«Ўзэкспомарказ»да «ИННОПРОМ». Ўзбекистонда катта саноат ҳафталиги» халқаро саноат кўргазмаси бўлиб ўтмоқда (+фото)

«Ўзэкспомарказ»да «ИННОПРОМ». Ўзбекистонда катта саноат ҳафталиги» халқаро саноат кўргазмаси бўлиб ўтмоқда (+фото)

2021 йилнинг 5 апрель куни Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар маркази майдонида илк бор “ИННОПРОМ”. Ўзбекистонда катта саноат ҳафталиги” халқаро саноат кўргазмаси бошланди.

Кўргазмада ва бизнес-дастурда Арманистон, Беларусь, Германия, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Ўзбекистон, Франция, Чехия ва Япониянинг 300 дан ортиқ саноат компаниялари ва ишбилармонлар делегациялари иштирок этмоқда. Тадбир Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ташкил этилди. Шунингдек, тадбирда "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси корхоналари томонидан ҳам маҳсулотлар стенди ташкил этилган.

Маҳаллий маҳсулот билан мамлакатимизда фаолият юритувчи вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда хорижий делегатлар ҳам қизиқишмоқда.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – иштирокчи мамлакатлар ва компаниялар ўртасида саноат кооперациясини кенгайтириш, саноатни ривожлантириш ва қўшма корхоналар ташкил этишнинг янги имкониятларини аниқлашдан иборат. Кўргазманинг асосий бўлимлари: транспорт ва энергетика машинасозлиги, саноат АТ, шаҳарлар учун технологиялар, тиббий асбоб-ускуналар ва фармацевтика, металлургия ва материаллар, пластмасса ва каучуклар.

“ИННОПРОМ”. Ўзбекистонда катта саноат ҳафталиги” халқаро саноат кўргазмаси 7 апрелга қадар давом этади. 7 апрель куни “ИННОПРОМ” бизнес дастури “Олий Иқтисодиёт мактаби” ИТУ кўмагида ўтади ва унда асосий эътибор Ўзбекистоннинг йирик университетлари талабалари учун илғор саноат ишлаб чиқаришнинг энг долзарб мавзуларини ёритишга бағишланган тадбирларга қаратилади.

Маълумот учун, Россиянинг “ИННОПРОМ” саноат кўргазмаси 2010 йилдан бошлаб Екатеринбургда ҳар йили ўтказиб келинмоқда. Кўргазма майдони 50 000 квадрат метр бўлиб, у “Екатеринбург ЭКСПО” халқаро кўргазмалар мажмуасининг 4 павильонини эгаллайди. Ҳар йили кўргазмада 600 тадан ортиқ экспонентлар намойиш этилади ҳамда дунёнинг энг йирик компаниялар: «Siemens», «FANUC», «Mazak», «Rittal», «KUKA», «Yaskawa», «Volvo», «SAP», «Dassault Systemes», шунингдек, етакчи Россия ишлаб чиқарувчилари – “Ростех” давлат корпорацияси, “Синара” гуруҳи, ЧҚПЗ, “Росатом” давлат корпорацияси, УТМК, “SOLLERS”, “КАМАЗ” ва бошқалар иштирок этади. Кўргазмага ҳар йили 70 мамлакатдан ўртача 50 мингга яқин меҳмон ташриф буюради.

Кўргазманинг асосий бўлимлари: автоматика ва робототехника, машинасозлик, металлга ишлов бериш, аддитив технологиялар, транспорт машинасозлиги, энергетика, тиббиёт ускуналари.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар