Пандемия кризиси шароитида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўналишлари

Пандемия кризиси шароитида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўналишлари

Пандемиянинг глобал иқтисодиётга таъсири

Коронавирус Covid-19 пандемияси ижтимоий соҳа ҳамда иқтисодиёт тармоқларини жиддий синовдан ўтказмоқда. Шу билан бирга, пандемия даврида “Буюк ёпилиш” атамаси билан кириб келган иқтисодий инқироз халқаро хўжалик алоқаларида “қиймат занжирлари”ни узилиши билан бирга хизмат кўрсатиш ва сервис тармоқларига ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатиб Жаҳон иқтисодиётининг рецессиясини бошлаб берди[1].

Бу инқирознинг ўзига хос томони шундаки – унда ҳам талаб, ҳам таклиф инқирози билан бирга тарихдаги энг катта ишсизлик муаммоси кузатилмоқда.

Бунга қуйидаги омиллар сабаб бўлди:

биринчидан, талаб инқирози – жаҳон аҳолисининг 80%и карантинга тушиши натижасида товар (асосан узоқ муддатли истеъмол товарлари) ва хизматлар истеъмоли пасайиши;

иккинчидан, йирик иқтисодиётларда ялпи талаб тушиши натижаси ЯИМнинг ўсиш суръатлари 5-10% пасайди. Goldman Sachs прогнозларига кўра, 2020 йилда АҚШда ЯИМ -6%га, Хитой ЯИМ -9%га тушиши;

учинчидан, йирик иқтисодиётлардаги иқтисодий муаммолар кетидан ривожланаётган давлатларда ҳам иқтисодий муаммолар келиб чиқа бошлади. Бу муаммолар асосан, 2020 йил февралидан бошлаб жаҳон бозорларида кузатилаётган хомашёлар нархларининг пасайиши, хусусан нефть нархининг охирги 18 йиллик минимумдан пасайиб кетганлиги, хомашё экспортига асосланган иқтисодиётларга салбий таъсири сезиларли бўлмоқда (The Economist 2020a; CNN 2020);

тўртинчидан, пандемия шароитида қўлланилаётган чекловлар аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш билан боғлиқ харажатларни деярли деярли барча давлатларда ошиб кетишига олиб келди.

Ўзбекистон иқтисодиётидаги ўзгаришлар

Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси ЯИМ жорий йилнинг 1-чорагида 4,1% га ўсди (ўтган йилнинг шу даврида 5,3%). Ташқи савдо айланмаси 10,2% га камайди[2]. Аммо бу кўрсаткичларда карантин чораларининг қўлланилиши таъсири минимал бўлди. Чунки коронавирус биринчи чорак тугашига икки ҳафта қолганида аниқланди ва карантин тадбирлари 16 мартдан 6 апрелгача мамлакат бўйлаб босқичма-босқич жорий этилди.

Агар ташқи савдо айланмаси йил бошидан буён Хитой ва Европада эпидемия таъсирида салбий таъсир кўрсатган бўлса, унда барча савдо объектларини ёпиш (озиқ-овқат дўконлари ва бозорлардан ташқари), умумий овқатланиш ва хизматлар, мамлакат ичидаги транспортда қатъий чекловлар ва бошқа мамлакатлар билан авто, ҳаво ва темир йўл алоқаларининг тўхтатилиши ички талабнинг пасайишига олиб келди.

Ички талабни қўллаб-қувватлаш учун 14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаш ставкасини 16% дан 15% га туширди. Бу сўнгги 5 йил ичида қайта молиялаш ставкасининг илк марта пасайтирилиши бўлди[3].

Биринчи чоракда ЯИМ ўсишининг пасайиши ҳам ўтган 3 йил мобайнида Ўзбекистон иқтисодиёти жаҳон иқтисодиётига янада фаол интеграциялашганини кўрсатди.

Сўнгги йилларда хизмат кўрсатиш соҳасининг юқори кўрсаткичларда ўсиб бориши ЯИМ тузилмасидаги улушини ҳам ошишига олиб келди. Ўзбекистон Республикаси давлат статистика қўмитасининг ҳисоботига кўра, 2019 йил якунларига кўра ЯИМда хизматлар 35,5%, саноат 30%, қишлоқ хўжалиги 28,1%, қурилиш 6% ни ташкил этди[4]. Демак хизмат кўрсатиш соҳасидаги оғир вазият иқтисодий ўсиш суръатларига жиддий таъсир кўрсатади.

Иқтисодий инқирознинг аҳоли бандлигига таъсири

Халқаро меҳнат ташкилотининг 2020 йил 1 чорак якуни бўйича эълон қилган мониторинг натижаларига кўра, апрель ойининг бошига келиб Covid-19 пандемияси таъсирида глобал миқёсда 2,7 млрд иш ўринларининг тўлиқ ёки қисман ёпилишига олиб келди, бу эса жаҳондаги иш билан банд аҳолининг 81 %ига таъсир қилди[5].

Жаҳонда камбағал аҳоли сони қарийб 2 бараварга ёки 500 миллион кишига кўпайиш хавфи юзага келмоқда.

Буларнинг натижасида иш ўринлари сони қисқариши, ишлаб чиқариш қувватларининг қисман ёки тўлиқ тўхталиши, масофадан ишлаш тамойиллари жорий этилиши натижасида меҳнат унумдорлиги пасайиши кузатилмоқда.

Айниқса, туризм, сайёҳлик, меҳмонхона ва транспорт хизматлари энг катта йўқотишларга дуч келди. Йўқотишларнинг ҳажмини йирик авиакомпанияларнинг акциялари қиймати 50 фоизга пасайганлигида ҳам кўриш мумкин.

Иқтисодий инқирозлар асоратларини юмшатишда қайси иқтисодий сиёсат дастакларидан фойдаланиш мумкин?

Дарҳақиқат, дунёда қайси соҳани олмайлик, глобал инқироз иш ўринларини қисқаришига кескин таъсир кўрсатмоқда. Аксарият сиёсатчилар постпандемик даврда иқтисодиётни тиклаш бўйича зудлик билан амалга ошириши лозим бўлган чора-тадбирлар, айниқса, иқтисодиётнинг йирик тармоқлари, ҳаётий муҳим бўлган соҳалар ва аҳолининг аксарият қисми банд бўлган тадбиркорлик соҳаларини ҳимоя қилиш бўйича жиддий изланишлар олиб борилмоқда.

Назарий жиҳатдан иқтисодий сиёсатнинг роли, ташқи, қарз олиш ва суғурта етишмовчилиги каби экстерналиялардан (ташқи таъсирдан) ҳоли шароитда Covid-19нинг катта зарарли таъсири фақат қисқа муддатли V шаклидаги рецессияни келтириб чиқаради. Бунда иш ўринлари ва ишлаб чиқариш камайиши билан ЯИМ пасаяди. Касалликнинг тарқалишини чеклаш бўйича чора-тадбирларга риоя қилиш учун уларнинг иқтисодий фаолияти, аммо кейин ишсизлик ёки бизнес ёпилмасдан, сақлаш сиёсати тугаши билан ҳамма нарса нормал ҳолатга қайтади. Иқтисодиёт бир мунча вақт юқорироқ кўрсаткичларга эришиши мумкин. Чунки узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар ва хизматларга бўлган талаб қондирилди.

Aммо амалиётда Covid-19 узоқ давом этадиган чуқур турғунлик ва кескин иқтисодий ўзгарувчанликни келтириб чиқариши мумкин (Фурман 2020). Макроиқтисодий сиёсатнинг мақсади ушбу қисқа муддатли V шаклидаги турғунликни репликация қилишга ҳаракат қилиш, ташқи талаблар ва молиявий чекловларни юмшатиш, салбий зарбаларнинг таъсирини камайтиришга ёрдам берадиган монетар ва фискал воситалардан фойдаланиш (Бернанке 2020; Блиндер ва Занди 2015; Гали ва Гамбетти 2009).

Сўнгги эмпирик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, хусусий истеъмол давлат харажатлари ҳисобига рағбатлантирилади ва бу далил мавжуд макроиқтисодий назарияга зиддир. Унга кўра давлат харажатларининг ўсиши (солиққа асосланган) истеъмолни камайтириши керак (Bouakez & Rebei, 2003). Векторли авторегрессия (ВАР)га асосланган сўнгги эмпирик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, давлат харажатларининг кўпайиши хусусий истеъмолнинг сезиларли ва доимий ўсишига олиб келади ва улар иқтисодий тараққиётга олиб келади (Gali, Lopez-Salido & Valles, 2007; Okubo, 2003; Perotti, 2002).

Агар ҳукумат харажатларни ссудалар билан молиялаштирса, хусусий истеъмол ҳажми ҳам ошиши мумкин. Аммо келажакда ҳукумат олинган ташқи қарзларни сўндириб бориши ва/ёки солиқларни ошириши керак, шунинг учун бу ижобий корреляцияни узоқ муддатда қўллаб-қувватлаб бўлмайди.

Шунингдек, хусусий сектор орқали маблағларни тарқатиш давлат давлат ташкилотлари орқали тақсимлашдан кўра унумлироқ. Буни Марказий ва Шарқий Европа мамлакатларида ўтказилган кенг миқёсли тадқиқотларда кўриш мумкин[6].

Хусусан, Руминиядаги ялпи истеъмол ва ялпи ички маҳсулот ўртасида ижобий боғлиқлик борлиги аниқланди. Шу билан бирга, хусусий истеъмол ва ЯИМ ўртасидаги боғлиқлик кучли, давлат истеъмоли ва ЯИМ ўртасидаги боғлиқлик эса кучсиз эканлиги исботланди.

Марказий ва Шарқий Европанинг 11 мамлакати учун ишлаб чиқилган тадқиқотда, Гозгор (2013) фақат Хорватия ва Словенияда молия ва бюджет сиёсати узоқ муддатли истиқболда хусусий истеъмолга таъсир кўрсатишини кўрсатган бўлса, бошқа 9 та давлатида таъсир кучи вақтинчалик бўлган.

Кўплаб кузатувчилар ҳозирги кунда энг яхши рағбатлантириш тури бу уй хўжаликларининг айниқса, пулни сарфлаш эҳтимоли кўпроқ бўлган қатламига, яъни иш жойи ёки даромадлари йўқотган кам таъминланганлар ва ўзини ўзи иш билан таъминлаганлар учун деб ҳисоблайдилар.

2020 йил 10 апрель ҳолатига жами 51 та мамлакат томонидан меҳнат бозорини қўллаб-қувватлаш 74 та дастур ишлаб чиқилди[7].

Меҳнат бозорини қўллаб-қувватлаш чоралари

74

Иш ҳақини компенсациялаш

45

Меҳнатга лаёқатли аҳолини касбга ўқитиш

12

Янги иш ўринлари яратиш ва ўзини-ўзи банд қилиш бўйича қўйилган чекловларни соддалаштириш

14

Иш куни давомийлигини қисқартиш

3

Ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастурлари

127

Иш ҳақи сақланган таътил бериш

37

Тиббий суғурталаш

7

Пенсия

21

Ижтимоий суғурта тўлови муддатини узайтириш

27

Ишсизлик нафақасини тайинлаш

35

Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлари орқали жами 312,4 минг киши иштирок этган аноним сўровнома натижаларига асосан фуқароларнинг 21 %и вақтинча ишини йўқотган, 7 %и ўз ҳисобидан меҳнат таътилида, 7 %и ҳақ тўланадиган меҳнат таътилида, 18 %и уйда масофадан туриб ва 21 %и ишхонага қатнаб ишлаётганлигини билдиришган[8].

Республикадаги мавжуд карантин режими туфайли жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларидан тушумлар 3 баробарга, ЯТТларнинг қатъий белгиланган солиғи бўйича тушумлар 84 фоизга камайган[9].

Кичик бизнес соҳаларида кўплаб ишчилар даромад манбаидан айирилгани ва ишдан бўшатилишлари кузатилмоқда. Бу вазиятда иқтисодиётнинг бир қатор тармоқлари бўйича корхоналар ва аҳолининг тўлов қобилиятига жиддий таҳдид солувчи омиллар юзага келмоқда. Хусусан, норасмий секторда банд бўлганлар айниқса, энг заиф ва ҳимояланмаган қатлам бўлиб қолди.

Кризиснинг норасмий секторда бандларга салбий таъсири

Жорий қилинган карантин чоралари таъсирида энг қаттиқ зарба берган соҳаларда норасмий иш банд бўлган қарийб 1,6 млрд нафар ишчиларга жиддий таъсир қилган.

Кризиснинг биринчи ойида норасмий иш билан банд аҳолининг тахминан 60 %ида даромадлар пасайган. Ушбу кўрсаткич Африка ва Лотин Америкасида 81 %га тушган.

Аҳоли табақалари кесимида эса 82 % паст ва ўрта даромадли қатлам вақтллари, 28 %и эса юқори даромад қиладиганларга тўғри келган. Юқори даромадли давлатларда бу кўрсаткич 76 %ни ташкил этган.

Халқаро меҳнат ташкилоти кичик бизнесда ва ўзини ўзи банд қилган аҳолини, айниқса, норасмий иқтисодиётда ишлаётганларни ҳимоя қилиш учун шошилинч ва муҳим сиёсат чораларини кўришга чақирмоқда[10].

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг расмий маълумотларига кўра бугунги кунда Ўзбекистон меҳнат бозорида 13,5 млн киши банд бўлиб, улардан 5,7 млн киши расмий ва 7,8 млн киши норасмий секторда, шу жумладан, 2,6 млн киши меҳнат мигранти сифатида меҳнат қилмоқда[11].

Жаҳон банки томонидан берилган маълумотларга кўра Covid-19 пандемияси ва қўлланилган карантин чоралари таъсирида юзага келган иқтисодий инқироз туфайли, пул ўтказмаларининг умумий ҳажми 20%га кескин тушади[12]. Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сонидан келиб чиқадиган бўлсак бу кўрсаткич 500 мингдан кўпроқ киши коронавирус пандемияси таъсирида доимий иш жойларига кетолмай қолиш эҳтимоли юқори.

Манба: Давлат статистика қўмитаси маълумотлари

Аксарият ҳолларда норасмий секторда бандлар кўрсаткичи қишлоқ жойларида кўпроқ бўлиши ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда ҳам кўриниб турибди.

Манба: Давлат статистика қўмитаси маълумотлари

Ўзбекистонда давлат томонидан амалга оширилаётган чораларнинг самараси

Кўрилган чоралар натижасида Ўзбекистонда Covid-19 вирусидан зарарланганлар орасида ўлим даражаси 0,4% ни ташкил этмоқда. Ўзбекистонда касалликдан даволанаётганлар ҳам, касалликда гумон қилинганлар ҳам, карантинда сақланаётганларнинг барчаси бепул, давлат бюджети ҳисобидан даволанмоқда.

21 апрелдан бошлаб коронавирус билан касалланишлар сони кунлик статистикада тузалганлар сони касалланганлар сонидан ошаётганлиги қабул қилинган қарорлар ва кўрилган чораларнинг самарали эканлигидан далолат беради.

Карантин даврида Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ва Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан, 141 минг 800 нафар ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланиб, уларга 43 миллиард 225 миллион сўм иш ҳақи тўлаб берилди.

Таъкидлаш жоизки, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш – бу янги иш ўринларини яратиш, бозорда талаб ва таклифни шакллантириш, пировардида иқтисодий ўсишни таъминлаш учун катта имконият ва захира ҳисобланади.

Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун қонуний фаолият юритиш учун қулай ва содда ҳуқуқий тизим яратиш.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигада 22 ва 24 апрель кунлари ўтказилган видеоселектор мажлисларида[13][14] карантин даврида аҳоли бандлиги ва даромади кескин камайишини олдини олиш бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди:

  • ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун фаолият турлари рўйхатини кенгайтириш ва қонунчиликда тақиқланмаган барча тадбиркорлик шаклларига рухсат бериш (ҳозирда 85 та фаолият турига рухсат берилган);
  • аҳоли бандлигини таъминлашдаги муҳим бўлган сервис соҳасини ривожлантириш (овқатлар ва товарларни уйга етказиб бериш, кўчма савдо ва хизматларни ташкил этиб, бу корхоналарнинг камида 70 фоизини бемалол ишлатса бўлади);
  • онлайн ишласа бўладиган соҳаларга максимал имкониятлар яратиб бериш;
  • товарларни бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотишни рағбатлантириш;
  • етказиб беришни йўлга қўйган тадбиркорлик субъектларига фаолият юритиш учун шароит яратиб бериш;
  • уй-жойларни ремонт қилиш ҳамда автотранспорт, маиший техника ва бошқа товарларга кредитлар беришни кенгайтириш;
  • қишлоқ хўжалиги кооперативларини қўллаб-қувватлаш орқали мавсумий ишларга аҳолини кенг жалб қилиш;
  • фермер хўжаликлари томонидан дала томорқаларида экин экишга аҳолига ёрдам бериш;
  • “оборот”дан чиққан ерларни ўзлаштириб, кооперативларни ташкил қилиш;
  • аҳоли хонадонларида иссиқхоналарни ишга тушириш;
  • ўзлаштирилмаган ерларни учун суғориш тизимини йўлга қўйиш орқали янги майдонлар ташкил этиш ва қўшимча иш ўринлари яратиш;
  • ижтимоий хизмат турларини кенгайтириш асосида янги иш ўринларини яратиш (жамоат жойларини дезинфекциялаш, қариялар, ногирон ва ўзгаларнинг ёрдамига муҳтож шахсларни парваришлаш ва бошқалар).

Энг асосийси, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун фақат хабардор қилиш орқали рўйхатдан ўтиб ишлаш механизмини жорий этиш бўйича ўта долзарб ва муҳим бўлган топшириқ берилди. Мазкур топшириқ билан узоқ вақт мобайнида норасмий секторда банд бўлган аҳолини давлат рўйхатига олиш тизимини кескин соддалаштириш, бунда кундалик ҳунари билан аҳолига маиший хизмат кўрсатаётган фуқаролардан умуман солиқ ундирилмаслиги белгиланди. Мазкур ташаббус шу кунгача меҳнат бозорини ривожлантириш бўйича қилинган энг самарали ислоҳотлардан бири сифатида эътироф этиш лозим.

Карантин даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини марказлашган ҳолда қўллаб-қувватлаш

Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектлари ва маҳалла институтини кенг жалб қилиш амалиёти ҳам самарали ташкил этилганини таъкидлаш жоиз. Юзага келган вазиятда қисқа муддатда барча критик ресурсларни жамлаш ва уни марказлаштирилган ҳолда аҳолига самарали тарзда етказишда авваламбор энг заиф қатламлар, ишсиз қолганлар, даромад манбаидан айрилганлар ва бошқа қатламалар чекловларсиз хавфсиз ёрдам бериш тизими йўлга қўйилди.

Бунда нафақат давлат идоралари балки кўп сонли кўнгиллилар, хомийлар ва тадбиркорлик субъектларининг биргаликдаги фаолиятини мувофиқлаштирувчи марказ ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди. Тошкент шаҳрида ва ҳудудларда озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни қабул қилиш ва сақлаш учун махсус павильонларда ёрдам олишнинг аниқ тизими ишга туширилди.

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг расмий маълумотига кўра 11 майга қадар 1197 қисқа рақамига мурожаат орқали жами 378,813 та хонадонга асосий озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди[15]. Ўзбекистонда оилалардаги аҳоли сони ўртача 5,6 киши ташкил этишини ҳисобга олганда жами 2,1 млн.га яқин аҳоли энг керакли бўлган маҳсулотларга эҳтиёжини қондириш имконига эга бўлмоқда.

Ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳудудий ташаббуслар

Карантин даврида аҳолини фаол иш билан банд қилиш мақсадида ҳудудларда тадбиркорлар, фермерлар ва банклар томонидан бир қатор ташаббуслар ишлаб чиқилмоқда:

  • камбағал оилаларга томорқада экин экишга ёрдамлашиш, уларга қорамол ва парранда тарқатиш ҳамда касаначиликни йўлга қўйиш;
  • Тошкент шаҳрида хусусий банклар туманларга бириктирилиб тадбиркорликни ривожлантиришга кўмак бериш;
  • карантинга қадар ишсиз бўлган ва кунлик даромад асосида яшаб келган кўплаб фуқаролар фаол меҳнат орқали иш билан таъминлаш;
  • барча ҳудудларда сервис соҳасини ривожлантириш;
  • ишлаб чиқарувчи корхоналарга товарларини аҳолига бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотишни рағбатлантириш;
  • тижорат банклари аҳолига уй-жойларни ремонт қилиш ҳамда автотранспорт, маиший техника ва бошқа товарларга кредитлар беришни кенгайтириш;
  • онлайн технологиялар орқали ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун даромадларини олиш учун зарур шарт-шароит ва енгилликлар яратиш;
  • оилавий ва уй шароитидаги ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича имтиёзлар бериш ва маҳсулотларини сотишга кўмаклашиш.

Таклиф этилган ташаббуслар ҳар томонлама самарали бўлиши учун, инқироздан кейинги даврда иқтисодий жиҳатдан барқарор ва янада кучли бўлиш учун аҳоли, давлат ва бизнес ўртасида узвий алоқалар янада мустаҳкамланиши, ўзаро ишонч ошиши, бизнеснинг ижтимоий масъулияти ошиши ижобий самара бериши кутилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, коронавирус пандемияси даврида аҳолини ижтимоий ва тиббий муҳофаза қилиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси биринчи навбатда аҳоли саломатлигига энг катта устуворлик берилгани ва бу бўйича барча имкониятлар тўлиқ сафарбар этилганлиги натижада қисқа муддатларда карантин чораларини босқичма-босқич бекор қилинишига эришилди.

Шу билан бирга, иқтисодиётнинг ва барча тармоқлари, банклар, ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятини таъминлаш бўйича кўплаб замонавий ва самарали механизмлар ишлаб чиқилди. Аҳолини ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш чоралари тизимлаштирилган ҳолда йўлга қўйилди. Иқтисодий фаол аҳолининг барча қатламлари учун кенг кўламли қўллаб-қувватлаш чораларининг жорий этилиши пандемиядан кейинги даврда миллий иқтисодиётимизнинг барча тармоқлари барқарорлигини таъминлаш билан бирга жорий этилаётган енгилликлар, имтиёзлар ва ташаббуслар эвазига рақобатбардошликни ошириш имконини беради.

М. Холмухамедов

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

[1] https://www.coindesk.com/the-great-lockdown-imf-confirms-global-recession

[2] https://stat.uz/ru/press-tsentr/novosti-komiteta/8359-proizvodstvo-valovogo-vnutrennego-produkta-6

[3] https://cbu.uz/oz/press_center/releases/214554/

[4] https://stat.uz/ru/press-tsentr/novosti-komiteta/8359-proizvodstvo-valovogo-vnutrennego-produkta-6

[5]https://www.ilo.org/wcmsp5/groups/public/@dgreports/@dcomm/documents/briefingnote/wcms_740877.pdf

[6] Magdalena Radulescu, Luminita Serbanescu & Crenguta Ileana Sinisi (2019) Consumption vs. Investments for stimulating economic growth and employment in the CEE Countries – a panel analysis, Economic Research-Ekonomska Istraživanja

[7] https://forbes.uz/process/economy/otvetnaya_politika_po_sotsialnoy_zaschite_vo_vremya_covid-19/

[8] https://t.me/davletovuz/8562

[9]https://kun.uz/news/2020/04/18/karantin-tufayli-soliq-tushumlari-qanchaga-kamaygani-malum-boldi

[10]https://www.ilo.org/wcmsp5/groups/public/---dgreports/---dcomm/documents/briefingnote/wcms_743146.pdf

[11] https://mehnat.uz/uz/news/2019-yilda-uzbekistonning-ishsizlik-darazhasi-qancha

[12]https://www.worldbank.org/en/news/press-release/2020/04/22/world-bank-predicts-sharpest-decline-of-remittances-in-recent-history

[13] https://president.uz/uz/lists/view/3515

[14] https://president.uz/uz/lists/view/3517

[15] https://t.me/mahallavaoilainfo

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар