Ўзбекистонлик ўқувчилар илк бор PIRLS халқаро баҳолаш дастурида қатнашади

Ўзбекистонлик ўқувчилар илк бор PIRLS халқаро баҳолаш дастурида қатнашади

PIRLS халқаро баҳолаш дастурида 60 дан ортиқ давлатлар қаторида илк бор Ўзбекистон ўқувчилари ҳам қатнашади.

«PIRLS бўйича Таълим соҳасидаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA) ҳамда PISA бўйича Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) билан ҳамкорликда республикамиздан тадқиқотларда иштирок этувчи мактаблар ва ўқувчилар тасодифийлик тамойиллари асосида танлаб олинди.

Жорий йилнинг апрель ойида бўлиб ўтадиган PIRLS тадқиқотларида Ўзбекистондаги 180 та мактабда таҳсил олувчи 5 948 нафар 4-синф ўқувчилари ҳамда уларнинг ота-оналари, мактаб директорлари ва синф раҳбарлари иштирок этиши кўзда тутилган бўлса, PISA тадқиқотининг тажриба-синов жараёнида 15 ёшли ўқувчиларнинг қатнашиши белгиланган», дейди Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи ўринбосари Одил Қўйсинов.

Ўқувчилар саводхонлигини баҳолаш бўйича PIRLS халқаро тадқиқоти қандай ўтказилади?

Ҳозирда инспекция ҳузуридаги Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш Миллий маркази томонидан ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида ўтказиладиган жараёнлар учун барча тадқиқот материаллари: баҳолаш дафтарлари ва сўровномалар тегишли тилларга мослаштирилган ҳолда таржима қилиниб, халқаро сертификациядан ўтказилган.

PIRLS асосий тадқиқоти қоғоз шаклида ўтказилади ва унда 4-синф ўқувчилари матнни ўқиб тушуниш даражаларини баҳоловчи тест топшириқларини бажаришади ҳамда таълимга қизиқишлари, уй ва мактаб шароитлари тўғрисидаги шахсий фикрларини намоён этувчи ўқувчи сўровномасини тўлдиришади.

Шунингдек, иштирокчи мактаблар раҳбарлари ва танланган синф раҳбарлари таълим муассасасидаги таълим муҳитини ўрганувчи мактаб ва ўқитувчи сўровномасини, ўқувчиларнинг ота-оналари ёки васийлари эса фарзандларининг таълим олиш шароитларини ўрганувчи уй сўровномасини тўлдиришади.

PISA халқаро тадқиқоти-чи, қайси фанлар бўйича ўқувчи саводхонлиги баҳоланади?

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) томонидан ташкил этиладиган PISA халқаро тадқиқот дастури умумий ўрта таълим тизимига оид таҳлилий ва қиёсий маълумотларни, шунингдек, мамлакатлар таълим сиёсатига оид қарорларни қабул қилишда муҳим маълумотларни тақдим этади. 2000 йилдан буён ҳар 3 йилда ўтказиб келинаётган PISA тадқиқоти 15 ёшли ўқувчиларнинг ўқиш, математика ва табиий фанлар йўналишлари бўйича саводхонлигини баҳолайди.

2018 йилги тадқиқотларда 79 та давлатдан 600 минг ўқувчи иштирок этган бўлиб, рейтинг бўйича энг юқори ўринларни Хитой ва Сингапур эгаллаган бўлса, Косово, Доминикан Республикаси ва Филиппин мамлакатлари охирги қаторлардан жой олган. Мазкур тадқиқотда OECD'га аъзо мамлакатларнинг ўқиш саводхонлиги бўйича энг яхши натижаларни Финляндия, Канада, Эстония ва Ирландия мамлакатлари ўқувчилари қайд этишган.

PISA тадқиқотининг тажриба-синов жараёни компьютерда электрон тарзда ўтказилади ва унда ўқувчилар математик, табиий-илмий, ўқиш саводхонлиги ва креатив фикрлашларини баҳоловчи тест топшириқлари бажаришади ҳамда юқорида таъкидланганидек ўқувчи сўровномасини шунингдек, танланган мактаб раҳбарлари мактаб сўровномасини тўлдиришади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар