Халқаро энергетика агентлиги жаҳонда нефтга талаб қисқаришини прогноз қилмоқда (International Energy Agency)
Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА) World Energy Outlook 2026 ҳисоботида Яқин Шарқдаги можаро оқибатларини ҳисобга олган ҳолда жаҳон энергетика бозори бўйича янги прогнозни тақдим этди. Ҳисоб-китобларга кўра, Ҳурмуз бўғози орқали етказиб беришдаги узилишлар натижасида 2,8 млрд баррель нефть ва 60 млрд куб метр газ етказиб берилмай қолган. Бу ҳолат мамлакатларни электр транспорти, энергия тежамкорлиги ва маҳаллий энергия манбаларига ўтишни тезлаштиришга ундаши мумкин.
ХЭАнинг янги сценарийсига кўра, 2035 йилга бориб нефтга жаҳон талаби кунига 97 млн баррелни ташкил этиши мумкин. Бу аввалги прогноздан 4,4 млн баррель ёки 4 фоизга кам. 2050 йилга келиб нефть истеъмоли кунига 85 млн баррелгача тушиши, табиий газга талаб эса асосий сценарийга нисбатан 300 млрд куб метрдан зиёдга камайиши мумкин.
Электромобиллар ривожланиши ҳисобига кунига 11 млн баррель нефть истеъмолининг ўрни қопланиши мумкин. Шу билан бирга, маълумотларни қайта ишлаш марказлари ва совитиш тизимлари ривожланиши электр энергиясига талабни оширади.
АҚШда кичик модулли реакторлар қурилишига рухсат бериш жараёни тезлаштирилди (Reuters)
АҚШ Ядровий тартибга солиш комиссияси (NRC) Tennessee Valley Authority (TVA) энергетика компаниясининг Теннесси штатида 300 МВт қувватга эга BWRX-300 кичик модулли реакторини қуриш бўйича аризасини кўриб чиқишни якунлади.
Жараён 14 ой давом этиб, белгиланган муддатдан 4 ой олдин тугатилди. Жараённи тезлаштиришга 2019 йилда қурилиш майдонининг олдиндан келишиб олингани ҳамда атом энергетикасини давлат томонидан тартибга солиш тизимидаги ўзгаришлар имкон берди. АҚШ ҳукумати бундай аризаларни кўриб чиқиш муддатини 18 ойгача қисқартиришни мақсад қилган.
Реакторни 2030 йил бошларида ишга тушириш режалаштирилган. Рухсат бериш тартибининг соддалаштирилиши ва стандартлаштирилган технологиялардан фойдаланиш маъмурий харажатларни камайтириши мумкин.
Tesla Хитойда электромобиллар ишлаб чиқаришни кенгайтирмоқчи (Yuyuan Tantian)
Tesla бош директори Илон Маск Хитой халқаро савдони ривожлантириш кенгаши раиси Жэнь Хунбин билан учрашувдан сўнг компаниянинг Шанхайдаги заводида электромобиллар ишлаб чиқаришни кенгайтириш режасини маълум қилди.
2026 йилнинг январь-октябрь ойларида завод 810,9 мингта Model 3 ва Model Y электромобилини етказиб берди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,4 фоизга кўп.
Заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 950 мингтадан ортиқ автомобиль бўлиб, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи компонентларнинг 98 фоизи Хитой етказиб берувчиларидан харид қилинади. Маҳсулотлар ички бозордан ташқари Европа, Жанубий Корея ва Австралияга экспорт қилинади.
Ишлаб чиқаришнинг кенгайиши маҳаллий бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчиларига буюртмаларни ошириши ва Хитойнинг Tesla экспорт маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаши мумкин.
Изоҳ қолдириш