқ. Тадбиркорларимиз асосан хизмат кўрсатиш соҳасига ихтисослашган.

– Эҳтиёжманд оила ёки ёш тадбиркорни қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг ҳаётида ижобий ўзгариш ясаган бирорта аниқ мисолни келтириб ўта оласизми?

– Албатта, бундай мисоллар кўп. Масалан, Акмалжон Ибрагимов исмли йигитимиз туман марказида сартарошлик касбини ўрганиб келиб, маҳалламизда замонавий сартарошхона очиш нияти борлигини билдирди. У маҳалла марказида ўз кучи билан кичик бино қурди. Биз эса ташаббусини қўллаб-қувватлаш мақсадида унга 17,5 фоизлик 50 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратиб бердик. Ушбу маблағ ҳисобидан у иши учун зарур бўлган барча асбоб-ускуналарни харид қилди. Ҳозирда сартарошхона муваффақиятли фаолият юритмоқда, хизмат нархлари ҳам аҳоли учун ҳамёнбоп. Ёш тадбиркоримиз ўз ишидан мамнун: ҳам оиласини даромад билан таъминлаяпти, ҳам давлатдан олган кредитини қийналмасдан узмоқда.

– Ҳозирги кунда маҳаллада камбағаллик даражаси қандай? Сизнингча, ҳудуд аҳолиси ўртасида камбағалликни янада самарали қисқартириш учун яна қандай қўшимча чоралар кўриш зарур?

– – Айни пайтда Паландара маҳалласида камбағаллик даражаси 1,2 фоизни ташкил этмоқда. Ҳудудимиздаги эҳтиёжманд оилалар тоифаларга ажратилган бўлиб, ҳозирда камбағаллик ёқасида 5 та, камбағал тоифасида 21 та ҳамда тўлиқ давлат таъминотига олинган 19 та оила мавжуд. Шунингдек, ногиронлиги бўлган фуқароларимиз ҳам бор.

Жорий йилдан бошлаб давлатимиз томонидан “Темир дафтар”га киритилган оилалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга янги турдаги фоизсиз кредитлар ажратилмоқда. Масалан, шу тоифадаги икки фуқарога тикувчилик фаолиятини йўлга қўйиши учун 25,9 млн. сўм миқдорида фоизсиз кредит ажратдик. Улар бу маблағга тикув ва оверлок машиналари харид қилиб, ўз уйида касаначилик билан шуғулланмоқда. Яна икки фуқаромиз эса чорвачилик йўналишида 30,9 млн. сўм имтиёзли кредит олиб, ўз даромадларини оширишни бошлади. Умуман олганда, рўйхатдаги 21 та камбағал оиланинг 13 таси тадбиркорликка жалб этилиб, уларга имтиёзли маблағлар йўналтирилди.

Бундан ташқари, ҳудуддаги ишсиз хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитишга ҳам алоҳида эътибор қаратяпмиз. Хусусан, туман марказидаги бир текстиль корхонасини жалб қилиб, маҳалламизнинг ўзида тикув цехи ташкил этдик. Ўз ташаббусим билан 15 нафар аёлни тикувчилик соҳасига ўқитдим. Ҳозирда уларнинг 7 нафари ушбу корхона билан кооперация асосида меҳнат қилмоқда. Бундан икки томон ҳам бирдек манфаат кўряпти. Хотин-қизлар учун маҳалланинг ўзида ишлаш ҳар томонлама қулай-да: ишхона уйига яқин, йўлкирага пул сарфланмайди, энг муҳими, тушлик вақтида уйига бориб, фарзандларидан хабар олишга ҳам бемалол улгуради.

Ишонаманки, кўрилаётган шу каби амалий чора-тадбирлар натижасида жорий йилда 1,2 фоизни ташкил этиб турган камбағаллик даражаси йил якунига бориб 0,7 фоизгача қисқаради.

– Одамлар сизни кўпроқ қайси муаммолар бўйича излашади? Мисол келтира оласизми? Бу масалалар қандай ҳал этилмоқда?

