Молия вазирлигининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, 2021 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган қарз қолдиғи (давлат қарзи) 23,3 млрд. доллар эквивалентини ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 40,4 фоизни ташкил этди.
Хусусан, 2020 йил якунига кўра давлат ташқи қарзи 5,4 млрд. долларга ёки йил бошига нисбатан 34,4 фоизга ошиб, 2021 йил 1 январь ҳолатига 21,1 млрд. долларга ёки ЯИМга нисбатан 36,5 фоизга етди.
Ўзбекистон Республикаси давлат ташқи қарзининг ҳажми 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига 21,1 млрд. доллар ёки ЯИМга нисбатан 36,5 фоизни ташкил этди.
Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилинган ташқи қарз – 15,1 млрд. доллар эквиваленти ёки жами давлат ташқи қарзининг 71,4 фоизи;
Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида жалб қилинган ташқи қарз – 6,0 млрд. доллар эквиваленти ёки давлат ташқи қарзининг 28,6 фоизи.
Хусусан, давлат ташқи қарзининг асосий қисми Осиё тараққиёт банки (5,0 млрд. доллар), Жаҳон банки (3,7 млрд. доллар) ва Ислом тараққиёт банки (0,9 млрд. доллар) ҳиссасига тўғри келади.
Ўзбекистон Республикаси давлат ташқи қарзи портфели валюта таркибининг 70,0 фоизи - доллар, 11,3 фоизи - япон иенаси, 9,5 фоизи – SDR (махсус қарз олиш ҳуқуқлари), 5,1 фоизи – евро, 4,1 фоизи - бошқа валюталардаги ташқи қарз ҳиссасига тўғри келади.
Хусусан, 2020 йилнинг якуни бўйича жами давлат ташқи қарзининг 17,5 фоизи ёки 3,7 млрд. доллар давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга, 12,4 фоизи ёки 2,6 млрд. доллар энергетика соҳасига, 13,7 фоизи ёки 2,9 млрд. доллар электр-энергетика соҳасига, 11,5 фоизи ёки 2,4 млрд. доллар транспорт ва транспорт инфратузилмасига, 11,0 фоизи ёки 2,3 млрд. доллар уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларига йўналтирилган маблағлар ҳиссасига тўғри келади.
2020 йилнинг якунида давлат қарзига хизмат кўрсатиш жами харажатлари (давлат бюджети ва давлат корхоналари маблағларидан) 1,8 млрд. долларни ташкил этди. Шундан, давлат ташқи қарзи – 1,1 млрд. долларни ташкил этиб, асосий қарз тўловлари – 656,5 млн. доллар, фоиз тўловлари – 405,1 млн. долларни ташкил этмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг давлат ички қарзи – 666,9 млн. долларга етиб, асосий қарз тўловлари – 515,5 млн. долларни, фоиз тўловлари – 151,4 млн. долларни ташкил этмоқда.
Изоҳ қолдириш