Ўзбекистоннинг давлат қарзи ЯИМга нисбати барқарорлашди

Ўзбекистоннинг давлат қарзи ЯИМга нисбати барқарорлашди

2022 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон давлат қарзи қолдиғи 26,3 млрд долларни ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 38,0 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Молия вазирлигининг «Ўзбекистон Республикаси давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳи»да эълон қилинган.

Ушбу қарздан, давлат ташқи қарзи — 23,6 млрд долларга, давлат ички қарзи эса — 2,7 млрд долларга тенг бўлди. Шунингдек, 2021 йил давомида давлат қарзи 2,9 млрд долларга ўсган.

Давлат қарзи 2021 йил давомида 2,9 млрд. долларга ошган бўлса-да, доллар ҳисобида ЯИМ тез суръатларда, яъни 9,4 млрд. долларга ўсгани туфайли давлат қарзининг ЯИМга нисбати 39 фоиздан 38 фоизгача пасайган.

2020 йилдан бошлаб янги жалб қилинадиган давлат ташқи қарзи миқдорларини қонуний чегаралаш амалиёти йўлга қўйилган. 2022 йил учун Ўзбекистон ҳукумати номидан ва Ўзбекистоннинг кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 4,5 млрд. доллар, Ўзбекистон номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажми 6,0 трлн. сўм миқдорида белгиланди.

2021 йилда давлат ташқи қарзи битимларига белгиланган лимит 5 млрд. доллар, Ўзбекистон номидан ва давлат кафолати остида имзоланган ташқи қарз битимлари ҳажми эса 4,92 млрд. доллар миқдорида қайд этилди.

Fitch Ratings агентлигининг қайд этишича, пандемиядан кейинги даврда қарзлар бўйича мақсадли чегараларга риоя қилиш амалиётининг шаклланиши ва бюджет консолидациясининг барқарор стратегиясини амалга ошириш давлат молияларини асосий қулай рейтинг омиллари сифатида сақлаб қолиш учун муҳим аҳамият касб этади.

2021 йилдан ички мажбуриятлар бўйича давлат кафолатларини бериш амалиёти тўхтатилди ҳамда давлат корхоналари ва банклари ўз лойиҳаларини молиялаштириш учун, трансформация жараёнларига мувофиқ, жаҳон молия бозорларида давлат кафолатисиз маблағ жалб қилишга ўтказилаётгани айтилди.

2019−2021 йилларда «Ўзсаноатқурилишбанк», «Миллий банк», «Ипотека банк» банклари ҳамда UzAuto Motors ва «Ўзбекнефтгаз» компаниялари томонидан умумий ҳажми қарийб 2 млрд долларлик маблағлар халқаро облигациялар чиқариш орқали жаҳон бозоридан жалб қилинди. Ушбу маблағлар таснифига кўра давлат қарзи саналмайди. Бироқ ушбу ташкилотлар давлат назорати остидаги банк ва корпорациялар ҳисобланади.

2021 йил якуни бўйича жами давлат ташқи қарзининг 25,2 фоизи ёки 5,9 млрд. АҚШ доллар давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга, 13,2 фоизи ёки 3,1 млрд. АҚШ доллар электр-энергетика соҳасига, 12,2 фоизи ёки 2,9 млрд. АҚШ доллар энергетика соҳасига, 11,0 фоизи ёки 2,6 млрд. АҚШ доллар
транспорт ва транспорт инфратузилмасига, 9,1 фоизи ёки 2,1 млрд. АҚШ доллар уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларига йўналтирилган маблағлар ҳиссасига тўғри келади.

Fitch Ratings агентлиги ўзининг янги ҳисоботида Ўзбекистон иқтисодиёти учун хатарлар мавжудлиги ҳақида огоҳлантириб, мамлакат иқтисодиётининг кредитлаш ҳисобига юқори ўсиш суръатлари активлар сифатининг ёмонлашуви ва банкларнинг ташқи молиялаштириш манбаларига қарамлигининг кучайиши каби рискларни келтириб чиқариши мумкинлигини маълум қилган эди.

Бундан ташқари, ташқи қарзга хизмат кўрсатиш ҳам ўсиб бораётгани қайд этилди. 2021 йил давомида давлат қарзига хизмат кўрсатиш жами харажатлари (давлат бюджети ва давлат корхоналари маблағларидан) 2,2 млрд долларни (2020 йилда 1,8 млрд доллар) ташкил этди. Мазкур даврда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари 917,6 млн долларга (2020 йилда 315,9 млн доллар) тенг бўлди.

Шунингдек, Ўзбекистон давлат қарзи даражаси бўйича ЯИМга нисбатан 38,9% кўрсаткич билан энг хавфсиз кўрсаткични қайд этган мамлакатлар қаторидан жой олгани маълум қилинганди.

Ўзбекистон давлат қарзи 2021 йилнинг 1 октябрь ҳолатига 25,3 млрд долларни (ЯИМга нисбатан 38,4%) ташкил этган эди. Молия вазирлигининг 2022 йилги «Фуқаролар учун бюджет» лойиҳасида 2022 йил якунига умумий давлат қарзи 33,5 млрд доллар ёки ЯИМга нисбатан 45,2% ни ташкил этиши прогноз қилинган. 2022 йилда кутилаётган бюджет тақчиллигининг 66%и ташқи манбалар ҳисобидан қоплаш мўлжалланган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар