Ўзбекистонда интернет хизматидан фойдаланувчилар сони 27,2 миллиондан ошди

Ўзбекистонда интернет хизматидан фойдаланувчилар сони 27,2 миллиондан ошди

Рақамли иқтисодиёт ривожланиши учун энг муҳим омиллардан бири телекоммуникация инфратузилмасининг барпо этишдир. Шу кунга қадар Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони 27 миллиондан ошди, шундан 25 миллиондан кўпроғи мобил интернет фойдаланувчилари ҳисобланишади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Аҳматовнинг маълум қилишича, 2021 йилда Телекоммуникация тармоғини ривожлантириш мақсадида 50 минг километр оптик-толали алоқа линиялари қурилиб, уларнинг умумий узунлиги 118 минг километрга етказилган. Бунинг натижасида аҳоли масканларининг 67 фоизига мазкур тармоқ кириб борган.

Таъкидланишича, оптик тармоқни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар келгуси йилларда ҳам мана шундай жадал суръатларда давом эттирилиши белгиланган.

“Аҳолига юқори тезликдаги интернет хизматларини кўрсатиш қурилмаларининг умумий сиғими 3,6 млн.га етказилди.

Бугунги кунда халқаро интернет тармоғига уланишнинг умумий ўтказувчанлик имкониятини 1 800 Гигабит/секундни ташкил этиб, 2022 йил якунига қадар ушбу кўрсаткични 3 200 Гигабит/секундгача кенгайтирилиши режалаштирилган”, дейди Ш.Аҳматов.

2021 йилда маълумотлар узатиш тармоғининг ўтказувчанлик қобилияти вилоят ва туман марказлари даражасида 1,5 баробарга ошган. Оператор ва провайдерларга Интернет хизматлари учун тариф ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 42,9 фоизга арзонлаштирилиб, 1 Мбит/с учун 30,0 минг сўмни ташкил этмоқда.

Бугунги кунга келиб 95 фоиз аҳоли масканлари мобил интернет билан қамраб олинган, 54 фоиз уй хўжаликларига юқори тезликдаги интернетга уланиш имкони яратилган.

“Мобил алоқа хизматларини ривожлантириш мақсадида мобил интернет тезлиги 1,5 баробар оширилди ва 2021 йилда 14 150 та қўшимча таянч станциялари ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 45 890 тага етказилди.

Шуни алоҳида қайд этишимиз керакки, бугунги кунда интернет хизматидан фойдаланувчилар сони 27,2 миллиондан ошган, шундан мобил интернет фойдаланувчилари сони 25,3 миллион кишини ташкил этмоқда”, дея сўзини давом эттирди АТКР вазирлиги ахборот хизмати раҳбари.

Шуни айтиб ўтиш керакки, республикада рақамли инфратузилмани жадал ривожлантириш, шаҳар ва қишлоқ ҳудудлари ўртасидаги “рақамли тафовут”ни бартараф этиш ҳамда тақдим этилаётган хизматлар сифатини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида, вазифалар белгилаб олинган.

Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятларида йирик маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш марказлари қурилади.

Республикада телекоммуникация операторларининг рақамли инфратузилмани ривожлантириш бўйича ишларини қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини имкон қадар мақбуллаштириш ва имтиёзлар бериш ишлари амалга оширилади.

Олиб кириладиган телекоммуникация ускуналари ва қурилмаларини, ноутбукларни божхона тўловларидан озод этиш, жалб қилинадиган чет эл кредитлари бўйича Давлат кафолатини бериш чоралари кўрилади.

Давлатимиз раҳбари томонидан ушбу йўналишга берилаётган эътибор бир мақсадга йўналтирилган – аҳолига сифатли ва замонавий телекоммуникация ва рақамли хизматларни кўрсатиш ҳамда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун барча имкониятлар яратилади.

Шунга кўра,телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантиришнинг қуйидаги асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди. Жумладан:

- халқаро маълумотлар узатиш каналининг ўтказувчанлик қобилияти 3,5 маротаба оширилади;

- 150 минг км оптик толали алоқа линиялари қурилиш ҳисобига маълумотлар узатиш тармоғи кенгайтирилади;

- халқаро ва давлат аҳамиятига молик автомобиль йўлларини мобил алоқа тармоқлари билан тўлиқ қамраб олишни таъминлаш;

- оптик толали алоқа линиялари барча аҳоли пунктларига етказилиб, уй хўжаликларининг камида 80 фоизи Интернетга кенг полосали симли уланиш имконияти билан таъминланади.

Телекоммуникация операторлари ва провайдерлари 2022 йил 1 январдан бошлаб Интернет жаҳон ахборот тармоғига кенг полосали уланиш тармоқларини лойиҳалаш ва қуришда қуйидагилар назарда тутиладиган бўлди:

- маъмурий бинолар ва кўп квартирали уйларни камида 1 Гигабит/секунд ўтказувчанлик қобилияти билан;

- таълим ташкилотлари, соғлиқни сақлаш муассасалари ва бошқа давлат ташкилотларини камида 100 Мегабит/с ўтказувчанлик қобилияти билан таъминлаш.

Бугунги кунда дунё тажрибаси аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлаш, улар учун қулайликлар яратиш ҳамда давлат хизматларидан тўсиқсиз, шаффоф ва адолатли фойдаланишда энг тўғри ёндашув Электрон ҳукумат эканлигини кўрсатмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар