ОДТИ талабалари «Ёзги университет – 2026»да “Энг илғор лойиҳа” номинацияси ғолиби бўлди

ОДТИ талабалари «Ёзги университет – 2026»да “Энг илғор лойиҳа” номинацияси ғолиби бўлди

Олмалиқ давлат техника институти талабалари Россия Федерациясининг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири — Сибирь федерал университетида ташкил этилган «Ёзги университет – 2026» халқаро дастурида иштирок этдилар. Танлов асосида саралаб олинган кончилик иши ва металлургия йўналишлари талабалари халқаро муҳитда таълим олиш, хорижлик талабалар билан тажриба алмашиш ҳамда замонавий билимларни эгаллаш имкониятига эга бўлдилар.

Ушбу дастурда Ўзбекистон, Беларусь, Қозоғистон, Хитой, Бразилия, Эквадор, Миср ва Чили сингари дунёнинг 20 та давлатидан 430 нафар талаба иштирок этди.

Дастурнинг асосий йўналишларидан бири «Тоғ-кон ва металлургия мажмуасида рақамли трансформация» курси бўлди. Унда талабалар геоахборот тизимлари, рақамли моделлаштириш, автоматлаштирилган ишлаб чиқариш, сунъий интеллект технологиялари ҳамда технологик жараёнларни симуляция қилиш бўйича назарий ва амалий билимларга эга бўлдилар. Шунингдек, ProCAST ва DEFORM-3D дастурларида ишлаш кўникмаларини ҳам ўзлаштирдилар.

Дастур доирасида иштирокчилар Россиянинг йирик саноат корхоналари — РУСАЛ Красноярск алюминий заводи, «Красцветмет» корхонаси ва Красноярск гидроэлектр станцияси фаолияти билан танишдилар. Амалий ташрифлар давомида улар рақамли бошқарув, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш, экологик хавфсизлик ва энергия самарадорлиги соҳаларидаги илғор ечимларни ўргандилар.

Шунингдек, инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва тақдим этиш бўйича халқаро хакатон ташкил этилди. Унда ОДТИ талабалари Ўзбекистонда барпо этилаётган атом электр станциясининг самарадорлигини оширишга қаратилган ғояларини тақдим этдилар.

Қувонарлиси, институт талабаларидан иборат “ЎзЯдро” жамоаси финал босқичида муносиб иштирок этиб, халқаро экспертлар томонидан “Энг илғор лойиҳа” номинацияси ғолиби деб эътироф этилди. Ушбу ютуқ талабаларнинг инновацион фикрлаши, жамоада ишлаш маданияти ва халқаро майдонда рақобатлаша олиш салоҳиятини яққол намоён этди.

Таълим жараёни билан бир қаторда ўтказилган маданий тадбирлар, экскурсиялар ва турли мамлакатлардан келган талабалар билан мулоқотлар иштирокчиларнинг дунёқарашини кенгайтириб, мулоқот кўникмаларини янада бойитди.

Халқаро дастурда иштирок этиш Олмалиқ давлат техника институти талабалари учун замонавий билим ва амалий тажрибани эгаллаш, шунингдек, халқаро ҳамкорлик муҳити билан яқиндан танишишда муҳим босқич бўлди. Бу каби дастурлар рақобатбардош, инновацион фикрлайдиган ва глобал меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган янги авлод муҳандисларини тайёрлашга хизмат қилади.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар