Бир қарашда, ихтисослашган халқаро ташкилотга аъзолик тор профессионал масала бўлиб туюлиши мумкин. Бироқ Ўзбекистон учун мазкур воқеа анча кенг аҳамиятга эга. Пайвандлаш технологиялари замонавий саноатнинг деярли барча тармоқларида — машинасозлик ва энергетикадан тортиб, қурилиш, нефть-газ саноати, темир йўл транспорти ҳамда мураккаб ускуналар ишлаб чиқаришгача бўлган соҳаларда муҳим ўрин тутади. Шу боис пайвандлаш ишлари сифатини ошириш саноат маҳсулотлари ва инфратузилма объектларининг ишончлилиги ҳамда хавфсизлиги билан бевосита боғлиқ.
IIW аъзолигининг асосий афзаллиги — халқаро профессионал ва технологик экотизимга кириш имкониятидир. Ташкилот дунёнинг турли мамлакатларидаги мутахассислар, тадқиқотчилар, саноат ва таълим муассасалари вакилларини бирлаштиради. Шунингдек, билим ва тажриба алмашиш, пайвандлаш ҳамда материалларни бириктиришнинг илғор технологияларини ривожлантириш, халқаро стандартлаштириш, таълим, тайёргарлик, малака бериш ва сертификатлаштириш тизимларини такомиллаштиришга кўмаклашади.
Ўзбекистон учун бу кадрлар тайёрлаш ва касбий компетенцияларни шакллантиришда халқаро ёндашувларни янада кенг жорий этиш имконини беради. IIW доирасида International Welding Engineer (IWE), International Welding Technologist (IWT), International Welding Specialist (IWS), International Welding Practitioner (IWP) ва International Welding Inspector (IWI) каби халқаро малака тизимлари амал қилади. Бундай механизмлар мутахассисларнинг компетенцияларини халқаро талаблар даражасида шакллантириш ва миллий кадрларнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Бу, айниқса, саноат экспортини ривожлантириш нуқтаи назаридан муҳимдир. Маҳсулотларнинг пайвандланган бирикмалари сифати, ишлаб чиқариш жараёнлари ва ходимлар малакасининг халқаро талабларга мувофиқлиги қанчалик юқори бўлса, маҳаллий корхоналарнинг глобал ишлаб чиқариш занжирларига қўшилиши ҳамда йирик инфратузилма ва саноат лойиҳаларида иштирок этиши шунчалик осонлашади. Шу жиҳатдан, IIWга аъзолик Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари маҳсулотлари ва салоҳиятига бўлган ишончни ошириш воситаларидан бирига айланиши мумкин.
Яна бир муҳим йўналиш — мутахассисларни тайёрлаш ва сертификатлаштириш миллий тизимини ривожлантиришдир. IIW ходимларни ўқитиш, малакасини ошириш ва сертификатлаштириш бўйича халқаро даражада уйғунлаштирилган ёндашувларни, шунингдек, тегишли дастурларни амалга оширувчи миллий ташкилотларни авторизациядан ўтказиш механизмларини назарда тутади. Шу маънода, IIW аъзоси мақомининг олиниши мамлакатда халқаро малака бериш ва сертификатлаштириш миллий инфратузилмасини ривожлантиришнинг муҳим шарти ҳисобланади. Мазкур ташкилотда Ўзбекистоннинг миллий вакили сифатида Олмалиқ давлат техника институти расман тасдиқланди.
Технологик ҳамкорлик ҳам алоҳида аҳамиятга эга. IIWнинг ишчи тузилмаларида иштирок этиш миллий мутахассисларга халқаро экспертлар ҳамжамияти билан мулоқот қилиш, профессионал муҳокамаларда қатнашиш, илғор тажрибалар алмашиш ҳамда материалларни пайвандлаш ва бириктириш соҳасидаги замонавий билимлардан фойдаланиш имконини беради. Бу, айниқса, автоматлаштирилган, роботлаштирилган ва рақамли ишлаб чиқариш технологиялари жадал ривожланаётган шароитда долзарбдир.
Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг Халқаро пайвандлаш институтига аъзо бўлишини шунчаки навбатдаги халқаро ташкилотга қўшилиш сифатида баҳолаш тўғри эмас. Бу — саноатни технологик модернизация қилиш, кадрлар малакасини ошириш, халқаро сифат стандартларини жорий этиш ва мамлакатнинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим қадамдир. Узоқ муддатли истиқболда IIWга аъзолик Ўзбекистонда халқаро профессионал маконга интеграциялашган пайвандлаш технологиялари, таълим, малака бериш ва сертификатлаштиришнинг замонавий миллий тизимини шакллантиришга ҳисса қўшади.
Изоҳ қолдириш