– Умуман олганда, фуқароларни энг кўп қизиқтирадиган асосий масалалар: тадбиркорликни йўлга қўйиш ва бунинг учун кредит олиш. Бизнинг вазифамиз эса келган ҳар бир фуқарога ажратилаётган кредитнинг мақсадини, ундан қандай тўғри фойдаланиш ва келажакда қандай даромад топиш мумкинлигини тўлиқ тушунтириб беришдан иборат. Масалан, ҳозирда чорвачилик йўналишидаги кредитлар учун имтиёзли давр бир йил, иссиқхоначилик учун эса уч йил этиб белгиланган. Мен буни одамларга оддий ҳаётий мисоллар билан тушунтираман: иссиқхонага уч ёшли лимон кўчатини эксангиз, уч йиллик имтиёзли давр тугагунига қадар у олти ёшга киради ва ҳосил беришни бошлайди, шундан сўнг кредитни бемалол қоплай оласиз.

Шунингдек, ҳозирда хотин-қизларимизда ҳам касб-ҳунарга, хусусан, тикувчиликка бўлган қизиқиш сезиларли даражада ортган. Келгусида аста-секин бошқа ўқув йўналишларини ҳам йўлга қўйишни режалаштирганмиз. Бу борада Қарши шаҳридаги мономарказ билан яқиндан ҳамкорлик қиляпмиз. Эътиборлиси, касб-ҳунарга ўқитадиган устоз ва мутахассисларни ҳам четдан эмас, ўзимиздан чиқаряпмиз. Масалан, Паландара маҳалласида жуда тажрибали пайвандчи устамиз бор. Ҳозирда ушбу мутахассисни мономарказ орқали ёшларни касбга ўқитиш жараёнига устоз сифатида жалб қилганмиз.

– Агар сизда бюджет, вақт ва ресурслар бўйича ҳеч қандай чеклов бўлмаса, маҳаллангизда қайси лойиҳани амалга оширган бўлардингиз?

– Мен биринчи навбатда йирикроқ саноат ёки ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этган бўлардим. Ҳозирда маҳалламизда жами 8722 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 5-6 минг нафари боғдорчилик ва иссиқхоначилик билан шуғулланса, яна бир қисми давлат ташкилотларида фаолият юритади. Қолган банд бўлмаган қатламни эса ана шундай саноат корхонасида доимий иш ўрни билан таъминлаш мумкин бўларди. Шунда маҳалламизда кунлик ёлланма иш қидириб чиқадиган фуқаролар қолмас, камбағаллик муаммосига ҳам тўлиқ барҳам берилган бўлар эди.

– 2026 йилда маҳаллани ривожлантириш бўйича олдингизга қандай янги мақсад ва вазифаларни қўйгансиз? Умуман олганда, беш йилдан сўнг ўзингиз фаолият юритаётган ушбу ҳудудни қандай тасаввур қиласиз?

– Жорий 2026 йил охирига қадар бир қатор муҳим ишларни амалга оширишни кўзда тутганмиз. Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида иштирок этиб, ғолиб бўлдик ва бунинг натижасида маҳалламизнинг 7 километр йўлига асфальт ётқизилди. Бундан ташқари, қишлоғимизни сув билан таъминлаш мақсадида иккита йирик артезиан қудуғи қазиш режалаштирилган. Ҳозирда лойиҳа ҳужжатлари тайёр, йил якунигача ушбу қудуқлар ишга туширилиб, аҳолининг сув билан боғлиқ муаммоси тўлиқ ҳал этилади.

Шунингдек, маҳалламиз ҳудудидан оқиб ўтадиган дарё бўйида туристик дам олиш масканларини ташкил этишни ҳам мақсад қилганмиз. Бунинг учун, энг аввало, зарур инфратузилмани яратиш, соҳил бўйларини ободонлаштириб, мажнунтоллар экиш кўзда тутилган. Қолаверса, ҳудудимиздаги “Хўжанеъмат” зиёратгоҳини обод масканга айлантириш ва уни ривожлантириш бўйича ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, олдимизга қўйган мақсад ва режаларимиз улкан. Уларни ҳаётга татбиқ этиш учун сидқидилдан ҳаракат қиламиз. Ишонаманки, кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида келгуси 5 йил ичида маҳалламиз туманнинг энг обод ва намунали ҳудудларидан бирига айланади!

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар